Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Темурхўжа Абдуҳолиқов: "Терма жамоадан таклиф олдим, аммо боролмайман..."

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионатининг ўтган йилги тўпурари ва энг яхши ўйинчиларидан бири бўлган ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқовнинг фаолиятида янги саҳифа очилди. У энди Қатарнинг “Ал Сайлия” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Айтиш керакки, Қатар юлдузлар лигасида иштирок этувчи ушбу клуб анча обрўли ҳисобланади. Албатта, Абдуҳолиқовнинг “Локо”дан кетиши кутилмаганда содир бўлди. Чунки у ўз жамоаси билан Дубайдаги йиғинда одатдагидек тайёргарлик кўраётганди. Бироқ қисқа фурсат ичида ҳаммаси ўзгариб кетди ва ҳужумчи «Темирйўлчилар»ни тарк этди. “Ал Сайлия” билан шартнома имзолаган футболчи «Эрудит Спорт»га интервью берди.

Ўтган йилги мавсум ҳақида

— Албатта, 2016 йилги чемпионат мен учун ҳам, жамоам учун ҳам жуда муваффақиятли кечди. “Локомотив”нинг олдига Ўзбекистон чемпионлиги ва Кубогини қўлга киритиш вазифалари қўйилганди. Қолаверса, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам имкон қадар яхшироқ қатнашишни кўзлагандик. Кўрдингиз, ОЧЛда чорак финалгача етиб бордик. Лекин биз финалга чиқишни мақсад қилгандик. Биласизми, аслини олганда, Чемпионлар лигасидаги асосий вазифамиз гуруҳдан чиқиш эди. Буни бажарганимиздан кейин “иштаха овқат пайтида келади” дейишганидек, финалга чиқишни кўзлагандик. Шунинг учун чорак финалдан ҳам ўтишимизга ишонгандик. Бироқ шунисига ҳам шукр қиламиз. Ички чемпионатда эса чемпионликни қўлга киритдик ва Кубок соҳиби бўлдик. Шубҳасиз, бундан барчамиз хурсанд бўлдик. Бунинг устига мен энг яхши тўпурарга айландим. Шунинг учун ортда қолган мавсумдан ўзим учун ҳам қониқиш ҳосил қилдим.

“Локомотив”ни тарк этиши хусусида

— Менинг “Локо” билан тузган шартномам 31 декабрда тугаганди. Албатта, ажойиб кечган мавсумдан сўнг оилам даврасида дам олдим. Кейин эса клуб билан янги мавсум учун тайёргарликка киришдик. Менинг шартномам масаласида клуб тезроқ бир тўхтамга келишни хоҳлади. Яъни, ўртадаги битимни янгилашни таклиф қилдилар. Янги йил бошларида биз “Локомотив” билан янги шартнома имзолашга қарор қилдик. 2017 йилда ҳам клуб ўз олдига жиддий мақсадларни қўйганди. Шунинг учун бу сафар ҳам “Локо”га қўлимдан келганича ёрдам беришга рози бўлдим. Кейин эса биз хориж йиғинини ўтказиш учун Дубайга кетдик. Кейинчалик эса кутилмаганда воқеалар ривожи ўзгариб кетди. “Локо” билан шартномамни узайтирганимдан кейин яна бор эътиборимни ушбу клубга қаратгандим. Бошқа клубга кетиш ҳақида эса ўйламаётгандим. “Ал Сайлия” жамоасининг таклифини қабул қилиш бу биргина менинг ташаббусим эмасди. Бу борада “Локомотив” клуби билан ҳам обдон муҳокама қилдик. Якунда эса “Ал Сайлия” жамоасининг таклифини қабул қилдим. Албатта, оила-аъзоларим билан ҳам гаплашдим. “Локо”даги жамоадошларим билан хайрлашдим ва уларга омад тиладим. Энди эса мен учун янги босқич бошланди.

Нима учун “Ал Сайлия”?

— Биласизми, менга қатарликлар томонидан аниқ ва жиддий таклиф келиб тушди. Яширмайман, бошида мен учун бошқа чақирувлар ҳам бўлганди. Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги жамоалар ўз сафида кўришни хоҳлагандилар. Лекин ўшанда “Локомотив” билан яна шартномани узайтиришга қарор қилгандик. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача тус олди. “Ал Сайлия” клуби мени қўлга киритиш илинжида “Локомотив” раҳбарияти билан алоқага чиқди. Сўнг менга бу жамоадан жиддий қизиқиш бўлаётгани ҳақида айтишди. Кейин эса барчамиз ушбу таклифни яхшилаб муҳокама қилдик. Энди эса кўриб турганингиздек, мен “Ал Сайлия” жамоаси аъзосига айландим.

Абдуҳолиқовнинг Қатардаги ҳаёти бошланди

— Мени янги жамоамда жуда яхши кутиб олишди. “Ал Сайлия” жамоаси ўйинларимни кузатгани ва уларга қайсидир хусусиятларим манзур келгани учун ҳам мени қўлга киритиш учун жиддий курашдилар. Шу кунларда клуб менга алоҳида уй ва машина беради. Жамоа бош мураббийи билан ҳам алоҳида гаплашдим. У менга тўлиқ ишонч билдиряпти. Очиғи, жамоанинг менга бўлган ҳурмати, эътибори ва албатта ишончи жуда катта. Бу эса менга қўшимча масъулият юклайди. Қолаверса, ўтган йили Ўзбекистон чемпионати тўпурари бўлганим учун қатарликларда катта қизиқиш уйғотган. “Ал Сайлия”да ҳам бор маҳоратимни ишга солишга ҳаракат қиламан. Жамоанинг олдига катта вазифалар қўйилган. Мен бу ерга бежизга келмаганлигимни исботлашим керак. Албатта, Қатар жуда ажойиб мамлакат. Доха эса чиройли шаҳар. Ҳамюртларим – Сардор Рашидов ва Санжар Турсуновни бу ерда жуда яхши танишади. Улар ўзларидан яхши таассурот қолдиришяпти. Энди мен ҳам ўзимни кўрсатиш ниятидаман. “Ал Сайлия”га фойда келтириш учун келганман. Янги мамлакатда кўникишимда у қадар муаммолар бўлмайди деб умид қиламан. Ҳар холда бу ерда Рашидов билан Турсунов бор. Шунинг учун ўзимни у қадар ноқулай ҳис қилаётганим йўқ. Қолаверса, янги жамоам боя айтганимдек, мени ажойиб қарши олди. Барибир ҳар қандай ўйинчи учун янги клубига мослашишига бироз вақт керак бўлади. Мен ҳам бу йўлни қисқа фурсат ичида босиб ўтаман деган умиддаман. Насиб қилсам, оилам ҳам тез орада Қатарга кўчиб ўтади.

Миллий терма жамоадан чақирув тўғрисида

— Ҳар бир футболчи миллий терма жамоада тўп суришни орзу қилади. Мухлислар мендан нима учун термага чақиришмаяпти деб сўрашарди. Лекин бу менга эмас, мураббийларга бериладиган саволдир. Ниҳоят, бу сафарги Дубайда бўладиган йиғинга чақирув олгандим ва табиийки, бундан хурсанд бўлдим. Лекин кейинчалик ҳаммаси тубдан ўзгариб кетди. Билсангиз, терма жамоамизнинг бу сафарги йиғинига асосан олий лигада ўйнаётган ўйинчилар таклиф этилган. Мен эса энди “Ал Сайлия” клубига тегишлиман. Яъни, легионер футболчилар ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги сабабли терма жамоаларга қўйиб юборилмайди. Бунинг устига айни пайтда Қатар чемпионати давом этяпти. Мана шундай омиллар туфайли мен энди терма жамоамизнинг ушбу йиғинига боролмайдиган бўлдим. Албатта, мен ҳам бошқалар қатори Ўзбекистон учун ўйнашни хоҳлайман ва бу борада доим тайёрман. Ўзи шундоқ ҳам мени термага чақиришмасди. Бу сафар ниҳоят таклиф олганимда эса кўриб турганингиздек, Қатар чемпионатига кетдим ва бунинг эвазига терма жамоамиздан яна четда қоладиган бўлдим. Бу ҳол албатта мен учун афсусланарлидир. Лекин бундан тушкунликка тушмайман. Агарда “Ал Сайлия” жамоасида ҳам ўзимни кўрсата олсам, умид қиламанки, мураббийлар мени ҳам эътибордан четда қолдиришмайди.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 14:44, 20.01.2017.
Ўқилди: 13879 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.