Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат аҳамиятига молик вазифа этиб белгиланди. Ўзбекистон спорти миллий маданиятимизнинг узвий қисми ҳисобланиб, у кенг халқ оммасини юксак ахлоқий руҳда тарбиялашда ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим воситалардан бири бўлиб қолди.
Халқаро майдонда тарихан қисқа давр ичида обрў орттиришга улгурган мустақил Ўзбекистон дунёга нафақат қадимий маданият, буюк мутафаккирлар, олимлар, шоир ва саркардалар туҳфа этган юрт, балки халқаро спорт оламида улкан муваффақиятларга эришган давлат сифатида ҳам танилди. Ҳозир бемалол айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон спорт соҳасида йирик давлатга айланиб, бошқа мамлакатларга кўплаб йиллар керак бўлган йўлни тарихан қисқа муддат ичида босиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг чорак асрлик фаолиятига назар ташлар эканмиз кўпгина тарихий ютуқлар кўз олдимизда гавланади. Мамлакатимизда Миллий олимпия қўмитаси 1992 йил 21 январда, яъни бундан роппа роса 25 йил муқаддам ташкил этилган бўлиб, 1993 йил сентябрь ойида Халқаро Олимпия қўмитасининг 101-сессиясида расман тан олинган. Сўнгра мамлакатимиз спорт делегацияси мустақил Ўзбекистон номидан тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақалари Олимпия ҳамда Осиё ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўзбекистон делегацияси мустақил жамоа сифатида биринчи марта 1994-йилда Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида ўтказилган XVII қишки Олимпия ўйинларида иштирок этган ва илк уринишдаёқ ҳамюртимиз Лина Черязова фристайл спорт тури бўйича барча рақибларини ортда қолдириб, Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлган. Ушбу соврин мустақил Ўзбекистон тарихидан Олимпия ўйинларининг биринчи олтин медали сифатида жой олган.
Орадан икки йил ўтиб спортчиларимиз ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокларини ҳам бошлаб беришади ва 1996-йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида ташкил этилган XXVI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси энди иккита медалга сазовор бўлади. Армен Багдасаров дзюдо бўйича кумуш, Карим Тўлаганов эса бокс бўйича бронза медалини қўлга киритишади.
Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги ислоҳотлари ва бу борадаги тажрибаси жаҳонда эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳамда Халқаро олимпия ҳаракатига қўшган улкан ҳиссаси учун 1996 йилда Халқаро Олимпия қўмитасининг олий мукофоти – Олимпия Олтин ордени билан тақдирланади.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 1996 йилда Тошкент шаҳрида «Олимпия шон-шуҳрати» музейи ташкил этилиб, унинг очилиш маросимида Халқаро Олимпия қўмитасининг Президенти Хуан Антонио Самаранч иштирок этади. Умуман олганда Самаранч Халқаро Олимпия қўмитасига раҳбарлик қилган пайтда Тошкентга уч маротаба ташриф буюради. У дастлаб Лиллихаммердаги Олимпия ўйинларидан сўнг, кейинчалик пойтахтимизда I Маракзий Осиё ўйинлари ўтказилиши муносабати билан ва ниҳоят «Олимпия шон-шуҳрати» музейининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун мамлакатимизга етиб келади.
Ўзбекистонлик спортчилар навбатдаги Олимпия ўйинларида ҳам муваффақиятли одимлашни давом эттиришади. 2000 йилда Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган XXVII ёзги Олимпия ўйинларида Андижон бокс мактаби тарбияланувчиси Муҳаммадқодир Абдуллаев ўзбек йигитлари орасида биринчи бўлиб Олимпия ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлади.
Шунингдек, эркин кураш бўйича беллашувларда Артур Таймазов кумуш, Сергей Михайлов ва Рустам Саидовлар эса бокс бўйича мусобақаларда терма жамоамиз хисобига бронза медалларини қўшиб қўйишади. Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 199 та давлат вакиллари орасида 42-ўринни эгаллайди.
2004-йилда жаҳоннинг тўрт йилликдаги энг йирик спорт фестивали Олимпия ўйинлари ватани саналган Грециянинг Афина шаҳрида ташкил этилади. Бу сафар мамлакатимиз спортчилари бир йўла иккита олтин медалга эга чиқишади. Эркин курашда Артур Таймазов, юнон-рум курашида Александр Доктуришвили Олимпия ўйинлари чемпиони унвонига сазовор бўлган бўлсалар, Магомед Ибрагимов эркин курашда кумуш медалини қўлга киритади. Ўткирбек Хайдаров ва Баҳодир Султоновлар эса бокс бўйича бронза медаллари билан тақдирланишади.
Мамлакатимиз делегацияси бу сафар 202 та давлат орасида 34-ўринни банд этади. Ҳисоб бўйича XXIX ёзги Олимпия ўйинлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ташкил этилади. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик спортчилар томонидан жами олтита медаль қўлга киритилади. Артур Таймазов ўз шахсий коллекциясига Олимпия ўйинларининг яна бир олтин медалини қўшиб қўйган бўлса, эркин курашда Сослан Тигиев, дзюдода эса Абдулло Тангриев кумуш медали билан тақдирланишади.
Ўз навбатида яна бир дзюдочимиз Ришод Собиров бронза медалига сазовор бўлади. Қувонарли жиҳати айнан Пекин Олимпиадасига келиб гимнастикачиларимиз ҳам дастлабки медалларни қўлга киритишади. Чунки, шу пайтга қадар асосан бокс ва спорт курашлари бўйича терма жамоамиз аъзолари Олимпия ўйинлари медалларига эга чиқишган бўлишса, бу сафар Екатерина Хилько трамполинда, Антон Фокин эса спорт гимнастикасида бронза медалига сазовор бўлишади. Делегациямиз Пекин Олимпиадасини 202 давлат орасида 40-ўринда якунлайди.
Юбилей - XXX ёзги Олимпия ўйинларига Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳри мезбонлик қилади. Мазкур мусобақада терма жамоамиз делегацияси бироз камтароқ натижа қайд этиб, бор йўғи учта медаль билан қайтади. Артур Таймазов учинчи марта жаҳоннинг тенгсиз полвони эканлигини исботлаб, Олимпия ўйинларининг учинчи олтин медалини қўлга киритади ва ушбу натижаси эвазига хақли равишда дунёнинг буюк полвонлари орасидан жой олади.
Дзюдочимиз Ришод Собиров бу сафар ҳам бронза медали билан чекланади. Боксчимиз Аббос Атоевга ҳам Олимпия ўйинларининг бронза медали насиб этади. Ўзбекистон делегацияси 204 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 47-ўринни эгаллайди.
Айтиш керакки, айнан Лондон Олимпиадасидаги натижалар юртимизда бутун спорт жамоатчилиги, олимпия ҳаракати иштирокчиларини янги ғалабалар сари чорлади. Чунки ўша мусобақада делегациямиз асло ўзига муносиб бўлмаган ўринни эгаллаганди. Бўлажак Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш йўлида энг аввало давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мамлакатимиз спортчилари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
2013 йил 25 февралда эълон қилинган мазкур қарор якунда жуда катта аҳамият касб этди ва “Рио-2016” Олимпиадасининг ўзбек спорти тариҳига олтин ҳарфлар билан битилишига асосий туртки бўлди десак муболаға бўлмайди. Бразилиядаги XXXI ёзги Олимпия ҳамда XV Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар қайд этган натижалар бутун дунёни ҳайратга солди.
Олимпия ўйинларида биринчи марта юртимиз вакиллари бир йўла тўртта олтин медалга сазовор бўлишди. Илк бор Ўзбекистон терма жамоаси томонидан жами 13 та медаль қўлга киритилди. Биринчи марта оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов Олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиш билан биргаликда ўзбек спортчилари орасида илк маротаба Олимпия ўйинларининг рекордини янгилади.
Шунингдек, биринчи марта бокс бўйича терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Боксчиларимиздан Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаров ва айтиб ўтганимиздек оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов Олимпия ўйинлари чемпионлигини тантана қилишди. Яна икки нафар боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев делегациямиз ҳисобига кумуш медалларини қўшиб қўйишди. Чарм қўлқоп усталаридан шунингдек, Рустам Тўлаганов ва Муроджон Аҳмадалиев, дзюдочиларимиз Диёрбек Ўрозбоев ва Ришод Собиров, спорт курашлари вакиллари Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов ва Элмурат Тасмурадовлар бронза медаллари билан тақдирланишди. Ўзбекистон делегацияси 207 давлат орасида 21-ўринни эгаллади.
XV Паралимпия ўйинларида юртимиз спортчилари томонидан қайд этилган натижалар эса бу ҳайратни икки ҳисса оширди. Ўттиз иккита спортчи билан иштирок этган делегациямиз якунда ўттиз битта медални қўлга киритиши чиндан ҳам бутун дунё спорт жамоатчилигини лол қолдира олди.
Албатта бу натижаларга ўз ўзидан эришилгани йўқ. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ўтган қисқа вақт ичида Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ва қатор халқаро спорт федерациялари ҳамда ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.
Биргина 2013-2016 йилларда мамлакатимизга Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳд ал-Сабоҳ, Осиё Паралимпия қўмитасининг раҳбари Дато Абу Зайнал Абу Зарин, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Аян, Халқаро спорт курашлари уюшмаси президенти Ненад Лалович, Халқаро ҳаваскор боксчилар федерацияси президенти Чинг Ку Ву, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усманов ҳамда Халқаро қиличбозлик федерацияси бош котиби Фредерих Петрушка, Халқаро футбол федерациялар Ассоциациясининг собиқ президенти Йозеф Блаттер, Бутунжаҳон муайтай кенгаши раҳбари Четта Танажаро, Осиё таэквондо иттифоқи президенти Кю Сок Ли, Халқаро енгил атлетика федерацияси вице-президенти Сергей Бубка, Халқаро гимнастика федерацияси раис ўринбосари Ирина Виннер каби қатор халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлари ташриф буюриб, Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо бердилар.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси қад ростлади. Бу ерда Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик хизмат ва спорт психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилди. Марказга энг замонавий тиббий ускуналар ўрнатилди. Марказий Осиёда ягона саналган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг ташкил этилиши спортчиларимизни нуфузли мусобақаларга пухта тайёрлаш, уларнинг бор имконият ва салоҳиятларини очиб беришга кўмаклашиш масаласида жуда катта туртки бўлди. Буни сўнгги натижалар ҳам кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биносига ташриф буюрар экан Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах “Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг биноси дунёда тенгсиз, бундай спорт саройи мен билган Миллий олимпия қўмиталари бинолари орасида энг муҳташами” дея таъриф берди.
Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва мураббийларига стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчи ва уларнинг устозлари ҳар ойда рағбатлантириб борилмоқда.
2013 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Фонднинг асосий мақсади этиб Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларини, республика спорт федерацияларини ва ассоциацияларини халқаро ва республика спорт тадбирларига тайёргарлик кўришлари ва уларда иштирок этишларига кўмаклашиш ва рағбатлантириш деб белгиланди. Спортимиз фахрийлари, юртимизда фаолият кўрсатаётган терма жамоалар маслаҳатчи мураббийларининг ойлик маошлари ҳам ҳозирда айнан ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.
Аслида чорак аср тарих олдида ҳеч нарса эмас. Аммо ортда қолган ана шу 25 йиллик давр мобайнида юртимизда спорт тараққиёти ва олимпизм ғояларини илгари суриш борасида қилинган улкан ҳажмдаги ишлар бугун мустақил диёримизни қудратли спорт мамлакатига айлантира олди. Ха, бугун Ўзбекистон дунё спорт саҳнасида ўз ўрнига, обрўсига эга мамлакатга айланди. Энди жаҳонинг мана-ман деган полвонлари ҳам ўзбек спортчилари билан ҳисоблашишга мажбур, бизни тан олишди, бизни хурмат қилишмоқда. Биздан ҳайиқишмоқда. Энди шак шубҳа йўқки Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига қарши ҳар қайси мамлакат вакиллари алоҳида тайёргарлик кўришади. Бунга уларни биз мажбур этдик.
Юқорида келтирилган барча амалий ишлар бевосита шахсан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг умумий раҳбарлиги остида, шунингдек амалдаги Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида бир қатор Вазирлик ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан бизни ҳар жиҳатдан қўллаб- қувватлаб келаётган, барча зарур шароитни яратиб бераётган давлатимиз ва Ҳукуматимиз раҳбарларига ва шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвга, шунингдек биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, спорт федерациялари ва ҳомий ташкилотларга миннатдорчилик изҳор этамиз.
Ортда қолган давр мобайнида Миллий олимпия қўмитасига Обид Назиров, Собир Рўзиев, Азиз Носиров, Рустам Қурбонов, Малик Бабаев ва Мираброр Усмановлар раҳбарлик қилишди. Қўлга киритилган муваффақият ва ғалабаларда уларнинг ҳиссалари катта. Айниқса сўнгги олимпия цикли 2013-2016 йилларда юртимизда олиб борилган улкан ҳажмдаги ишлар, олимпия спорт турларига мустаҳкам пойдевор яратилиши, моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш ва бунинг натижаси ўлароқ Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида қўлга киритилган ёрқин ва тарихий ғалабаларда Мираброр Зуфарович Усмановнинг ҳамда у билан елкама елка хизмат қилган Миллий олимпия қўмитаси мутахассисларининг хизматлари беқиёсдир.
Шундай экан бугун уларга бутун олимпия ҳаракати иштирокчилари ва мамлакатимиз олимпия оиласи номидан ташаккур изҳор этамиз. Яқиндагина Бош Ассамблея йиғилишида Миллий олимпия қўмитаси Президенти этиб Алишер Султанов сайланди. Умид қиламизки, Алишер Саидаббасович раҳбарлигида ютуқларимиз янада салмоқли, ғалабаларимиз бундан-да бардавом бўлади.