Габриэл Жезуснинг самарали дебюти Серхио Агуэронинг “Сити”даги келажагини сўроқ остига олмоқда. Бунинг учун аргентиналик ҳужумчи Гвардиоланинг ишончини қайта қозониши талаб этилади.
Габриэл Жезус учун дебютни самарали ўтказиш оддий ҳолатга айлангандек. Тите бошчилигидаги Бразилия терма жамоасидаги дебюти ҳам анча ҳайратланарли чиқди. Энди “Манчестер Сити» либосида Премьер Лигадаги дебюти ҳам муваффақиятли бўлди. «Вест Ҳэм»га қарши кечган учрашувда бразилиялик ҳужумчи бир гол ва бир голли узатмани оширди ва «шаҳарликлар» таркибида анча фаоллик кўрсатди.
Табиий равишда учрашув қаҳрамонига айланган Габриэл Жезус таркибда Серхио Агуэронинг ўрнига илк дақиқаларданоқ майдонга тушди ва Хосеп Гвардиоланинг кўрсатмаларига тўлиқ киришиб кетгандек таассурот уйғотди. Испаниялик мураббий эса ўйиндан кейин берган интервюсида қуйидаги мақтовларни янги шогирдига ёғдирди: «У дунё футболининг келажаги бўлишни истайди ва биз бунга эришиши учун ёрдамимизни аямаслигимиз керак». Ҳозирча “Манчестер Сити” таркибида икки учрашувни юқори кайфиятда ўтказган Габриэл Жезуснинг дебютини позитив баҳолашимиз мумкин. Жанубий Африка футболи бўйича мутахассис Марселин Шамуан ҳужумчининг имкониятларини баҳоларкан, уни Роналдога (Бразилиялик ҳужумчига) яқин савияда эканлигини билдириб ўтди : “Уни қанот ҳужумчиси дея олмаймиз, у кўпроқ соф ҳужумчи ўрнида ўйнайди. Жезус замонавий, техникага эга, дриблингни хуш кўрувчи ҳужумчидир. Шахсий фикрим, у Агуэродек савияга эга футболчи. Ишончим комилки, Гвардиола унинг ҳужумдаги қобилиятларини оча олади. Дуэлларда, албатта, ҳали анча кучсиз, бироқ унинг ўйин услуби бунга асосланмаган. У Премер Лига ҳимоячиларининг бош оғриғига айланади. Бунга унинг жамоага қандай мослашиши, бунинг учун қанча вақт талаб этилиши каби факторларга боғлиқ бўлади.”
Гвардиола учун, Габриэл Жезус Агуэрога тандем
“Манчестер Сити”да 2011 йилдан буён ҳаракат қилиб келаётган Серхио Агуэро ҳали ҳам асосий таркибдаги ўрнини сақлаб келмоқда. Габриэл Жезуснинг пайдо бўлиши де факто равишда аргентиналик ҳужумчининг ролини сўроқ остига олди. “Сити”даги фаолияти давомида биринчи маротаба Серхио жиддий рақобатчига дуч келди, дейишимиз мумкин. Гвардиола томонидан Габриэл Жезуснинг Лерой Сане ва Раҳим Стерлинг билан ташкил этадиган триоси “Манчестер Сити”нинг келажаги сифатида кўрилмоқда.
Журналистлар эса жамоа ҳужум чизиғида юзага келган бундай рақобатда аргентиналик ҳужумчининг жамоадаги статусини сўроқ остига олаб бошладилар. “Бавария”нинг собиқ устози Гвардиола эса аксинча бошқача фикрда эканлигини айтиб ўтди: “Агуэро ва Жезус биргаликда ўйнай олиши мумкин. Габриэл чап қанотда ҳам ўйнай олади, демак менда вариантлар бор. Габриэл курашувчан футболчидир. Шунинг учун унинг бизга ёрдами тегади, албатта. Серхионинг статусига шубҳа қилмасак бўлади. Гранд жамоалар кўплаб ҳужумчиларга муҳтож ва Серхио жамоамизнинг энг муҳим ўйинчиси бўлиб қолаверади.” Кўриниб турибдики, Гвардиола бир неча вариантларни мўлжаллаган.
Якшанба куни “Суонси”га қарши кечадиган баҳсда икки ҳужумчини бирга ўйнатиш имкониятига эга. Бироқ, Томас Мюллернинг “Бавария”даги ёки Златан Иброҳимовичнинг “Барселона”даги вазиятларини эсласак, Гвардиола ўта иқтидорли футболчиларни асосий таркибга сиғдира олмаганини гувоҳи бўламиз. Бу ҳолат “Манчестер Сити”да Агуэро билан юз бериши мумкинми ? Бу вазият Агуэронинг Гвардиола талаб қилаётган кўрсатмаларни нақадар бажара олишига боғлиқ бўлади.