«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике “ПСЖ”дан учралган қақшатгич мағлубият ва «Леганес» устидан қийинчилик билан қозонилган ғалабадан кейин ўз жамоасида тактик ўзгариш қилиш ниятида.
“Парк де Пренс”даги шармандали мағлубиятдан кейин жамоа устози Луис Энрике ТВ3 канали журналисти Хорди Фрау билан бўлган суҳбатда ўйиндаги тактик ўзгариш ҳақида сўзлаб ўтди. Журналист мураббийнинг нега ўйинда ўзгариш қилмаганлигини ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди: “Кўриниб турибдики сиз иккинчи бўлимда 4-3-3 дан 4-2-3-1га ўтганимизни кўрмай қолибсиз”.
Бироқ ўйиндаги бу ўзгариш каталонияликларга ҳеч қандай ёрдам бермади ва иккинчи бўлимда яна иккита гол ўтказиб юборди. “Леганес”га қарши баҳсда ҳам Лионел Мессининг сўнгги дақиқалардаги пеналтиси эвазига аранг ғалабани илиб кетди. Бу икки ўйиндаги қийинчиликлар туфайли Луис Энрике каталонияликлар ўйинида муҳим тактик ўзгаришлар қилиши кераклигини тушуниб етган.
Янги ўйин тизимида Луис Суарес яққол ҳужумчи ролида, унинг ортида Неймар, Инеста ва Мессилар уругвайлик ҳужумчини қўллаб қувватлаши керак бўлади. Бускетс ва Ракитич (ёки Андре Гомеш) эса таянч ярим ҳимоячилари вазифасини бажаришади.
“ПСЖ”га қарши жавоб учрашувидан олдин, “Барса” учун якшанба куни “Виценте Калдерон” стадионида кечадиган баҳс муҳим тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши мумкин. Бундай имконият каталонияликларга йирик тафовутни йўққа чиқаришга бўлган ишончни қайтариб бериши мумкин бўлади.
Бускетс йирик мағлубиятдан кейин жамоаси тактик жиҳатидан рақибига енгилганини тан олиб ўтди. “ПСЖ”га қарши “Барселона” 4-3-3 ёки 4-2-3-1 тактик схемасида ўйнашидан қатъий назар, ўзларининг энг ажойиб ўйинларини намойиш этиши талаб қилинади.