Баъзи футболчилар ва жамоалар гўёки бир-бири учун яратилгандек туюлади – Яго Аспас ва Вигонинг «Сельта» клуби айнан шундай таърифга муносиб. «Ливерпул»да даҳшатли икки йил ўтказиб, асосан «Челси»га қарши ўйинда бурчак зарбасидан кейинги вазиятни йўққа чиқаргани ва «қизиллар»нинг Премер Лига чемпионлигини бой беришига асосий сабаблардан бири бўлгани билан йодда қолган испаниялик футболчи ўз номини оқлаш учун юртига қайтган эди.
«Севилья»даги ижара даври ҳам муваффақиятсиз чиққач, Аспас «Ливерпул»га ўтишдан олдин ўйнаган жамоаси «Сельта»га қайтди ва танқидчиларни ниҳоят жим туришга мажбур қилди. Ушбу мавсумда у барча мусобақалардаги сўнгги 13 ўйинида 13 гол урди. 18-январ куни «Сантяго Бернабеу»да кечга Қирол кубоги чорак финали дастлабки ўйинида эса «Реал»га бир гол уриб, битта голли узатма берди ва жамоасининг 1:2 ҳисобидаги гъалабасига катта ҳисса қўшди.
Шу тариқа Аспас ушбу мавсумда «Реал»га қарши ўйинда ҳам гол урган, ҳам голли узатма берган иккинчи футболчи бўлди. Ундан олдин бу ишни фақатгина Дортмунднинг «Боруссия» клубининг габонлик ҳужумчиси Пер-Эмерик Обамеянг Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасидаги ўйинда уддалаган эди.
Бундан ҳам эсда қоларлиси, ушбу мавсумда 15 та гол урган ва бешта голли узатмага муаллифлик қилган Аспас 2016/2017-йилги мавсумда энг кўп голда ҳиссаси бўлган испаниялик футболчи бўлиб турибди.
Ўтган мавсумда барча мусобақаларда 18 та гол урган 29 ёшли футболчи ҳозирда балки ўз ўйинининг энг юқори даражасига чиққан ва «Сельта»ни Қирол кубоги финали сари етаклай олиши мумкин. Бунинг учун галисияликлар дастлаб 25-январда чорак финалнинг жавоб ўйинида «Реал»дан камида 1 голлик устунлигини сақлаб қолиши керак бўлади.