Ўзбекистон боксчилари Малайзиядаги профессионал аренада рақиблари устидан муддатидан олдин ғалабага эришди.
7 январь куни Жоҳорда (Малайзия) Johor International Boxing Championship 2017 (JIBC) профессионал бокс кечаси бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик икки нафар профессионал боксчи — Қудратулла Абдуқаҳҳоров ва Азизбек Абдуғафуров рингга кўтарилди, деб хабар бермоқда Asian Boxing нашри.
JIBC`да Сингапул, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Таиланд, Филиппин ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.
23 ёшли Қудратулла Абдуқаҳҳоров (9−0−0, 5 КО) 2015 йил октябрида ўз дебютини бошлаган бўлиб, тўққизинчи жангини олиб борди. Унга 28 ёшли филиппинлик Ромео Жакосал (18−14−1, 10 КО) рақиблик қилди. Ўзбекистон боксчиси рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва бешинчи раундда уни техник нокаутга учратди. Абдуқаҳҳоровнинг келгуси жанги 10 февраль куни бўлиб ўтади. Унда Жанубий Африка Республикасининг энг яхши боксчиларидан бири, Халқаро бокс ташкилоти талқини бўйича жаҳон чемпиони Тсико Муловхедзи (11−7−3, 6 КО) билан беллашади. 25 мартда эса World Boxing Council кумуш чемпионлик титули учун Зимбабве вакили Чарльз Манючи билан жанг қилади.
Қудратулла Абдуқаҳҳоров BoxRec -профессионал боксчилар рўйхатини юритиш ва янгилаб боришга ихтисослашган нуфузли Британ нашри рейтингига кўра, вазн тоифасидан қатъи назар Ўзбекистоннинг энг яхши профессионал боксчиси ҳисобланади. Андижоннинг Қўрғонтепасидан бўлган боксчи World Boxing Federation, ёшлар ўртасидаги World Professional Boxing Federation ва 66,7 кг гача ярим ўрта вазнда Осиёнинг Asian Boxing Council талқинлари бўйича ҳам чемпионлик титулига эгалик қилади.
24 ёшли Азизбек Абдуғафуров (4−0−0, 4 КО) ўзининг сўнгги жангида 72,6 кг гача ўрта вазнда WBC талқини бўйича Осиё чемпиони камарини ютиб олди. У 34 ёшли индонезиялик Александра Бажавага (41−3−4, 14 КО) қарши рингга кўтарилди. Абдуғафуров рақибини иккинчи раунддаёқ мағлуб этди. Ўзбек боксчиси 10 февраль куни таиландлик боксчи Сиримонгокол Сингвангчей (91−2−0, 57 КО) билан жанг олиб боради.