Европанинг кучли бешлик чемпионтларида навбатдаги тур ўйинлари ўз якунига етди. France Football нашри қизиқарли учрашувларга бой бўлган ушбу турнинг рамзий терма жамоасини тузиб чиқди. Қизиғи, бу рамзий жамоанинг ҳужум чизиғи 100 % белгиялик ҳужумчилардир.
Рамзий терма жамоа қуйидагича кўриниш олган:
Дарвозабон: Самир Ҳанданович (“Интер”)
Албатта, ушбу турда чемпионат доирасида “Интер” 7 кетма-кет ғалабали юришига “Ювентус”дан учралган мағлубиятидан (1-0) кейин “Интер” посбонини рамзий термада кўриш бироз ғалати. “Нерадзурри”лар ҳафта бошида Италия кубоги чорак финалида “Латсио”га қарши ўйинда мағлубиятга учраб, кубокни эрта тарк этишди. Расмий ўйинларда кетма-кет 9 маротаба мағлубиятсиз церийасига нуқта қўйилди. Туринликлар билан баҳсда эса кичик ҳисобда мағлубиятга учрашига эса айнан словениялик посбон сабаб. Пауло Дибала, Марио Манжукич, Миралем Пяничнинг хавфли зарбаларини қайтармаганда, “Интер” йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўларди. Унинг кўрсатган бир қатор сейвлари кўп вазиятда жамоаси жонига оро кирди.
Сезар Аспиликуэта (“Челси”)
Испаниялик қанот ҳимоячиси “Арсенал”га қарши кечган баҳсда ўзининг навбатдаги юқори истеъдодини намойиш қилди. “Тўпчилар”ни бутун ўйин давомида нафас олдиришга йўл қўймаган Аспиликуэта жамоасининг йирик ғалабасига муносиб ҳиссасини қўшди. Сезар Аспиликуэта Антонио Контенинг “Челси”даги ўйин услубига мослашиб кетган саноқли футболчилардан биридир. Аспиликуэта, вазиятга қараб, тўрт ҳимоячи схемасида қанот ҳимоячиси, уч ҳимоячи тизимида эса чап марказий ҳимоячига айлана олади. “Челси” эса “Арсенал” устидан қозонилган ғалабадан кейин энг яқин таъқибчиси “Тоттенҳэм”дан нақ 9 очкога илгарилаб кетди.
Андреа Раноккиа (“Ҳалл Сити”)
“Ҳалл Сити”га “Интер”дан ижарага келиб қўшилган ҳимоячи “Ливерпул”га қарши баҳсда ўйинни заҳира ўриндиғидан бошлаши керак эди. Бироқ, “Ҳалл Сити” сардори Доусон ўзини ёмон ҳис қилди ва Раноккиага илк дақиқаларданоқ ҳаракат қилиш имконияти берилди. Ҳимояда ажойиб ҳаракат қилган “Ҳалл Сити” якунда “Ливерпул”ни 2-0 ҳисобида мағлуб этди. Андреа эса ўйиннинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.
Фредерик Соренсен (“Кёлн”)
“Волфсбург”га қарши кечган баҳсда “Кёлн”нинг энг яхши футболчиларидан бири шубҳасиз, Фредерик Соренсен бўлди. Даниялик ҳимоячи рақиб ҳужумчиси, кимсан Марио Гомесга имконият қолдирмади. Соренсен ҳаводаги курашларни бой бермади. Сўнгги олти турдан буён “Кёлн”нинг ишлари кўнгилдагидек эмасди. Ушбу ғалаба жамоани Европа Лигасига бериладиган ўринлар учун курашга қайта қўшилиши имкониятини тақдим этди.
Яримҳимоячилар: Хуан Куадрадо (“Ювентус”)
Италия дербиси баҳсида “Ювентус” жамоасига ғалаба келтирган ягона гол айнан Хуан Куадрадо томонидан киритилди. Бутун ўйин давомида ўзининг барча имкониятларини ишга солган Куадрадо муносиб тарзда ушбу рамзий терма жамоадан ўрин олди. Ушбу ғалаба “Ювентус”га чемпионлик сари навбатдаги муҳим қадамни ташлаш учун ёрдам берди.
Марко Пароло (“Лацио”)
22 турдан кейин ўз ҳисобида бор-йўғи бир голга эга бўлган Марко Пароло ўтган турда “Пескара»га қарши баҳсда ҳар томонлама «порлади». Жамоасининг «Пескара» устидан 6-2 ҳисобида ғалаба қозонишига айнан Паролонинг ҳизматлари катта бўлди. Ушбу баҳсда покерга эришган ярим ҳимоячи ўз ўйинидан мамнун қолгани аниқ.
Гонсало Эскаланте (“Эйбар”)
Ушбу турда “Валенсия”га сафар қилган “Эйбар” мезбонларни парчалаб ташлади. 4-0! Ушбу ғалабадан кейин 7-ўринга кўтарилиб олган “Эйбар” Европа Лигаси учун курашишга жиддий бел боғлаган. Аргентиналик ярим ҳимоячи эса дастлабки икки голга ўз ҳиссасини қўшди. Бундан ташқари бутун ўйин давомида ярим ҳимояда ажойиб ҳаракат қилди.
Марек Ҳамшик (“Наполи”)
“Наполи”нинг словакиялик сардори дастлабки хет-трикини “Болонья”га урди. “Наполи”даги голлари сони билан Диэго Марадонадан ҳозирча 4 гол ортда қолаётган Ҳамшикнинг ҳисобида 111 та гол бор. “Реал” Мадридга қарши баҳс яқинлашиб келаётган бир пайтда “Наполи” ажойиб спорт формасида эканлигини намойиш этмоқда. “Болонья”ни 7-1 ҳисобида “янчиб” ташлаган неаполликлар Чемпионлар Лигасига шай ҳолатда.
Ҳужумчилар: Дрис Мертенс (“Наполи”)
Ҳамшик каби Дрис Мертенс ҳам “Болонья”га қарши кечган баҳсда хет-трикка эришди. 16 гол билан айнан белгиялик ҳужумчи А серия тўпурари ҳисобланади.
Ромелу Лукаку (“Эвертон”)
Ушбу турда Ромелу Лукакунинг ишлари юришгандан юришиб кетди. “Гудисон Парк”да “Борнмут”ни қабул қилган “Эвертон” 6-3 ҳисобида ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Фаолияти давомида дастлабки покерга эришган белгиялик ҳужумчи ўйин қаҳрамонларидан бири бўлди.
Эден Азар (“Челси”)
Лондон дербисида бус афар “Челси” “Арсенал” устидан 3-1 ҳисобида ғалаба қозонди ва “тўпчилар”дан 12 очкога илгарилаб кетди. “Аристократлар”нинг 10 рақамли футболчиси ҳақиқий мўъжиза кўрсатди. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган белгиялик футболчи ўз йўлида Коселни ва Кокленларни “сеҳрлаб” қўйди, Мустафининг қаршилиги ҳам Азарга жамоасининг 2-голини уришга ҳалақит бермади. Ҳозирча Азарнинг ҳисобида 10 гол бор.