Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Натижасизлик ниҳояси ёхуд Истоминнинг ибратли иродаси

Баҳо:
+ | -

Имкониятларни юзага чиқариш, энг аввало, қатъият ва улуғвор мақсадлар уйғунлигидан бошланади. Мураббий ва истеъдоднинг юксак ғалабалардаги ўрни ҳеч қачон инкор этилмайди. Аммо истеъдодли спортчида қатъият ва катта орзу-мақсадлар бўлмаса, унга энг маҳоратли мураббий ҳам таъсир ўтказиши қийин. Мураббийнинг вазифаси спортчи қалбидаги қатъият ва олий орзу ғунчасини тарбиялашдан иборат. Биз боксчиларимиз ва паралимпиячиларимизнинг Риодаги улкан ғалабалари хусусида кўп ёздик. Ҳозир ҳам ўша натижаларни қайта-қайта таҳлил қилсак, зарари йўқ.

Хўш, бошқа спорт турларида нега боксдаги каби ажойиб натижалар қайд этилмади? Нима, қолган спорт турларида чемпионликка лойиқ истеъдодлар йўқмиди? Албатта, бор эди. Фақат улар Руслан Нуриддинов ёки боксчиларимиз каби қатъият кўрсатолмадилар. Тўғри, Олимпиада - оламшумул ва маҳобатли мусобақа. Буни ҳар бир спорт мухлиси яхши тушунади. Олимпиадада иштирок этишнинг ўзи катта шараф эканлиги ҳам барчага маълум. Фикримизча, бу каби ўй-хаёллар мухлис аҳлига ярашади. Бироқ спортчининг шу тарзда ёндашуви бўлажак мағлубиятларни тан олиш билан баробардир. Акс ҳолда, Ҳасанбой Дўсматов ёки Фазлиддин Ғоибназаров каби боксчилар анчайин кучли рақибларини енгишолмасди. Спортчи, шу жумладан, футболчига ҳеч қачон осон тутиб бўлмайди. Ҳар қайси ёш йигит спорт соҳасини танлайвермаслиги боиси ҳам шу. Спорт йўлини тутган истеъдоднинг вазифаси эса, мағлубиятлар оралаб бўлса ҳамки, мухлисга ғалаба қувончини улашмоқдир. Шу маънода айтсак, Денис Истомин ниҳоят, юксак ишончни оқлади. Таъкидлаш жоиз, ўзидан бошқа ҳеч ким унинг Новак Жокович устидан ғалаба қозонишига астойдил ишонмагани та­йин. Денисга шу пайтгача истеъдодли теннисчи сифатида кўп умид боғланди. Афсуски, аксарият ҳолатларда бу умид-ишонч пучга чиқди. Айниқса, сўнгги Осиё ўйинларида кузатилган лоқайд иштироки мухлисларни анча афсуслантирди. АТР рейтингидаги ўрни кескин пасайиб кетганидан ке­йин эса, айрим мухлисларнинг кўнгли ундан совуди. Спортчи ўзининг юқори имкониятларидан унумли фойдаланмаса, аниқроғи, табиий исъдедоди қадрига етмаса, шунчаки, оммада унга нисбатан салбий мулоҳаза шаклланади. «Истеъдодли йигит, лекин ўзининг спорт формаси ҳақида ўйламайди. Бундайларга истеъдод ва ишонч хайф!» дейишади мухлислар қўл силтаб. Эҳ, тарафкашлар кўнглидан қолиш ёмон. Мухлиснинг қаҳри қаттиқ. Назаримизда, Денис Истомин буни вақтида англаб етибди. Очиғи, АТР рейтингидаги 117-ўринни ўзига раво кўраётгани кўпчилик ғашига тегаётганди. Бу мавқе - Денис Истомин каби теннисчи учун сира ярашмайди. Иродаси ва имкониятларини қайта жамлай олгани ва рейтингдаги ўрнини танқидий баҳолагани учун Денисга алоҳида раҳмат!

Ана, «Сельта» сафарда «Реал»ни, «Суонси» эса «Ливерпул»ни енгиб, қатъият ва ирода кучи нималарга қодирлигини айрим футболчи ва мураббийларга яна бир бора кўрсатиб қўйди. Ҳақиқий профессионал спорт ичида енгиб-енгилиб яшайди. Муттасил равишда зарур натижаларни қайд этолмаслик ва мақсадга етолмаслик чинакам профессионалларга бегона жараёндир. Дейлик, «Вест Хэм» ва Славен Билич аутсайдерликни ўзига раво кўрмади. Шунинг учун АПЛ биринчи даврасидаги кетма-кет мағлубиятлардан кейин ҳам тинмади. Мана, Лондоннинг камтар клубига ниҳоят, омад кулиб боқмоқда. Денис Истомин ҳам инқироз давридан муносиб ўтиб, кимсан Новак Жоковични енгди. Пабло Корено Буста аслида АТР рейтингидаги 31-ўрни билан мағрурланиб юрган теннисчи. Асосийси, вадандошимиз бу рақибини ютиш принципиал аҳамият касб этишини чуқур англади ва «қоч-қув» қабилида кечган баҳсда ғалаба қозонишга куч топди.  Авс­тралия очиқ чемпионатида кучсиз теннисчининг ўзи йўқ. Бир-бирига муносиб маҳоратнинг бу каби ошкора намойишида омад ва ғалаба кўпроқ Денис Истоминдек мушоҳада юритадиган спортчиларга ён босади. Демак, теннисчимизга аввалги мусобақаларда шундай мушоҳада етишмаган.

Юқорида айтганимиздек, чин мухлис оқни оқ, қорани қора ўрнида кўришга қодир. У ҳозирнинг ўзида Денисдан мамнун ва Григор Димитровга қарши баҳси натижасидан қатъий назар, уни улуғлайверади. Мазкур мулоҳазалар АПЛнинг якшанба оқшомидаги учрашувларини кузатиш асносида қоғозга туширилди. Яъни кеча бўлиб ўтган чорак финал баҳсидан аввал шундай руҳда ёзишга ботиндик. Нега? Чунки Денис Истомин минимум миссияни бажарди. Унга максимум даражага кўтарилиш талабини қўйиш ноўрин.

Футбол мухлислари Самвел Бабаян ва унинг шогирдлари ҳам Денис Истомин каби минимум вазифани адо этишларини кутишмоқда. Тушунарлики, бу вазифа - жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Агар миллий жамоамиз минимум талабни бажарса, бирор мухлис унинг зиммасига максимум вазифани юкламайди. Бош жамоамиз таркиби саралаш мусобақаларида бир неча бор янгиланди ва сараланди, лекин сара натижадан ҳамон дарак йўқ. Натижасизликнинг ҳам ниҳояси, чек-чегараси борку, ахир! Том маънодаги профессионал муттасил натижасизликдан чарчайди, уялади. Мухлиснинг таъна ва умид балқиган нигоҳларига тик боқолмайди. Бизнингча, бош жамоамиз айни чоғ шу натижасизлик чегарасида турибди. Бошқача айтганда, самарасизлик манзилига етиб келди. Бу йўлда яна давом этса, нав­батдаги манзилга ҳам қадам ташлайди -  ўнгланмайдиган ишончсизлик чоҳи... Мураббий ва ҳар қайси футболчи бу чоҳга тушишни истамаса, Денис Истомин каби қатъият ва ишонч руҳини жамлаши зарур.

Маълумки, ҳар бир мураббий, футболчи ва жамоа ўзига яраша захира кучи билан даражаланади. Клау­дио Раньери ҳар қанча тажрибали саналмасин, «Лестер»да иккинчи марта АПЛ чемпиони бўлиш учун захира кучи йўқлиги аввалдан кўпчиликка аён эди. Клуб ҳаттоки, ўтган мавсум чемпионликка эришолмай, 2 ёки 3-ўрин билан кифояланганида ҳам, мухлислар «тулкилар»га тасанно айтишарди, барибир. Чунки жамоа фантастик ишни амалга оширди. Қолаверса, бундай омад ва қулай вазият яна қачон юзага келиши тасаввурга сиғмас ҳолат ҳисобланарди. Мураббий ва футболчилар тақдирнинг бу туҳфасини қадрлашмаса, кейинчалик ўзларини кечиролмасдилар. Қайсидир йирик мусобақада фаворит саналмайдиган жамоалар одатда шундай вазиятлардан унумли фойдаланиш эвазига натижага эришадилар. Тақдир неча бор асосий жамоамизга шу каби имконларни яратди. Таассуфки, термамиз ҳозиргача бу имконлардан фойдаланмади ёки уларни қадрламади. Ҳа, истамади эмас, балки қадрига етмади. Қайси футболчи ёки мураббий жаҳон чемпионатида иштирок этишни истамайди? Жавоб аниқ - ҳамма бирдек истайди. Аммо истакнинг ўзи билан иш битмайди. Денис Истомин бироз кучсиз саналган Иван Додичдан ташқари, кучли рақибларни ҳам енгди. Энди у шу жиҳати билан олқишга сазовор. Самвел Бабаян шогирдлари ҳам кучсизроқ рақиблари қаторида Жанубий Корея ёки Эрон термасидан бирини енгишлари шарт эди. Улар эса шу шартни бажаришмади. Ҳолбуки, бажариш имкони йўқ эмасди. Майли, ҳали ҳам бу шартни бажариш имкони мавжуд. Ўйлаймизки, Самвел Бабаян бунинг учун борки имконларини ишга солади. Яқинда Қурбон Бердиев «Рубин» билан «Барселона»ни енгиш учун қандай чора-тадбирларни амалга оширганининг батафсил таҳлили билан танишдик. Маълум бўлишича, у «Барселона»нинг ҳар бир футболчиси ҳаракатланиш механизмини ҳаддан зиёд аниқликда ўрганиб чиққан. Натижада «Барса»нинг энг ижодкор футболчисига тегишли узатма ҳам тўсиққа учраган. Миллий жамоамиз рақиблари худди шу йўсинда ўрганилса, натижа чиқишига ишончимиз комил.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:50, 06.02.2017.
Ўқилди: 5829 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.