Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Алессандро Флоренци: «Оилам энг катта ютуғим»

Баҳо:
+ | -

«Рома» клуби ва Италия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Алессандро Флоренци FIFA 1904 нашрига интервью берди. Жароҳат туфайли майдонга туша олмаётган футболчи «Скуадра адзурра»нинг ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидаги, «Рома»нинг эса Италия «А» сериясидаги имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.

— Алессандро, майдонга қачон қайтасиз?

— Тиззам аста-секин тузалиб бормоқда. Врачларнинг айтишларича, ҳаммаси жойида экан. Эндиликда тиззамнинг қанчалик «нагрузка»ни кўтаришини синаб кўрамиз.

— Сиз учун «Рома» қандай аҳамият касб этади?

— Клуб - иккинчи оилам ва уйим. Болалигимда ҳам қачонлардир «Рома» либосида майдонга тушишни орзу қилганман. Ниятим амалга ошиши учун эса барчасини қилдим. Ҳозир бундан фахрланаман.

— Франческо Тотти мавсум тугагач, фаолиятини якунлаши мумкин. Шундан сўнг сардорлик боғичи сизга ўтадими?

— Ким билади дейсиз? Балки Франческо ўйнашда давом этар. Айни пайт вице-сардор Даниэле Де Росси эканлигини унутманг. У ажойиб ишларни амалга ошириб, ҳақиқий етакчига айланган.

— «Рома» 16 йиллик танаффусдан сўнг скудеттони қўлга киритиши мумкинми?

— Албатта, бош совринни «Ювентус»дан олиб қўйиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Шу ўринда айтиш жоиз, жамоамиз кун сайин кучайиб бормоқда.

— Ҳозир Римда истиқомат қиласизми?

— Ҳа. Лекин марказда эмас, шаҳар ташқарисида яшайман. Рим — мўъжизавий шаҳар, менинг уйим. Бу ерда ҳар доим нимадир рўй беради. Шаҳарда ҳамма нарса бор: тарих, маданият, спорт.

— Нима деб ўйлайсиз, «А» серияси бошқа чемпионатлардан нимаси билан фарқ қилади?

— Лигамиз ишончли тарзда аввалги ўрнига қайтишда давом этмоқда. Менимча, бутун Италия, бу ердаги клублар шунинг учун меҳнат қилишмоқда. Тўғри, ҳозир «А» серия савия борасида Англия премьер-лигасига тенглашолмайди. Лекин яқин орада жаҳоннинг энг кучли биринчиликлари билан рақобатлаша оламиз. Топ-футболчилар яна Италия клублари билан шартномалар имзолашмоқда. Бунинг ўзи ҳам кўп нарсани англатади.

— Италия терма жамоаси яна кучлилар қаторига кира оладими?

— Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Таркибимизда тажрибали футболчилар билан бирга ёш иқтидорлар ҳам бор. Жамоанинг янги устози Жампьеро Вентура яхши ўйин кўрсатишимиз учун меҳнат қилмоқда. У тактик жиҳатдан анча кучли мутахассис.

— Арриго Саккининг «Италия футболи ўта консерватив ва эскирган», деган фикрларига қўшиласизми?

— Эскирган деган фикрга қўшилмайману, лекин тактика ҳақида гапирадиган бўлсак, итальян футболи шубҳасиз консерватив.

— 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ҳақида нима дейсиз?

— Ҳар бир футболчи ўз терма жамоасининг йирик турнирда иштирок этишини истайди. Европа чемпионатида Италия ёмон ўйнамади. ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида ҳам яхши ҳаракат қилмоқда. Лекин мени шахсан қачон оёққа туришим қизиқтиради. Аввалига жароҳатимни бартараф этай, кейин мундиал борасида бош қотираман.

— Антонио Конте яна италиялик мураббийларга эътибор қаратишларига сабаб бўлди. Унинг ўйин услуби сизга ёқадими?

— Жуда ҳам. «Челси»да унинг ишлари юришаётгани мен учун янгилик эмас. Конте жуда кўп ишлайди. Антонионинг услуби Англияда натижа бераётганидан хурсандман. Айнан у туфайли Италия футболи олдинга бир қадам ташлади. Еврода ҳам яхши ўйин намойиш қилганимиз унинг хизматларидир. Антониони жуда ҳурмат қиламан.

— Футболчи сифатида яна нимани истардингиз?

— «А» серияда ўйнашни бошлаганимданоқ истакларим амалга ошди, десам муболаға бўлмайди. Аммо яна бир-иккита соврин ютсам, камлик қилмасди.

— Ёзда қиз фарзандли бўлдингиз. У ҳаётингизни қанчалик ўзгартириб юборди?

— Бўлажак рафиқамни учратган ва қизим туғилган кунлар ҳаётимдаги энг яхшиларидир. Оталик масъулияти муҳим ва ўзгача. Турмуш ўртоғим, қизим ва оилам энг катта ютуғимдир. Умид қиламанки, улар учун ҳам шундай. Ишонмаслигингиз мумкин, жароҳат туфайли кўпроқ вақтимни қизалоғим Пенелопа билан ўтказдим.

— Сиз ҳам «Рома»да 40 ёшгача ўйнамоқчимисиз?

— (кулади) Билмадим. Яшасак кўраверамиз. Лекин бутун оиласи «Рома»га мухлислик қиладиган футболчи учун бу жамоа сафида ўйнаш катта шараф.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:59, 25.02.2017.
Ўқилди: 3233 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.