Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Мақсадли ва мақсадсиз «Пахтакор»

Баҳо:
+1 | -

Ўтган мавсумда «Пахтакор» таркибида энг ишончли ўйин кўрсатган Жалолиддин Машарипов янги мавсумни «Локомотив»да бошлайдиган бўлди. Ғалати трансфер. Шахсан менга икки ҳисса ғалати бўлиб кўрингани футболчининг ижарага берилгани. Ҳар доим ўз олдига юқори амбицияларни қўядиган клубнинг етакчиларидан бирини асосий рақибига бериб юборишидан мақсади нима?

«Локомотив»ни тушуниш мумкин. Жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўймоқда. Осиёда ҳам айтарли натижа қилиш учун иккита тенг кучли таркибни йиғишга ҳаракат қилиняпти. Машариповнинг сотиб олиниши Сардор Мирзаев билан муносиб рақобатни юзага келтириши ва бу иккала футболчининг ҳам ўсишида ёрдам бериши мумкин. Хўп, «Локомотив»да мақсад аниқ. Лекин «Пахтакор»дачи?

Бир қарашда тушунарсиз кўринган трансфер аслида «Пахтакор»нинг аниқ мақсадли режаси асосида амалга ошган бўлиши ҳам мумкин. Ҳаммаси оддий, «Пахтакор» бу йил Осиё чемпионлар лигасида иштирок этмайди. Жамоа порлаб чиқаётган, яхши ўйнаётган футболчиларни четга сотиши учун уни биринчи навбатда реклама қилиши керак. Бунинг учун «Пахтакор»да бу мавсумда деярли ҳеч қандай имконият йўқ. Ўзбекистон чемпионати ва кубогидаги ўйинлар (айниқса бугунги савиядаги) орқали бирорта кучлироқ клубнинг эътиборига тушиб бўлмайди. Осиё чемпионлар лигаси эса, ҳеч бўлмаса, қитъанинг ўзида мўмай пул таклиф қиладиган жамоалар учун футболчини реклама қилиш имкониятини беради. Шу маънода «Пахтакор» футболчини тўлиқ сотмасдан туриб ижарага берган бўлиши мумкин.  Хўп, бунисиям тушунарли. Аммо аслида жамоанинг, Ўзбекистоннинг энг кўп карра чемпиони бўлган жамоанинг мақсади фақат шуми?

Масалан шахсан менда, «Пахтакор» деганда, доим чемпионлик учун курашадиган, ҳар қандай шароитда ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган, Ўзбекистоннинг энг амбицияли жамоаси кўз олдимга келади. Ўтган йили жамоа сўнгги йиллардаги ўзининг энг ёмон мавсумини ўтказди. Чемпионлик тугул, ОЧЛга бериладиган йўлланма ҳам бой берилди. Бу мен юқорида айтган энг амбицияли жамоа учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Энг камида жамоада «спортча ғазаб» уйғониши лозим. Омадсиз мавсумдаги камчиликлар ўрганилиши, таркиб кучайтирилиши ва лозим топилса, мураббийлар штаби алмаштирилиши ёки шунга ўхшаган инфратузилмада қандайдир ўзгариш бўлиши керак. Фикримча. Лекин бугунги чиққан хабар энг камида мен кутган бирорта жараёнга мос келмаяпти. Қани бу ерда жамоанинг ўтган мавсумдан чиқарган хулосаси? Қани бу ерда биз соғинган ҳақиқий «Пахтакор»нинг спортча ғазаби? Қани бу ерда «Ватан, ота-она ва «Пахтакор»дан бошқасини истаган пайтида ўзгартириши мумкин бўлган содиқ мухлиснинг ҳурмати? Ёки  «Пахтакор» ўз анъаналаридан воз кечиб, чемпионлик ва ОЧЛ йўлланмалари учун курашиш ўрнига футболчи етиштириб, уни сотиб ўзини-ўзи таъминлайдиган клуб сифатида давом этмоқчими?

Тўғри, молиявий имкониятлар сабаб сўнгги йилларда «Пахтакор» клуб тарбияланувчиларини етиштириб, кейинчалик уларни сотиш орқали ўзини-ўзи таъминлаш сиёсатини қўллашига тўғри келмоқда. Бу борада клубни Ўзбекистондаги исталган жамоага ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин. Лекин янги мавсум олдидан жамоа Олий лигада ўзига рақобатчи бўлган клубга етакчисини ижарага бериб юборгани мени чалғитиб юборяпти, тўғриси. Саволлар шунга кўпайиб кетгандир, балки.

Келинг, ҳисоблаб кўрамиз. Тахминан Ўзбекистон шароитида бир футболчининг трансферини 80-100 минг доллар атрофида дейлик. Агар футболчи ижарага бериладиган бўлса, бу сумма тахминан 4-5 бараварга қисқаради, деб ҳисоблаймиз. Тахминий ҳисоб-китобларимиз бўйича «Пахтакор» Машариповни ижара бериш орқали 20-25 минг доллар ишлаб топган бўлсин. Ҳа, боринг ана, биз икки ҳиссага адашган бўлиб, 40 минг доллар жамоа ҳисобига келиб тушгандир. Чемпионлик ёки камида ОЧЛ йўлланмаси учун курашадиган жамоа учун етакчисини рақобатчисига бериб юбориши учун арзийдиган пул бўладими бу? «Локомотив» балки арзирли пул бергандир, лекин бундан жамоа спорт амбициялари учун нима ютади? Қайтанга бу кучсизланиш эвазига жамоа учун кейинги йили ҳам ОЧЛдан қуруқ қолиши хавфи ошмайдими? «Бухоро»да ўзгаришларни эшитяпмиз, «Бунёдкор» ҳар доимгидек трансферлар вақтида фаол, «Насаф» ОЧЛда иштирок этганидан кейин ўз-ўзидан қараб турмаяпти. Бунақа вазиятда «Пахтакор» ниманинг эвазига ўз мақсадларига мос натижаларга эришиши мумкин, кечирасиз, бунга тасаввурларим торлик қиляпти. Ўтган йилги таркиб Машарипов ҳисобига сезиларли кучсизланяпти. Ҳали «Пахтакор»нинг ўйинини кучайтириб юборадиган трансфери ҳақида эшитмадим. [«Орият Доно»да] Айтишларича, жамоага Бабаян қайтаётган эмиш ва бу деярли расмий маълумот экан. Хўп, ярим хаёли терма жамоада бўлган мураббийнинг қайтиши билан жамоа бирданига кучайиб қоладими? Шуми жамоанинг кучайишига хизмат қиладиган сабаб? Ёки ҳамма нарсани кутишимиз мумкин бўлган Олий лигамизда чемпионлик (ОЧЛ йўлланмаси) учун курашиш учун таркиб ва футболга боғлиқ бошқа омилларини кучайтирмасдан туриб ҳам мақсадга эришишнинг бошқа йўли борми? (Узр айтмоқчи бўлган гапимдан саволларим кўпайиб кетяпти, яна).

Мавсум бошланишига бир ойдан кўпроқ вақт бор. Бу оралиқда қанақа ўзгаришлар бўлиши мумкин, буни мен билмайман. Гап биргина футболчининг кетишида ҳам эмас. Машарипов қанчалик зўр бўлмасин, у Мессимаски, бутун жамоани ўз ортидан эргаштириб юрса. Айтмоқчи бўлганим, ўтган йили ўз даражасидан паст натижа кўрсатган жамоанинг кучайиш ўрнига бошқа йўлни танлаётгани ғалати кўринмоқда. Балки, «Пахтакор»да Машарипов кетгач, унинг ўрнида бошқа футболчи очилиб кетиб, ўзини кўрсатар, Жасур Яхшибоев ёки шу каби  биз танимаган академиянинг бошқа бир футболчиси қисқа даврда фантастик футбол кўрсатиб, жамоани бутунлай ўзгартириб юборадиган даражага чиқар. Аммо бу бор-йўғи эҳтимоли кам бўлган фаразлар. Ҳозир ишонишим мумкин бўлган энг тўғри фараз бу «Пахтакор» чемпионлик (ОЧЛ йўлланмаси) учун курашадиган жамоа эмас, машариповларни четга сотадиган, уларни пуллаш учун керак бўлса,  ОЧЛда қатнашадиган асосий рақобатчисига ҳам етакчи футболчисини ижарага бериб юборадиган клуб сифатида қоладиганга ўхшаб кўринмоқда. Бошқачасини тушунмаяпман.

twitter.com/murodov_

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 16:00, 31.01.2017.
Ўқилди: 10737 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.