Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Футболдаги фантастик фириб

Баҳо:
+ | -

Қарангки, барчани ёқа ушлашга мажбур этган фирибгарлик ҳам тақдир инояти билан айнан АПЛда юз берган.

1996 йили «Блайт Спартанс» ярим профессионал клубида тўп сурадиган африкалик ҳаваскор йигит «Осилсанг, баланд дорга осил» мақолига амал қилиб, ғаройиб ғояни амалга оширади. Унинг илтимосига биноан, курсдошдошларидан бири «Саутгемптон»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Грэм Сунессга қўнғироқ қилиб, машҳур футболчи номидан гапиради: «Алло, жаноб Сунесс? Сизни Жорж Веа безовта қиляпти. Битта  ажойиб таклифим бор». Хуллас, сохта «Жорж Веа» мураббийга амакиваччасини ўта иқтидорли ва келажаги порлоқ йигит сифатида таърифлайди ва уни ўз жамоасида синаб кўришини таклиф этади. Гап орасида йигитча яқинда «ПСЖ» билан келишолмаганини ҳам алоҳида таъкидлашни унутмайди. Жаноб Сунесс эса таклифни қабул қилади ва Али Диа «Саутгемптон» кўригидан ўтиб, қисқа муддатли шартнома остига имзо чекади. Янги футболчига 33-рақамли формани топширишади ва у «Лидс»га қарши баҳсда майдонга ҳам тушади. Бироқ дебют шунчалик омадсиз чиқадики, мураббий атиги 35 дақиқадан сўнг уни захира вакили билан алмаштиради. Ваҳоланки, Али ўйинга захирадан қўшилганди. «Унинг машғулотлардаги хатти-ҳаракатларини кўриб, кўзларимга ишонмай қолдим: «Бу йигит нима қиляпти ўзи?» Хуллас, илк марта кўрганда, ўйладимки, у қандайдир танлов ғолиби сифатида жамоа машғулотларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган омадли мухлис...»,-дея хотирлайди «авлиёлар»нинг афсонавий ўйинчиларидан бири Мэттью Ле Тиссье. Ўша ўйиндан кейин Али Диа билан тузилган битим бекор қилинади, The Times эса уни АПЛ тарихидаги энг омадсиз харид сифатида қайд этади. Мана, орадан 20 йил ўтди ва бу муддат ичида футболдаги антиқа фирибгарлик афсона мақомига кўтарилди, унинг бош қаҳрамони эса Англиянинг буюк ёлғончисига айланди. Тўғри, АПЛдаги шармандагарчиликдан сўнг Алига нима бўлгани номаълум эди. Кимдир уни қишлоқда молбоқарлик қилаётганини, бошқа биров Саудияга кетиб, умрини ибодатга бахш этганини айтади. Диани ашаддий жиноятчига чиқараётганлар ҳам, умуман, дунёдан кўз юмганини таъкидлайдилар ҳам йўқ эмас. Қизиғи, бу каби миш-мишлар «Саутгемптон»ни сира хавотирга солмайди: ортига «Диа» ёзуви туширилган футболкалар ҳозир ҳам 79,99 фунтдан сотилмоқда. Ҳа, 20 йил ортда қолган экан, энди ҳақиқатни ошкор қилиш мумкиндир...

Ота-онаси

Сенегал. Дакарнинг нуфузли Dieуppeul-Derkle тумани. Икки кўчанинг кесишувида қад ростлаган 3 қаватли бетон уй. Ҳовлидаги ўсимликлар олами иншоотнинг ташқи кўринишига янада даҳшатлироқ тус бериб туради. Унинг асосий қисмини қум, ғишт ва тупроқ уюмлари банд этган, лапанглаб чайқалиб турувчи симлар, қурилиш чиқиндилари ва аллақачон бўяшга муҳтож бўлиб қолган кулранг девор Африканинг шафқатсиз воқелигидан далолат. Али Дианинг оиласи шу хонадонда истиқомат қилади. Отаси истеъфодаги дипломат, бир пайтлар Сенегалнинг Париждаги элчихонасида хизмат қилган. Онаси эса ўрта мактаб ўқитувчиси, улар 6 нафар фарзанд (4 нафар қиз ва 2 нафар ўғил)ни тарбиялаб, вояга етказишган. «Али бизнес соҳасида таҳсил олди. 2003 йили Сан-Франциско университетида магистр даражасига эришди ва маълум муддат Қатарда ишлади»,-дейди собиқ футболчисининг онаси. Али Дианинг ўзида 2 нафар ўғли бор. Тўнғичи Симон ота изидан борди ва айни пайт Сен-Кантеннинг «Олимпик» клубида тўп суради.

Али «Саутгемптон» билан алоқани узгач, мавсумни Англия бешинчи дивизиони вакили - «Гейтсхед»да давом эттиради. Лекин кейинчалик изсиз ғойиб бўлади. Журналистлар эса Али Диа трансфери билан боғлиқ қаллобликни фош қилиш йўлида изланишларни тўхтатмайдилар. Жорж Веа ҳеч қандай Алини танимаслигини қайта-қайта таъкидлаган бир пайт футболчининг онаси ривоят йўналишини тўқсон даражага буриб юборади: «Веа Францияда яшайдиган қизим - Софининг яқин дўсти эди. Али либериялик футболчи ҳақидаги маълумотларни айнан ундан олганди. Иккиси ҳозир ҳам мулоқот қилиб туради». Футболчининг отаси - Усмон Диа вазиятга шундай баҳо беради: «Али аслида ҳақиқий футболчи эди. Ҳа, ҳа, ҳа. Мен шундай футболчининг отаси эканлигимдан фархланаман! Айниқса, унинг 1988 йилги Locotte кубоги финалидаги голидан кейин ғурурим ошганди. Ахир ўшанда бутун Сенегал халқидан қутлов олгандим». Умуман, она ўғлининг илм-фан билан шуғулланишини истар, шу боис, футболга хайрихоҳ эмасди: «Али 15 ёшли пайти синф раҳбари менга қўнғироқ қилиб, унинг анчадан буён мактабга қатнамаётганини айтди. Шунда табиийки, бу маълумотни текширишга ошиқдим. Борсам, Али чиндан ҳам, футбол майдончасида тўп тепаётган экан. Биз ўзаро узоқ суҳбатлашишдик ва у шундан сўнг мактабга қайтди. Муҳими, фақат аъло баҳоларга ўқиди».

Буюк қаллоблик муаллифи ким?

Сенегалдаги Generation Foote академияси президенти Мади Туре. У африкалик ёш иқтидор соҳибларини Европага жойлаштириш билан шуғулланади. Жумладан, Садьо Мане ва Диафра Сакони аввал Франция, кейин Англияга «экспорт» қилди. Туренинг айтишича, у Диа билан Париж университетида танишган. Ўшанда иккови ҳам 20 ёшда бўлиб, ётоқхонада бирга яшашган. Туре тўртинчи лига вакили - «Тон» клубида тўп сурарди. Грэм Сунессга айнан у қўнғироқ қилган. Умуман, Али Диа транфсери Туренинг илк иши эди. «Али жуда иқтидорли йигит бўлиб, тўп билан рақсга тушишни қойиллатарди, қолаверса, жисмоний кўрсаткичларига ҳавас қилса арзирди. Лекин машғулотларда дангасалиги тутиб, тезлигини унча ишга солмасди. Умуман, Алининг футболдаги муаммоларига ота-онаси сабабчидир. Чунки улар ўғилларини университетда таҳсил олишга мажбур этишди...»,-дея эслайди Мади. Ажралмас икки дўст кўпинча кечки овқатдан сўнг аччиқгина кўк чой ичганча футбол масаласида қандайдир режалар тузишарди. Мади келажакда таниқли агент сифатида танилишни орзу қилса, Али «МЮ» сафида тўп суриш, беҳисоб пул ишлаб, онасини ҳашаматли қаср билан сийлашни ўйларди: «Эски танишларимиз Лига 1 доирасидаги ўйинларда бизга илҳом бағишлашарди. Масалан, Этьенн Менди юлдузга айланиш орзуси билан яшарди ва бунга эришди». Бироқ Али Диа 1992 йилнинг октябрида тушкун аҳволга тушиб қолади. Яъни янги шартнома имзоланадиган паллада машғулотларга бориш ўрнига темир йўл вокзалига йўл олади. «Али ўрнига нотаниш бир йигит келди. Табиийки, уни машғулотларга қўймадик»,-дея хотирлаганди «Жорж Веа». Зикр этилган нотаниш Алининг яна бир курсдоши эди ва у футболчининг вокзалга кетганини айтади. Шунда жамоа менежерлари дарҳол вокзалга «учишади» ва сўнгги паллада футболчини ортга қайтаришади. Хуллас, Али маоши оширилганидан кейингина мавсум охирига қадар жамоа сафида тўп суради. Футболчи шундан сўнг ўз ватанига қайтади ва ота-онасига университетдан ҳайдалгани, энди футбол билан жиддий шуғулланишини маълум қилади. «Биз уни Парижда таълим олиб, докторлик унвони билан қайтишини хоҳлардик. Ўғлимизни 1987 йили Францияга айни шу мақсадда юборгандик. Бироқ у якунда футболни танлади. Яширмайман, рафиқамга қўшилиб, Алини бу йўлдан қайтаришга уриндим. Бироқ у орадан 2 йил ўтгач, футболга қайтди, барибир»,- дея хотирлайди Усмон Диа. Онаси эса бунга шундай қўшимча қилади: «Спортчининг фаолияти жуда қисқа бўлади. Шу сабаб, ўғлимнинг футбол ўйнашини истамасдим. Лекин тақдирига шу битилган экан, нима ҳам дердим?»

Али Диа Францияга 18 ёшида кўчиб ўтган. Демак, 9 йилдан кейин 27 ёшини қаршилаган. Хўш, унда «Жорж Веа» иқтидор соҳибини «Саутгемптон» раҳбариятига тавсия этганида, клуб мутасаддилари наҳотки, унинг ёшини суриштирмаган бўлсалар? Усмон Диа ҳам, унинг умр йўлдоши ҳам Алининг қайси жамоаларда тўп сурганини тўлиқ эслаб қолишмаган - «Дижон», «Сен-Кантен», Дания ва Ньюкаслдаги қайсидир клублар, «Саутгемптон»... Отасининг айтишича, Али «авлиёлар» кўригига боришдан аввал икки марта жарроҳлик муолажасини олган экан. Энг ажабланарлиси, улар шов-шувли фирибгарликдан яқиндагина хабардор бўлишган. «Бир танишим қўнғироқ қилиб, тезда телевизорни ёқишимни сўради. Қарасам, ўғлим ҳақида кўрсатув намойиш этиляпти, аммо унда айтилган аксарият гаплар бўҳтон эди. Шунда адвокатга мурожаат этишни ўйладик. Лекин якунда барчасини Яратганнинг ҳукмига ҳавола этишни маъ-қул кўрдик. Ҳарқалай, тез орада ҳақиқат юзага чиқишига шубҳамиз йўқ»,-дейди Усмон Диа.

Алининг ўғли - Симон Диа

Қаҳрамонимизнинг тўнғич фарзанди отасининг фириби хусусидаги саволлардан ўзини олиб қочмайди: «Йўқ, отам Жорж Веанинг қариндоши эмас. Лекин ўз мақсади йўлида ёлғон ишлатгандир, эҳтимол -  буни инкор этолмайман. Зеро, у ўз йўлидан қайтмайдиган инсон. Аммо бу ишларнинг менга умуман алоқаси йўқ».

Али Диа ҳозир Қаерда?

Али ўтган йили Қатар банкларидан бири билан имзолаган шартномаси муддати тугаганидан сўнг мамлакатдан чиқиб кетди. Собиқ футболчи у ерда молиявий маслаҳатчи сифатида ишларди. Энди Лондонда шу ихтисослик бўйича ишга кириб, синов муддатини ўтамоқда. «Саутгемптон» билан юзага келган можаро туфайли журналистлар билан деярли мулоқот қилмайди. Фақат Bleacher Report мухбирларига айтган гаплари бундан мустасно: «Онамга қатъий оҳангда тушунтирганман: ҳеч қандай айбим йўқ. Шунчаки, журналистлар пашшадан фил ясагандилар...». Али шунингдек, ОАВ вакилларидан қаттиқ ранжиганини яширмайди: «Улар мени муттаҳам ёлғончига чиқариб қўйишди. Аслида чиндан ҳам, 1987|1988 йиллар мавсумида «ПСЖ» таркибида тўп сурганман, ҳаттоки, Париж кубогини қўлга киритганман. 1994 йили Сулаймон Башир (африкалик таниқли агент) билан танишдим. У мени Британия футболига олиб кирди. Аввалига «Саутгемптон» ўринбосарлар жамоасида шуғулландим. Кейин икки ҳафта асосий таркиб вакиллари билан ишладим. Мураббийлар имкониятларимдан яхши хабардор эдилар. «Лидс»га қарши ўша учрашувдан бир кун аввал жамоамиз икки гуруҳга бўлинган ва ўзаро куч синашгандик. Эсимда, ўшанда 3та гол ургандим. Сунесс шундан сўнг мени алоҳида мақтаб, «Лидс» билан ўйинда таркибга қўшишини айтди. У аслида мени сўнгги дақиқаларда синаб кўрмоқчи эди, бироқ Ле Тиссье биринчи бўлимда жароҳатлангач, ҳеч қандай тайёргарликсиз унинг ўрнини тўлдиришимга тўғри келди. Хуллас, озгина қизишиб олмаганим панд берди». Бу гапларини эътиборга олсак, у «Саутгемптон» билан тасодифий омадсизлик туфайли эрта хайрлашгандек...

Шунда жамоа менежерлари дарҳол вокзалга «учишади» ва сўнгги паллада футболчини ортга қайтаришади. Хуллас, Али маоши оширилганидан кейингина мавсум охирига қадар жамоа сафида тўп суради.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:36, 28.02.2017.
Ўқилди: 9160 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.