Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Даврон Файзиев: «Футболчиларни келишидан кўра, кетишидан қўрқяпман»

Баҳо:
+ | -

Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби барча жамоалар қатори янги мавсумга тайёргарликни давом эттиряпти. Бир нечта  ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишга улгурган жамоа навбатдаги синов баҳсини эртага «Қизил-қум»га қарши ўтказади. Мазкур ўйин «Бунёдкор» академияси майдонида бўлиб ўтади. Биз жиззахликлар сафидаги ўзгаришлар, тараддуд жараёни ҳамда келгусидаги режалар хусусида «Сўғдиёна» бош мураббийи Даврон Файзиевдан интервью олдик.

- Тайёргарликлар режа асосида кетяпти, - дея сўз бошлади Д.Файзиев. - Ушбу йиғинимиз 4 февралгача давом этади. Шу куни футболчилар тиббий кўрикдан ўтишади ва уларга қисқа муддатли дам берамиз. Кейин чемпионат бошлангунича Тошкентда шуғулланамиз. Боиси, олий лиганинг дастлабки икки турини айнан пойтахтда ўтказамиз. Дастлаб «Бун-ёдкор», сўнгра «Локомотив» меҳмони бўламиз. Хуллас, бизни Ўзбекистон чемпиони ва вице-чемпионига қарши кечадиган мураккаб ўйинлар кутиб турибди.

- Демак, қуръа чинакамига «Сўғдиёна» учун омадсиз келибди-да?

- Шубҳасиз. Кўпчилик «Барибир, ҳар қандай ҳолатда ҳам барча жамоалар билан ўйнаймиз-ку», дейди. Тўғри, бу фикрга қўшиламан. Лекин чемпионатни кетма-кет оғир ўйинлар билан бошлаш футболчиларнинг руҳиятини тушириб юбориши мумкин. «Локомотив» ва «Бунёдкор» ОЧЛда иштирок этишади, бу клублар ўз олдиларига жиддий мақсадларни қўйишади. Мен футболда кўпроқ ҳар бир нарсанинг ёмон томонини ўйлайман. Йигитлар бу учрашувлардан кейин «синиб» қолмасликлари керак. Тақвим биз учун омадсиз келди. Дастлабки тўртта турда мамлакатимизнинг кучли жамоаларига қарши майдонга тушамиз. Учинчи турга келибгина ўз майдонимизда «Олмалиқ» жамоасини қабул қиламиз. Кейин эса Қаршида ўтган йилги бронза медали соҳиби меҳмони бўламиз. «Насаф» билан ўйин ҳам енгил ўтмайди. Бугунги кунда энг яхши селекция ишларини Олмалиқ ва Наманган жамоалари олиб боришяпти. «Навбаҳор» таркибига Неманья Йованович, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Ғиёс Комилов сингари футболчилар қўшилишди. Шу кунларда Туркияда йиғин ўтказаётган «Олмалиқ» мураббийлар штаби ҳам легионерларни кўрикдан ўтказяпти.

- Бугунга келиб «Сўғдиёна»ни қайси футболчилар тарк этишди?

- Афсуски, асосий таркиб аъзоларининг кўпчилиги жамоадан кетишди. Жумладан, Мурод Холмуҳаммедов, Акмал Холмуродов, Жаҳонгир Жиямуродов, Музаффар Музаффаров, Бобур Қосимов кабилар бошқа клублардан қўним топишди. Яна бир истеъдодли футболчимиз Мўмин Мелиев эса «Машъал»га ўтишни лозим кўрди. Мени ҳайрон қолдирган жиҳати, 1997 йилда таваллуд топган ушбу ўйинчи муборакликларнинг ўринбосарлари сафида ўйнар экан. Ўтган мавсум Мўминни асосий жамоага ҳам жалб қилгандим. Бундан ташқари, «Сўғдиёна»да ижара асосида тўп сурган Жамшид Ҳасанов ва Сарвар Холматов ўз клублари ихтиёрига қайтишди. Алам қиладигани шундаки, йил давомида футболчиларга ўйин амалиётини берасиз, жамоангизда нисбатан ўсишга эришишади, лекин энди фойдалари тегадиган пайтда ўз клубларига қайтиб кетишади.

- Жамоангиз сафига келиб қўшилган янги футболчилар борми?

- Ўз вақтида «Пахтакор», «Андижон», «Динамо» клубларида ўйнаган Ғулом Ўрунов, «Шўртан»дан Суннатилла Мамадалиев айни пайт машғулотларимизда қатнашишяпти. Шунингдек, Рустам Аъзамов, Азамат Исроилов каби тажрибали футболчилар ҳам «Сўғдиёна» таркибида янги мавсумга тайёргарлик кўришяпти.

- Ўтган йили ўринбосарлар жамоасида ўзини ижобий томондан кўрсатган истеъдодли ёшлар борми?

- Албатта, бор. Шаҳбоз Жўрабеков, Саҳоб Расулов, Достон Орипов каби ўйинчилар ҳозир асосий жамоа билан бирга шуғулланишяпти. Улар ҳали тажриба орттиришлари, ўз устиларида кўпроқ ишлашлари лозим.

- Машғулотларда яна янги футболчилар пайдо бўлиши мумкинми?

- Мумкин. Бошқа томондан, ҳозир биз билан шуғулланаётган футболчилар юз фоиз «Сўғдиёна»да қолади, деб ҳам бўлмайди. Барибир, яна ўзгаришлар рўй беради. Сафимизга янги футболчиларнинг келиб қўшилиши баробарида айрим ўйинчиларимиз бошқа клубларга йўл олишлари мумкин. Уларнинг келишидан кўра, кетишидан қўрқяпман. Биласизми, мураббий ҳамиша ҳам селекция жараёнида муваффақиятга эриша олмайди. Футболчиларни таклиф этишда хатоларга йўл қўяди. Биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Ишонч билдирган ўйинчингиз уни оқлай олмай, сизни уялтириб қўяди. Бу ҳолат жаҳон футболида ҳам кузатилади. Фикримга исбот тариқасида биргина Поль Погбани олиш мумкин. Франциялик ярим ҳимоячининг трансфери омадсиз бўлди. Погба ўзи учун сарфланган пулларни оқламади. Бундай ўхшамаган харидлар кўп учрайди.

- Легионерларни синаб кўриш истаги йўқми?

- Биринчидан, хорижликлар текинга келишмайди. Иккинчидан, яхши савиядаги легионернинг нархи баланд. Ҳозирги шароитимизда нафақат биз, балки чемпионлик учун курашаётган жамоалар ҳам савияли легионерни харид қила олмайдилар. Клубимизнинг молиявий имкониятига қараб иш юритамиз. Иложи борича ёшларга, ўсишни астойдил хоҳлаётган йигитларга эътибор бераман ва уларга суянаман. Ҳозир вазият шундай.

- Ўтган мавсум учун клуб раҳбариятининг футболчилар ва мураббийлардан қарздорлиги йўқми?

- Менимча, юз фоиз камомади йўқ жамоанинг ўзи бўлмаса керак. Ҳамма клубларда ўзига яраша муаммолар бор. Биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Лекин секин-аста қарздорлик ёпиляпти, маошларни бериб боришяпти. Мавсум бошлангунига қадар барча қарздорлик ёпилади, деб ваъда қилишган.

- Мураббийлар штабида ўзгариш қилмайсизми?

- Шундай режа йўқ эмас. Клуб раҳбарияти яхши ёрдамчи мураббий олишим кераклигини айтган. Ҳозир бу ҳақда ўйлаяпман. Тез кунда ана шундай мутахассис клубимизда иш бошлайди. Чунки ПФЛ қарорига кўра, 2017 йилги мавсумда «ПРО» гувоҳномасига эга бўлмаган мураббийнинг олий лига клубини бошқаришига рухсат берилмайди. Менда эса бундай лицензия йўқ.

- Бошқа томондан, «ПРО» гувоҳномасига эга жуда кўп мураббийларимиз ишсиз юришибди...

- Лекин бу ОФКнинг талаби. Дуч келган кишига жамоа тақдирини топшириш ҳам нотўғри-да. Бу қарорни қўллаб-қувватлайман. Мураббийлар ўқишлари, изланишлари керак. Ўз устида ишламай қўйганлар ҳам йўқ эмас.

- «ПРО» лицензиясига ўқиш режангизда борми?

- Шундай ниятим йўқ эмас, клуб раҳбарлари ПФЛга бу борада хат билан мурожаат қилишган. Агар жорий йил «ПРО» учун ўқув курслари ташкил этилса, унда таҳсил оламан. Бу - давр талаби. Мабодо, ушбу мавсум имкон топилмаса, келаси йили, албатта, «ПРО» лицензияси учун ўқийман

- Қайси чизиқларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпсиз?

- Мени ўйлантираётган энг катта муаммо - мудофаа чизиғи. Марказий ҳимоямизни кучайтиришимиз шарт. Боиси, ушбу позициянинг икки асосий вакили жамоамизни тарк этишди. Мурод Холмуҳаммедов ва Акмал Холмуродовнинг ўрнини муносиб ҳимоячилар билан тўлдиришимиз лозим. Қолаверса, бир яхши ҳужумчи бўлса ҳам йўқ демасдим (кулади).

- Ҳимояни кучайтира оладиган футболчилар борми?

- Айни пайт шу ҳақда ўйлаяпмиз. Ҳозирги футболчилардан Элёр Орипов мудофаа марказида ўйнай олади. Ўтган йили уни бу чизиқда синаб кўргандик. Яхши таассурот қолдирганди. Лекин барибир, тажрибали ҳимоячи олишимиз керак.

- Форвард зарурати ҳақида гапирдингиз. Лекин нафақат олий лига, балки футболимизда ҳужумчи муаммоси бир неча йилдан бери долзарблигини сақлаб қоляпти...

- Бу фикрга қўшиламан. Фақат ОЧЛда ўйнаётган клубларимиз сафидагина маҳоратли ҳужумчилар бор. Бошқа жамоаларда эса юқори савиядаги форвардларни кўрмаяпман. Айтиш мумкинки, қолганларнинг даражаси деярли бир хил.

- Ўринбосарлар таркибида истеъдодли ҳужумчилар борми?

- Албатта, бор. Лекин ҳамма гап уларнинг асосий таркибда ўйнаб кетишида. Улар берилган имкониятдан фойдалана олишадими? Бу саволнинг жавобини анчадан бери тополмайман.

- Клуб раҳбарлари билан учрашдингизми? Янги мавсум режалари хусусида нима дейишяпти?

- Тошкентга келгунимизга қадар кунора учрашиб тургандик. Сўнгги икки йилда ўзгаришлар бўлди. Бу мавсум ҳам вазият ижобий тус олишига умид боғлаб турибмиз. Вилоятимиздаги футбол мутасаддилари қўллаб-қувватлашади, деган ниятдаман.

- «Сўғдиёна» янги мавсумда қандай мақсадларни кўзлаяпти?

- Жамоа раҳбарлари томонидан ҳали аниқ вазифа қўйилгани йўқ. Лекин менинг бу борада шахсий қарашларим, ниятларим тайин. «Сўғдиёна» ўтган мавсумдагидан паст ўринни эгалламаслиги шарт. Хабарингиз бор, ўтган йилни 10-ўринда якунлагандик. Ўйлашимча, бу ўша пайтдаги ҳолатимиздан келиб чиқиб гапирсак, ёмон натижа эмасди. Жамоамиз раҳбарлари ҳам 8 ёки 6-ўриндан паст натижа бўлмаслигини исташса керак.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 19:19, 12.02.2017.
Ўқилди: 11526 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.