Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Левандовски: «Блекберн»га ўтишим ҳеч гап эмасди»

Баҳо:
+ | -

Англияда ҳам «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскига нисбатан қизиқиш даражаси жуда баланд. Шуни инобатга олган The Daily Mail журналистлари польшалик голеадор билан суҳбатлашиш чоғи АПЛ мавзусини ҳам очишди. Зеро, Роберт вақтида «Блэкберн» аъзосига айланиши мумкин эди. Замонавий футболдаги энг моҳир тўпурарлардан бири шу ҳақда гапиришдан ташқари, Юрген Клопп билан 50 еврога гаров боғлагани ва дортмундликлар ёрдамида савияли ҳужумчи сифатида шаклланганини баён этди.

- Роберт Левандовскининг ўз фаолиятидан хурсандлиги аниқ. Лекин сизни Англия чемпионатида кўришни хоҳлайдиганлар жуда кўп. Ҳарқалай, бундеслиганинг 147та ўйинида 107та гол урган ҳужумчи АПЛда ортиқчалик қилмасди. Агар 2010 йили об-ҳаво шароити халақит бермаганида, эҳтимол, «Блэкберн» билан шартнома тузардингиз. Айтингчи, шундай тақдирда ҳозир қандай натижаларга эришардингиз, премьер-лигада ҳам ўзингизни кўрсата олармидингиз?

- Эҳ, 7 йил олдинги гаплар... Ҳа, дарҳақиқат, Англияга кўчиб ўтиш имкониятини ҳосил қилгандим. Таклиф тушгач, табиийки, «Блэкберн» билан яқинроқ танишишни хоҳладим - машғулотлар базаси қандай, стадиони яхшими, шарт-шароитлар талабга мувофиқми...? Табиийки, клуб мақсадларига ҳам бефарқ эмасдим. Хуллас, барчасини ўз кўзим билан кўриш учун Блэкбернга бормоқчи бўлдим. Зеро, бунгача шаҳарнинг қаерда жойлашганини ҳам билмасдим. Бироқ осмонни қуюқ тутун қоплагани сабаб, самолёт рейси қолдирилган ва мен Англияга боролмагандим. Балки шу ҳолат кузатилмаганида, ҳаммаси бошқача ривожланармиди? Ўйлайманки, агар «Блэкберн» сафига қўшилганимда, бемалол ўйнаб кетардим. Чунки иштиёқим жуда баланд эди...

- Аслида «Блэкберн» билан келишувга эришишингиз эҳтимоли баланд бўлган экан. Хусусан, клуб трансферингиз учун 4 миллион фунт стерлинг тўлашга рози эди...

- Қуёқ тутун Исландиядаги Эйяфьядлайекюдль вулқони отилиши натижасида юзага келганди. Эсимда, бутун осмон хиралашган ва Европанинг маълум қисмида самолётларнинг учиши имконсиз бўлиб қолганди. Тақдир экан, ўша куни Польшадан чиқолмадим ва тайёр трансфер келишуви амалга ошмади. Чунончи, бундан олдин Сэм Эллардайс билан учрашиб, бафуржа гаплашиб олгандик. У шахсан мени кўриш учун Польшага борган ва биз навбатдаги ўйин тугагач, барчасини муҳокама қилганмиз. Эллардайсни ажойиб инсон ва савияли мураббий ўрнида кўраман. У атрофига ёш иқтидорларни тўплаётганию, улардан ўзига хос, ўзгача жамоа шакллантиришни хоҳлашини айтганди. Машҳурлигига қарамай, ортимдан Польшага сафар қилганининг ўзи характеридан нишона эди.

- Нима, Англияга кейинроқ йўл олишингиз мумкин эмасмиди? Бунга нима халақит берди?

- Қаранг, ўшанда чипта олишга ҳам улгургандим, аммо Англия томон учолмадим. Тақдир ҳукми шу бўлса керак-да. Хўш, кутилмаган ҳолат ҳаётимни нечоғли ўзгартирди? Табиийки, мисли кўрилмаган даражада! Бир ўйланг, агар «Блэкберн»га ўтганимда, бундеслигада ўйнармидим? Бир нарса дейиш қийин. Ҳа, АПЛга ўсиш имконини берувчи лига сифатида қараганим рост. Аммо сўнгги паллада Лехда қолишимга тўғри келди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, менга «Боруссия»нинг қизиқаётгани ҳақида хабар топдим. Бундай ҳолатда қандайдир 5 дақиқада якуний қарор қабул қилолмасдим. Охир-оқибат, Германия лигаси фаолиятим учун навбатдаги бекатга айланди.

- Кейин Юрген Клопп бошқарувида идеал ҳужумчи мақомига эришдингиз - кучли, тезкор, ҳар икки оёқда ажойиб ўйнайдиган ва зарба йўллайдиган, «иккинчи қават»да устунлик қиладиган чинакам юлдуз. Хуллас, «Боруссия» етакчиси сифатида бундеслиганинг 2 карра ғолиби бўлишдан ташқари, 2013 йили ЧЛ финалида иштирок этдингиз...

- Шубҳа йўқ, ўйинимнинг кучайишида айнан Клоппнинг таъсири мислсиз. Уни эслаганимда, доимо юзимга табассум югуради. Клопп шунчаки, мени ўз кучимга ишонишга мажбурлади. «Боруссия» сафига қўшилганимда, илк 3-4 ой ичида ажойиб бир «ўйин» анъана тусини олганди: мураббий ҳужумчига қарши. Яъни иккимиз ҳар сафар 50 еврога гаров боғлардик. Аввалига нуқул Клопп ютди, уни анча бойитганман (кулади). Тўғри, кейинчалик умумий вазиятни ўзгариб, ютқазган пулларимни ортиғи билан қайтариб олдим! Якунда иш шу даражага етиб бордики, Юрген шунчаки, гаров боғлашдан бош тортадиган бўлди. Ахир ютқазавериб, пулдан айрилиш кимга ҳам ёқарди? Энди гаровимиз моҳиятига келсак, ўйинда гол урсам, 50 евро олардим, мабодо уролмасам, унга шунча санаб берардим. Муҳими, мураббий шу йўл билан менда нафақат гол уришга иштиёқни, балки ўз кучимга нисбатан ишончни ҳам оширди. Ажойиб ёндашув!

- Клоппнинг «Ливерпул»даги иши қандай таассурот уйғотмоқда?

- Кўриниб турибди, жамоа футболчилари «прессинг»га асосланган футбол намойиш этишяпти. Мен ҳам Юргендан айнан тўпсиз қандай ҳаракатланишни ўрганганман. У яна футболчилар билан ҳужумларни якунлаш масаласида иш олиб боришга уста. Ишончим комил, «Ливерпуль» вакилларини ҳам ҳали янги даражага олиб чиқади.

- Айни пайт футбол бобида нимадандир афсусланишингиз ортиқча. Айтишларича, 28 ёшни уриб қўйганингизга қарамай, ҳамон мукаммалликка эришиш йўлида кўп тер тўкар экансиз.

- Ўрганиш ва изланишнинг ёшга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Эсимда, болалигимда Варшава кўчаларида тўп ортидан югуриб, қачондир профессионал даражада ўйнашни орзу қилардим. Дейлик, Тьерри Анрининг «Арсенал»даги ўйинларидан ўзгача илҳом олардим. Унинг тўпни олиб юриш техникасидан ҳайратланиш баробарида барчасини машғулотларда такрорлашга уринардим. Тьерри ижросидаги голларни бир эсланг... Йўқ, айнан унга ўхшашни хоҳлаган эмасман, аммо ўйинларига қараб, нималарнидир ўзлаштиришга ҳаракат қилганимни тан оламан. Ҳозир ҳам шундай: қандайдир янгилик кўрсам, уни ўзимда синаб кўраман, албатта. Ахир идеалликнинг чек-чегараси йўқ.

- Умуман, футболда Клоппдан ташқари, яна кимларнинг кучли таъсирини ҳис қилгансиз?

- Мана, менга Хосеп Гвардиола бошқарувида ўйнаш ҳам насиб этди. Унинг ўйинга ёндашуви ўзига хос. Пеп менга бутун майдонни кўриш ва ҳис қилишни ўргатди. Шунингдек, Илкай Гюндоган, Марио Гётце ва Эмре Жан каби йигитларни эътироф этаман. Ўйинимнинг яхшиланишида уларнинг ҳиссалари ҳам бор. Умуман, мен билан бирга ўйнаган барча футболчилардан нимадир олганман.

- Майдон ташқариси, яъни кундалик ҳаётда кўпроқ кимга суянасиз?

-Албатта, хотиним Аннанинг ҳаётимда тутган ўрни катта. У ҳам беқиёс таъсир кучига эга. Сизга айтсам, Анна нафақат ажойиб каратэчи (у 2009 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалини ютган), балки яна тўғри овқатланиш қоидалари ҳақидаги 4та китоб муаллифи ҳам. Шахсан менинг бу масаладаги ёндашувим ўзгаришида айнан Анна катта роль бажарди.

- Дортмундда жамоадошларингиз сизга «Рама» лақабини беришганини қандай изоҳлайсиз?

- Бу - спорт залидаги машғулотлар самараси. Ҳужумчининг доимо бақувват ҳимоячиларга қаршилик қилишига тўғри келади. Табиийки, улар сени йўлларидан шунчаки, четга суриб ташлашга уринадилар. Шундай экан, ҳужумчига жисмоний куч ҳам зарур. Буни тушунган ҳолда, тренажёр залида кўп ишлардим. Натижада «Боруссия»да ўз-ўзидан «Рама»га айланиб қолгандим.

- Хотинингиз Аннани диетолог сифатида таърифладингиз. Сир бўлмаса, овқатланиш тартибингизга кенгроқ тўхталсангиз.

- Ҳаммаси оддий: нонуштада баъзан бўтқа ейман, гоҳида тухум. Мол гўштини танлашим ҳам мумкин, албатта, қайла билан. Аслида қатъий парҳезга амал қилмайман - бир сафар 100 грамм таом тановул қилсам, ке-йинги гал бу 200 граммга ошиши ҳеч гап эмас. Хотинимнинг аралашувига келсак, олдинлари ширинлик олдида ўзимни сира тўхтатолмасдим. Энди бу нарса таомномамдан тушиб қолди. Аниқроқ айтсам, 3-4 йил олдин ҳар куни ширинлик истеъмол қилардим, ҳозир эса шу одатни батамом ташладим. Тўғри, гоҳ-гоҳида қора шоколад ейишим мумкин, аммо бошқасига ўтмайман. Ҳозир ҳаттоки, стол устида шоколад ёки тортга кўзим тушса ҳам, кўнглим тортмайди. Эҳ, авваллари ширинлик «асири» эдим. Бунинг фойдасини яққол сезяпман ҳам. Мисол учун, олдинлари ҳафтада 2-3 марта майдонга тушишимизга тўғри келса, бутун 90 дақиқа давомида тетик югуролмасдим. Энди эса ўзимни анча енгил ҳис қиляпман, чунки талаб даражасида тайёргарлик кўришга одатландим. Аннанинг тавсиясига кўра, овқатланиш тартибини аста-секин ўзгартириб бордим. Биринчи навбатда, ширинликдан воз кечган бўлсам, кейин ёғли маҳсулотларни меъёрига туширдим. Менга сигир ва соя ёғи маъқул. Бодом ва гуруч ёғи - бошқа масала. Ҳа, энг муҳими, алкоголь ичимликларидан ҳам деярли бутунлай «қўл ювдим».

- Роберт, охирги вақтларда кўпчиликни Хитой пуллари оҳанрабодек тортмоқда. Хусусан, қишда сизга ҳам Осиёдан манфаатли таклиф тушди...

- Еврофутболда қиладиган ишларим ҳали якунлангани йўқ. Ҳамон нуфузли совринларга ташналигим бор. Айнан шунинг учун Хитой клубининг ақл бовар қилмас таклифини рад этдим. Чунончи, «Бавария»нинг Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонадиган вақти келди, менимча. Клубнинг кетма-кет 3 мавсум ярим финалда тўхтаганини инобатга олсак, бу сафар ушбу тўсиқни енгиб ўтишимиз шарт. Боз устига, айни пайт жамоамизни айнан ЧЛ бўйича етук мутахассис Карло Анчелотти бошқар-япти. Умид қиламанки, жорий мавсум халқаро аренада ҳам ниҳоят, омадимиз юришади.

- Энди гаровимиз моҳиятига келсак, ўйинда гол урсам, 50 евро олардим, мабодо уролмасам, унга шунча санаб берардим. Муҳими, мураббий шу йўл билан менда нафақат гол уришга иштиёқни, балки ўз кучимга нисбатан ишончни ҳам оширди. Ажойиб ёндашув!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:29, 04.03.2017.
Ўқилди: 6235 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.