Жаҳон бокс сериясида иккинчи бор иштирок этаётган Uzbek Tigers жамоаси 2-тур жангларидан кейин гуруҳда сўнгги ўринга тушиб кетди.
Хитойда China Dragons меҳмони бўлиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган ўзбекистонлик спортчилар Қозоғистонда Astana Arlans’дан 1:4 ҳисобида енгилди.
Куннинг иккинчи ўйини Хитойда ўтиб, Россиянинг Patriot Boxing Team жамоаси мезбонлар устидан 4:1 ҳисобида зафар қучди.
Ўзбекистонлик боксчилар якунига етган 9 та жангнинг 6 тасини бой бериб улгурди. Шунингдек, Элнур Абдураимов жароҳати сабаб рингга чиқа олмагани учун, Uzbek Tigers яна битта очко бой берди.
Рио—2016 иштирокилари ҳисобланган Мурод Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Баҳодир Жалолов каби боксчилар ҳам рақибидан устун бўла олмади. Фақатгина Бектемир Мелиқўзиев жамоасига 1 очко олиб берди.
Гуруҳда қозоғистонлик боксчилар 6 очко билан пешқадам. Улар 7 та жангда ғолиб чиқа олган. Россия термаси эса жангларнинг 6 тасида устун келиб, иккинчи ўриндан жой олган.
4 март куни Uzbek Tigers россиялик спортчиларга қарши рингга чиқади. Беллашувларга Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуаси мезбонлик қилади.