Европа чемпионлар лигасининг плей-офф босқичидаги дастлабки ўйин ўта кутилмаган натижа билан тугади. "ПСЖ" ўз майдонида номдор "Барселона"ни қабул қилди ва нақ 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди!
"Барселона" ўз ўйинини топиб олиб, майдонда ҳукмронлик ўрнатиб олмасидан аввал унинг дарвозасига гол уриб олиш кераклигини Унаи Эмери яхши биларди. Шу боис, парижликлар ўйин бошидан ҳимоя ҳақида эмас, кўпроқ ҳужум ҳақида бош қотиришди.
Баҳснинг 11-дақиқасида чиройли комбинация натижасида Матьюди бирга-бир вазиятга чиқиб, йўллаган зарбасини тер Штеген қайтариша муваффақ бўлди. Орадан 7 дақиқа ўтиб эса ҳисоб очилди. Самуэль Умтити ўз жарима майдончаси ташқарисида Дракслерни йиқитди. Анхель ди Мария эса жарима зарбасидан ажойиб зарба йўллаб, дарвозани ишғол қилди!
Орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас ҳисоб тенглашиши керак эди. Неймарнинг чаққон ҳаракатлари ва чиройли узатмаси натижасида Андре Гомеш яккама-якка вазиятга чиқиб кетди! Унинг зарбасидан кейин тўп Траппнинг оёғига тегиб, устун ёнидан ўтиб кетди.
"ПСЖ" гол уриб олганидан кейин меҳмонларнинг тўпни назорат қилишига эътироз қилмай, қарши ҳужумда ўз омадини кута бошлади. Бу тактика ўз самарасини берди. Мезбонлар майдон марказида Мессидан тўпни олиб қўйиб, ҳужумга ўтишди. Верраттининг узатмасидан кейин Дракслер ўнг томондан жарима майдончасига кирди ва олис бурчакка аниқ зарба берди, ҳисобни 2:0га етказди.
"Барселона" жавоб ўйини олдидан яхши имконият ҳосил қилиш учун сафарда камида битта гол уриш кераклигини "кўк-анорранглилар" яхши тушунишарди. Аммо Эмери шогирдлари рақибнинг енгил нокдаун ҳолатда эканидан фойдаланиб, яна ҳужум қилишди давом этди ҳамда ишни нокаутгача олиб борди.
Иккинчи бўлим бошланганига кўп бўлмасдан Анхель ди Мария рақиб дарвозасини яна бир марта ишғол қилди. Аргентиналик футболчи жарима майдончаси ташқарисидан чап оёқда олис бурчакка тўпни "михлади"! Шу тариқа ди Мария ўзининг туғилган кунига ажойиб совға тайёрлади.
Бутун учрашув давомида ўйини чиқмаган Эдинсон Кавани ҳам ўз ҳисобига гол ёзди. Менье майдон марказида тўпни эгаллаб, ҳеч бир қаршиликсиз рақиб жарима майдончасига етиб келди ва Каванига узатма берди. Ҳужумчи аниқ зарба билан яқин бурчакни ишғол қилди.
Ана шундан кейин "ПСЖ" бироз енгил тин олиб, кўпроқ ҳимоя ҳақида ўйлади. "Барса" эса ўйин сўнггида битта яхши имкониятга эга бўлди, аммо дарвоза устуни бунга йўл қўймади. Бурчак тўпи ўйинга киритилган вазиятда Умтита 3-4 метрдан бош билан дарвозани ишғол қила олмади.
Бугун "ПСЖ" майдон марказида тўлиқ устунликка эришди. Айнан марказ томонлама каталонияликлар ўйинни бой беришди.
Жавоб ўйини 3 ҳафтадан кейин "Камп Ноу"да бўлиб ўтади. Парижликлар 4та тўп фарқидаги устунликни қўлдан чиқариб юборишмаса керак. Яна ким билади дейсиз?!
ЕЧЛ, нимчорак финал, дастлабки ўйин, 00:45
"ПСЖ" - "БАРСЕЛОНА" 4:0 (2:0)
Голлар: 1:0 – 18 Ди Мария, 2:0 – 40 Дракслер, 3:0 – 55 Ди Мария, 4:0 – 71 Кавани.
ПСЖ – Трапп, Менье, Маркиньос, Кимпембе, Курзава, Верратти (Нкунку, 70), Рабьо, Матюиди, Ди Мария (Лукас Моура, 61), Кавани, Дракслер (Пасторе, 86).
Барселона – тер Штеген, Сержи Роберто, Пике, Умтити, Альба, Андре Гомеш (Рафинья, 58), Бускетс, Иньеста (Ракитич, 73), Месси, Суарес, Неймар.
Огоҳлантиришлар: Рабьо (3), Андре Гомеш (33), Бускетс (62), Рафинья (74).