Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қаҳрамон Асланов мақоласи: Олий лига ва маош

Баҳо:
+ | -

Яқинда олий лигадаги қайсидир ўртамиёна футболчининг 120 миллион кўтарма пули эвазига бир жамоадан иккинчисига ўтганини эшитиб қолдим. Умуман олганда ҳам, олий лигамизда тўп сурадиган ўртача футболчининг кўтарма нархи — 100-150 миллион сўмни ташкил қилади.

Бу трансфер суммаси эмас. Ҳеч эшитганмисиз, бирор футболчининг олий лигадаги бир жамоадан иккинчи жамоага фалон пулга трансфер қилинганини? Бу воқеанинг содир бўлиши деярли иложсиз. Чунки бизда футболчи клуб билан асосан 1 йилга шартнома тузади. Кўпроқ муддатга тузиш хавфли. Сабаби, клубларимизнинг 2-3 йиллик истиқбол режалари бўлмайди, асосан бир йиллик бюджет тузилади. Яъни клубнинг икки йилдан кейин қандай молиявий ҳолатда бўлади, футболчининг бугунги шартномада кўрсатилган ойлигини тўлай оладими, буни айтиш қийин. Шунинг учун футболчи ўзини риск остига ташлашни истамайди ва бир йилга шартнома тузади.

Бир йилга шартнома тузилишининг яна бир сабаби — кўтарма пуллардир. Клуб билан шартномаси тугаган футболчи қишда Европа тили билан айтганда, эркин агентга айланади. Футболчи талабгор клубга ҳеч қандай трансфер қийматисиз ўтиши мумкин. Клуб бунинг эвазига футболчига кўтарма пул беради. Яъни ҳар йили эски клуби билан шартномаси тугайдиган футболчи ҳар йили эркин агентга айланади ва ҳар йили ўша 100-150 миллион пулни чўнтагига олади.

Агар клуб футболчини алдаб, 5-6 ой ойлик тўлаб, уёғини тўламай, кўчага ташлаб қўйган тақдирда ҳам, ўша кўтарма пул ва 5-6 ойдаги маош эвазига, футболчи ўртача бир ойда 15 миллион атрофида пул топмоқда. Бу Ўзбекистон шароитида оддий халққа нисбатан бир неча баробар кўп, шундай эмасми?

Икки хил ойлик бор: бюджет ва хусусий сектор. Халқ таълими ёки соғломлаштириш давлатнинг, бошқача айтганда, солиқ тўловчиларнинг бўйнида, шунинг учун врач ёки ўқитувчининг маоши бюджет тўлайди. Буни биламиз. Врачнинг ёки ўқитувчининг халққа келтираётган нафи қўл билан ушлаб бўлмайдиган даражада, қандайдир фойда ёки зарар ўлчовига киритиб бўлмайди. Давлат адолат ва инсоф доирасида шу ва яна бошқа бюджет соҳаларига маош белгилайди. Розимиз.

Кейинги хусусий соҳада эса, ойликни корхона раҳбари белгилайди. Ойлик албатта, ўша корхонанинг даромадига тўғридан тўғри боғлиқ бўлиши шарт.

Тасаввур қилинг, сиз бир ишлаб чиқариш корхонаси раҳбарисиз. Ўн ишчингиз билан бир ойда 10 миллионлик маҳсулот ишлаб чиқарасиз ва уни сотасиз. 10 миллионга. Энди, ўша ўн нафар ишчининг ҳар бирига 2 миллиондан ойлик бера оласизми? Яъни бир ойда маош учун 20 миллион сарфлашингизга тўғри келади. Ҳар ой 10 миллион даромад, 20 миллион маош. Агар сиз мана тарзда ишласангиз, тез кунда банкрот бўласиз. Демак, хусусий сектордаги маошлар корхона рентабеллигига боғлиқ бўлади.

Энди савол туғилади, футбол соҳасида, футболчилар қайси соҳага кирадилар? Бюджетми ёки хужалик сектори? Агар бюджет бўлса, футболчининг бир йилдаги меҳнати ўқитувчи ёки врачникидан ўн баробар кўп бўлиши ақлга сиғадими?

Агар хужалик сектори деб қабул қилсак, футбол клубларимиз футболчиларга ойига 15 миллион маош тўлай оладиган қадар даромад қила оляптиларми?

Масалан, олий лигамизда 500 га яқин профессионал футболчи мунтазам тўп сурса, уларнинг ўртача ойлик даромади 5-10 миллионни ташкил қилар экан. Сал камроқ бўлиши ҳам мумкин, ўртача ҳисоблаганда. Яна ўша бир ўқитувчининг ойлигидан бир неча баробар кўп. Хўш, бу суммалар, умуман бир яхши футболчига неча пул тўлаш кераклиги қайси қонуният асосида пайдо бўлган? Асослими?

Спортчиларнинг оддий халқдан кўра кўпроқ пул топишини оддий қабул қилишимизнинг сабаби аслида, ноўрин таққослашдан келиб чиқади. Бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганмизлигимизнинг ҳам сабаби шу ерда. Ҳамма ерда шунақа, деб Европадаги футболчиларнинг ақл бовар қилмас маошлари ҳақида ўйлаб қоламиз ва ҳаммаси нормал деб кетаверамиз. Ҳатто футболчиларимизнинг савияси танқид остига олинганда, баъзи «футболни яхши тушунадиган» мутахассисларимиз европалик футболчилар даромадини пеш қилганини ва Мессидан минг баробар кам ойлик олаётган футболчиларимиз савияси Мессидан сезиларли паст бўлишини нормал баҳолаганликларини эшитганман.

Ростан ҳам Уэйн Руни бир ҳафтада олий лигамизда тўп сураётган ўша 500 га яқин футболчиларнинг бир ойда топадиган жами даромадидан кўп маош олади. Фарқ, даҳшат-а? Терма жамоамизнинг омади келиб қолса, ўша Руни тўп сурадиган Англия билан 0:0 ўйнаб қўйиши ҳам мумкин. Шуни назарда тутсак, футболчиларимиз анча кам пул топаётганга ўхшаб қолади. Ва ўша 5 миллион ҳақида гапирганда, Руни билан солиштирамиз, ўқитувчи билан эмас. Хўп, деб кетаверамиз. Ўқитувчи бўлиш осон, яхши футболчи бўлиш осон эмас. Иқтидор керак.

Шунақа деб кетаверамиз. Аслидачи? Аслида гап савиянинг ўзида эмас. Шартли «Локомотив» ва «Манчестер Юнайтед»да тўланаётган маошларнинг асосларига эътиборни қаратиш лозим.

Уэйн Рунига ҳафтасига 300 минг евро маош тўлаётган «Манчестер Юнайтед» ўша ҳафтада бу суммадан бир неча баробар катта пул топади. Умуман Европа клублари ҳар хафта футбол ишлаб чиқарадилар ва уни сотадилар. Футболни футболчилар, мураббийлар, персонал ва бошқалар ишлаб чиқарадилар. Мухлислар, телетомошабинлар сотиб оладилар. Ўша футболфуруштликдан келиб тушган пулга қараб маош белгиланади. Яъни Рунига тўланаётган пулнинг ортида асос бор. «Аякс» сотаётган футбол арзонроқ, демак, «Аякс» футболчиларига камроқ пул тўлайди. Ҳаммаси боғланган.

Хўш, «Локомотив» ёки «Насаф» ёки бошқа бир футбол клубимиз футболни неч пулдан сотишмоқда-ю, уни ишлаб чиқараётган футболчиларига унинг қанча қисмини бермоқда? Бир турда 8 стадионда ҳаммаси бўлиб 5-6 минг (ҳар ўйинга ўртача 1000 тадан кам) мухлис кираётган футболимиз ҳафтасига қанча пул топмоқда?

Тўғри, бояги корхона мисолида айтадиган бўлсак, ишлаб чиқаришни ривожлантириб, товарни рақобатбардош қилиб олгунча, баъзида, даромаддан кўра каттароқ ҳаражат қилиниши нормал ҳолат. Аммо бу вақтинча бўлади, ҳамда товар нархини ошириш ёки ҳаражатни камайтиришга йўналтирилган тизимда ишланади. Йилдан йилга аҳвол ўнгланиб қолади. Биздачи?

Футболчиларнинг ойлиги камайиб кетса, рағбат бўлмаса, футболга бўлган қизиқиш ўлади, яхши футболчилар чиқмай қўяди, дейишингиз ҳам мумкин. Йўқ.

Қаранг, 10 нафар боксчимиз олимпиадага борди ва 200 минг доллар ютиш имкониятига эга бўлди. Мана шу ўн нафардан ташқари, минглаб боксчилар бор. Улар футболчилар каби катта маош олишмайди. Уларда 200 минг ютиш имконияти ҳам бўлмади. Лекин ўша 10 нафар боксчи чиқди-ку? Бошқа боксчилар боксни ташлаб кетишмади-ку? Одил Аҳмедов ёки Виталий Денисов етишиб чиқиши учун яна 490 футболчига 5 миллиондан ойлик тўлаб юришга мухтожмизми?

Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов бошқа ҳолатда ҳам етишиб чиққан бўлардилар. Ҳатто кўпроқ Аҳмедовлар етишиб чиқарди балки. Сабаби, Ўзбекистон чемпионати клубида тўп суриб юришдан фойда йўқ, ойлик кам, имкон қадар ўз устида ишлаб Россияга ёки бошқа чет элга кетишни ўз олдига мақсад қилади. Кўпроқ тер тўкади. Аксинча, кучли 490 таликка кирволиб, ўқитувчидан беш баробар кўп ойликда тирикчиликни ўтказиб юриш варианти бўлмаса, Аҳмедовлар кўпаяди, деб ўйлайман.

Ана Россияни мисол қилиш мумкин, мамлакат чемпионати аслида Италия ёки Франция лигасидан паст савияда, аммо футболчиларга кўпроқ ойлик тўланади. «Краснодар» футболчиси ҳеч қачон «Торино» ёки «Наполи»ни орзу қилмайди, чунки шундоғам кўп пул топмоқда.

Агар клубларимиз кўрсатилаётган футбол савиясига ёки даромадга қараб ойлик тўлашганда, кўпгина иқтидорли футболчиларимиз аллақачон ўзларига четдан яхшироқ, рақобатбардошроқ лига ахтариб қолишарди, назаримда. Бу эса, бизга футболда ҳам худди боксдаги каби ажойиб ҳикоялар тақдим этган бўларди. Бир иқтидорли ўсмир футболчининг тинмай ўз устида ишлаши… «Олмалиқ»да кам ойлик тўлашларини билгани учун, кучлироқ лигани ният қилиб, яна икки баробар кўпроқ шуғулланиши. Бир сабаб бўлиб, Европанинг кучли жамоаси назарига тушиши, у ерда юлдузга айланиши. Албатта, катта пул топиб, лой сувоқ қилинган ҳовлисини қасрга айлантириши, қавми қариндошларининг моддий муаммоларини ечиб бериши. Қаҳрамонга айланиши. Ажойиб.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 12:40, 03.02.2017.
Ўқилди: 10237 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.