Португалиянинг 2000 йиллардаги энг яхши футболчиларидан бири сифатида мухлислар меҳрини қозонган Симау Саброза Россиянинг «Советский спорт» нашрига интервью берди. Фаолиятини якунлаганидан сўнг телевидениеда иш бошлаб, «Симаунинг дўстлари» кўрсатуви орқали янада кўпроқ шуҳрат қозонди. Ушбу лойиҳа машҳур футболчилар билан интервью уюштиришга мўлжалланган. Ҳозиргача Диега Коста ва Серхио Агуэро каби юлдузлар Саброзанинг меҳмонига айланишган. Португалиялик яқин орада Иньеста, Месси ва Роналду билан суҳбат қуришни режалаштирмоқда.
- Россиялик бирор-бир футболчи билан интервью уюштириш ниятингиз борми?
- Умид қиламанки, яқин орада уларга ҳам навбат келади. Энг асосий муаммо - тил масаласи. Улар билан қандай гаплашаман? Лекин ушбу қийинчиликни бартараф этиш мумкин. Россияда бир қанча дўстларим бор.
- Дастлабки суҳбатга улардан қайси бирини танламоқчисиз?
- Аленичевни. У ажойиб инсон, Португалияда кўпчиликка таниш. Боз устига, кўрсатувимиз фақат маҳаллий аҳоли учун мўлжалланган. Дмитрий уларда қизиқиш уйғотиши турган гап.
- Демак, у Португалияда энг машҳур рус футболчиси ҳисобланар экан-да?
- Худди шундай. Унинг ёнига Кульков ва Юранни ҳам қўшиш мақсадга мувофиқ. Дмитрийни кўпроқ эслашларига сабаб, унинг «Порту» билан совринларни ютганига кўп бўлмади. Албатта, россиялик бошқа футболчилар ҳақида ҳам гапиришим мумкин. Аммо Аленичевга қарши ўйнаганим учун унинг имкониятларини яхши биламан.
- Шунингдек, Марат Измайловга қарши ҳам ўйнагансиз.
- У ўйинда ҳам, майдон ташқарисида ҳам одамовидек туюлган. Менимча, унинг ёпиқлигига тез-тез жароҳат олгани сабаб бўлса керак. Атрофдагиларга эса доим қайғуда юрадигандек туюлган. Лекин ўйнаганида юксак иқтидор эгаси эканлиги кўриниб турарди. Марат «Спортинг»да ажойиб ўйинлар намойиш этган. Афсуски, «Порту»да ўз даражасига чиқа олмади.
- Россия футболининг бугунги авлоди ҳақида гапирсак, бирор-бир номни эслай оласизми?
- Ўғлим ЦСКАда 10-рақам остида ўйнайдиган футболчининг либосини олиб боришимни сўради. Лекин исмини билмайман. Умуман олганда, россиялик ўйинчиларни юзларидан танимайман. Исмларини эслаб қолиш эса қийин.
- Аршавинни танирсиз?
- Албатта, у юлдуз-ку. Россиялик энг машҳур футболчи. Фақат Аршавин ҳозир Россия терма жамоасида ўйнамаяпти. Дарвоқе, ЦСКАдаги эгизакларни ҳам танийман. Қачонлардир уларга қарши тўп сурганман.
- Португалияликларнинг Россия чемпионатида ўйнашга қарши эмасликлари ҳақида сўз очдингиз. Сизни ҳам чақиришганми?
- Йўқ. Бирорта ҳам таклиф олмаганман.
- «Бенфика»да Мануэл Фернандеш билан ўйнагансиз.
- «Бешиктош»да ҳам. Унинг қандай ўсаётганига гувоҳ бўлганман. Ману «Бенфика»даги фаолиятини бошлаганида мен сардор эдим. Фернандеш иқтидорли, жисмонан кучли ва кўп голлар уради.
- Унинг топ-клубларда иши қовушмаганига нима сабаб бўлди?
- Ҳақиқатан ҳам «Валенсия»да ўзини кўрсата олмади. Аммо «Бешиктош»да доим майдонга тушарди. Ваҳоланки, Фернандешнинг даражаси ҳар қандай топ-клубда ўйнаш имконини беради. Нимага иши юришмади? Бунга аниқ жавоб беролмайман. Балки жароҳатлар халал бергандир. Шунингдек, мураббийлар қарорларини ҳам унутмаслик керак. Бу кўп учраб турадиган ҳолат. Замонавий футболда мураббийлардан кучли психолог бўлиш талаб этилади. Менимча, Мануэл ўз чизиғида Европанинг энг яхши футболчиларидан бири.
- «Бенфика»да Андрей Каряка билан ҳам тўқнаш келгансиз...
- У рақобатчим эди. Чап қанотда мен ўйнардим, Андрей эса сиқиб чиқара олмаган (кулади). Шу боис ҳам Каряка ўнг қанотда ёки ҳужумчи ортида майдонга тушарди. Унга осон бўлмагани эсимда. Тилни билмагани учун мослашиши қийин кечган, биз эса ёрдам беришга ҳаракат қилардик. Каряка «Бенфика»да кўплаб ўйинлар ўтказиб, ўз техникаси билан ажралиб турган. Айтганча, у ҳозир ҳам ўйнаяптими?
- Йўқ, премьер-лига клубида катта мураббий бўлиб ишлаяпти.
- Собиқ футболчиларнинг фаолиятларини мураббий сифатида давом эттиришларини кўриш - ҳамиша ёқимли.
- Унинг интервьюси туфайли юзага келган можаро эсингиздами? Жамоадагилар ўша гапларни ўқиб, қандай хулосага келишган?
- Бундай вазиятлар футболчилар орасида ҳал қилинади. Каряка узр сўраган ва ёзилган нарсаларни гапирмаганини айтган. Нотўғри таржима туфайли кўплаб муаммолар келиб чиққани, турли можаролар вужудга келганига гувоҳ бўлганмиз. Лекин ўша интервьюдан сўнг ҳеч нима ўзгармаган. Каряка ҳамон жамоамизнинг бир қисми бўлиб қолаверган.
- Лекин Куман билан ҳам чиқиша олмаган.
- Футболчи ўйин амалиётига эга бўлмаса, шундай ҳолатга тушиши табиий. У ўз норозилигини билдиради. Тўғри, мураббий тўғрисида нимадир деган, лекин буни ҳам унутиб юборишган. Албатта, қандай гапи бўлса, матбуотга эмас, мураббийнинг ўзига айтиши керак эди.
- «Бенфика» ва клубнинг иккинчи жамоаси ўйинларини кузатиб борасизми?
- Ҳа, стадионга бориб, айрим учрашувларни томоша қилдим.
- Демак, Виталий Лисцовни кўргансиз. Россиялик ҳимоячининг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Унинг имкониятлари юқори. Менимча, клубдагилар Лисцовни ижарага бериб, яхши қилишган.
- Нима деб ўйлайсиз, Виталий яхши ишласа, Линделофнинг йўлидан бора оладими?
- Ҳа. Лекин асосий жамоа таркибига кириш жуда қийин. Ўйлайманки, Лисцовни ёрқин келажак кутиб турибди.
- Кўплаб сербиялик футболчиларни сотиб олаётган «Бенфика» Россия бозорига эътибор қаратмаяпти. Бизнинг ёшлар қимматлик қиляптими ёки савия борасида сербияликлар билан рақобатлашиш қийинми?
- Клубда фақат яхшиларни қидиришади. Миллатининг аҳамияти йўқ. Балки яқин орада «Бенфика» серблардан русларга ўтар.
- Россияда кўплаб португалиялик мураббийлар ишлашган. Жорже Жезуш ёки Руй Витория каби кучли мутахассислар ҳам Россияга келишлари мумкинми?
- Уларга Европада талаб кучли, лекин бу борада бир нима дейиш қийин. Айни пайт эса ушбу мутахассислар ўз клубларини тарк этмоқчи эмаслар. Жезуш «Спортинг»дан кетса ҳам Европада қолишни маъқул кўради. Руй Виторияни эса «Бенфика»дан чақириб олиш имконсиз. Чунки уни Лиссабонда барчаси қониқтирмоқда.
- Ёзда Россияда Конфедерациялар кубоги баҳслари бўлиб ўтади. Унда Португалия термаси ғолиб чиқиши мумкинми?
- Миллий жамоамизнинг яна бир йирик турнирда муваффақият қозонишига ишонаман.
- Сизнингча, португалиялик ёш футболчилардан қайси бири ушбу мусобақада ўзини кўрсатади?
- Жоау Мариу! У менга жуда ёқади, қолаверса, анча ёш. Энг истиқболли ўйинчиларимиздан бири Ренату Саншеш «Бавария»да кўп ўйнамаяпти. Шунга қарамай, бу футболчиларнинг иккиси ҳам ўта иқтидорли.