Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эҳтиросга эрк берилса ёки машҳур мураббийлар тўқнашуви

Баҳо:
+ | -

«МЮ»-«Ливерпуль» ўртасидаги баҳс давомида Моуриньо ва Клоппнинг муштлашиб кетишларига сал қолди. Bombardir.ru мазкур ҳолатга назар соларкан, учрашув пайтида бир-бирига беҳурматлик қилган мураббийлар ҳақида мақола тайёрлаб, улар иштирокидаги воқеаларни эсга олди.

Моуриньо - Клопп

Бу энг сўнгги тўқнашув. Жозе ўз услубига содиқ қолган ҳолда жаҳл отига минган ҳамкасбининг ҳаракатларини мазах қилганча кузатаркан, ҳиссиётларнинг янада жунбушга келишига сабаб бўлди. Бунга Эрреранинг Фирмино билан тўқнашиб кетгани ҳам сабаб бўлди ва натижада, Клопп захирадаги ҳакамга бақира бошлади. Моуриньо эса гап нимадалигини аниқлашга уринди. «У менинг футболчимга камида сариқ карточка кўрсатилишини хоҳлаганди!» - деди немис мураббийи ўйиндан кейин норози оҳангда. «Ҳеч нима талаб қилишни истамагандим, ҳаммаси кўнгилдагидай кетаётганди», - деди португалиялик мутахассис ўзига билдирилган айбларни инкор этиб. Умуман олганда, бу икки шахс иштирокисиз мазкур ўйин зерикарли бўлиши аниқ эди.

Моуриньо - Венгер

Мазкур воқеа ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Моуриньо ва Венгер, мана ўн йилдирки, бир-бирларига нисбатан илиқ фикр бирдиришмаса-да, 2014 йилнинг кузигача очиқ «муҳораба»га киришишмаганди. Икки жамоа ўртасидаги учрашувда рўй берган навбатдаги тортишув эса «Арсенал» мураббийини ақлдан оздираёзди - ҳамкасбининг техник зонадан ташқарига чиқиб кетганини кўрган «Челси» устози уни тартибга чақиришга уринди. Икки ўртада гап талашиш бошланди, сўнг Моуриньо рақиб жамоаси устозини туртиб юборди ва бу ҳам етмагандай, унинг бўйинбоғидан ушлаб олди. Оқибатда, ушбу олишув муҳрланган кадрлар бутун дунёга тарқалди.

«У менинг техник зонамга кирди. Агар ўйинчиларига йўл-йўриқ кўрсатганида ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Арсен эса ҳакамдан Ивановични майдонда чиқариб юборишни сўради. Бу адолатдан эмас. Ўйлашимча, мазкур ҳолатда сиз ҳақиқий Венгерни - «адолат курашчиси»ни кўрдингиз», - деди Жозе. «Арсенал» устозининг жавоби ҳам шунга яраша бўлди: «Қўполлик ишлатилган вазиятдан сўнг Санчеснинг аҳволидан хабар олмоқчи эдим, холос. Аммо кутилмаганда ножўя муносабат қаршисидан чиқдим. Моуриньони туртмадим. Агар чиндан шундай қилсам, унинг қандай аҳволга тушишишини тасаввур қилиш қийин. Аслида, Моуриньога қўлим тегиб кетди, холос».

Моуриньо - Виланова

Испания суперкубоги учун кечган баҳснинг охирларида кўнгилни хира торттирадиган воқеа рўй берди - футболчиларнинг ўзаро орани очиқ қилишга киришиб кетишлари натижасида бир нечта четлатиш кузатилди. Моуриньо эса фурсатдан фойдаланиб, Виланованинг кўзларига бармоғини тиқиб олди. Таниқли мураббийнинг обрў-эътиборига ярашмаган бу ҳаракат жавобсиз қолмади, албатта - айбдор шапалоқ қабул қилиб олди. Кейинроқ португалиялик мутахассис ножўя қилиғи учун узр сўради. Шундан сўнг икки мураббий ўртасида муаммо кузатилмади. «Мен хоҳлаган 3 истак? Биринчиси, Виланова тезроқ соғайиб кетсин», - деди Моуриньо каталониялик ҳамкасбининг хасталигидан хабар топгач. Афсуски, «Беназир»нинг хоҳиши амалга ошмади...

Пардью - Венгер

Бу воқеа чамаси 10 йил олдин содир бўлганди. Ўшанда Алан Пардьюнинг «Вест Хэм»и сўнгги дақиқаларда «Арсенал» дарвозасига ғалаба тўпини киритиб, шу тариқа ҳар икки мураббийни эсидан оғдирганди. Пардью хурсандчиликдан ўзини йўқотиб қўйди ва кутилмаганда, Венгер томон йўл олди. «Тўпчилар» устози эса ҳамкасбини туртиб юборди. «Агар ғалабани нишонлаш чоғида ҳаддимдан ошишни истаганимда, буни албатта, уддалардим. Мен фақат Арсен ва «Арсенал»дан узр сўрамоқчи эдим, холос», - деганди ўшанда Пардью. Бугунга келиб, барча тушунмовчиликлар ортда қолган: Венгер Пардьюнинг фаолиятига юқори баҳо бермоқда. Алан эса, ўз ўрнида, французни Англия термаси мураббийлигига энг муносиб номзод, деб билади.

Леннон - Маккойст

Шотландияда «Селтик» ва «Рейнжерс» ўртасидаги баҳс жуда асабий ўтиши одатий ҳолга айланган. Шундай учрашувларнинг бирида, «кельтлар» бош мураббийи Нил Леннон «жерс»лар устозининг ёрдамчиси Элли Маккойстни жилмайганча олқишлади. Ўйиндан кейин эса ҳамкасбининг таъзирини беришга шайланди. Яхшиямки, бунинг олди олинди. Оқибатда, Леннон тўрт, Маккойст эса иккита учрашувга четлатилди. Энг қизиғи, бу икки мутахассис - яқин дўстлар. Рўй берган воқеа эса уларнинг кейинги муносабатларига заррача таъсир ўтказмади.

Манчини - Фергюсон

Манчестер дербиси иштирокчилари ҳам икки йил аввал ғалати аҳволга тушиб қолишганди. «Манчини бутун ўйин давомида ҳакамларга нима қилиш кераклигини уқтириб турди, мунтазам равишда норозилик билдирди. Яна қанча шикоят қилиш мумкин?» - деди фиғони фалакка чиққан Фергюсон. Италиялик эса киноядан ўзини тутолмади: «Фергюсон ҳеч қачон реферилар билан мулоқотга киришмайди. Йўқ-йўқ, ҳеч қачон! Қандай воқеа юз берди? Захирадаги ҳакам билан гаплашаётганимда, Фергюсон олдимга келиб, бир нечта «ширин» гапларини менга «илинди». Негалигидан бехабарман».

Жезуш - Лопетеги

«Спортинг»нинг ҳозирги устози Жорже Жезуш тўғрисида озгина бўлса-да таниганлар португалияликнинг бугунги рўйхатимиздан ўрин олганига ажабланмасликлари аниқ. «Бенфика»ни бошқарган кезлари унинг рақиб жамоа футболчилари ва мураббийлари билан юз берган тўқнашувларидан бутун бир тўплам қилиш мукин эди. Жезуш «бургутлар» бошқарувидаги сўнгги мавсумида ўз услубига хос равишда, ашаддий рақиб - «Порту» бош мураббийи Хулен Лопетегининг фамилиясини айтишга қийналишини таъкидлаб, ҳамкасбининг жиғига тега бошлади.

Жамоалар «Да Луш»да ўзаро рўбарў келишган, ўшанда «Бенфика» стратегик жиҳатдан муҳим дуранг(0:0)га имзо чекканди. Бу эса клубнинг мавсумни чемпион сифатида ниҳоялашида қўл келди. Учрашувдан сўнг ҳар икки мураббий ўзаро қўл сиқишишди, кейин эса муштлашиб кетишларига бир баҳя қолди. Жезуш кейинроқ ҳамкасби нима демоқчи бўлганини яхши тушунмагани, бироқ шахсига нисбатан билдирилган ёмон сўзлардан кейин ўзини босиб туролмаганини айтди. Лопетеги эса исм-шарифини бунчалик хижжалаб айтилишидан ранжигани ва яна «Лотопеги» деган сўзни эшитса, муштига зўр беришини таъкидлади.

Раҳимов - Отеро

2014 йили «Спартак» ва «Терек» клублари ўртасида ўтказилган учрашув жуда оғир кечган, ўшанда пойтахтликлар финал ҳуштаги янграшига саноқли дақиқалар қолганидагина ҳисобни тенглаштиришганди. Буни эса грознийликлар бош мураббийи Раҳимов трибунадан кузатди - у «спартакчилар» мураббийлар штаби вакиллари Маркос Отеро ва Харун Гюленлар билан жанжаллашгани учун ўйиндан четлатилганди. Дарвоқе, учовлон кейинги учрашувда ҳам дисквалификация туфайли иштирок этолмадилар.

Дарвоқе, Раҳимов ва Отеро ўйиндан кейиноқ ярашиб олишди, ўзларига нисбатан белгиланган жазо ва жаримани ҳам хотиржам қабул қилишди. «Кўпчилик менинг ҳаракатларимни тушунса керак, аммо профессионал сифатида ўзимни тута билишим шарт эди», - деди «Терек» устози. «Спартак» вакиллари эса воқеага изоҳ бериб ўтиришмади.

Мойес - Манчини

«Манчестер Сити» кутилмаганда «Эвертон»га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди, Роберто Манчини эса ўзини номуносибларча тутди - Дэвид Мойес майдонни тарк этган тўпни ушламоқчи бўлганида, италиялик мутахассис унга ташланди. «Шаҳарликлар» устози шу қадар қўпол ҳаракат қилдики, натижада унинг ҳамкасби бир муддат ТВ кадридан йўқолиб қолди. Учрашув ҳаками эса гап нимадалигини аниқлашни ҳам хоҳламай, икковлонни трибунага ҳайдади. «Тўпни қўлимга олганимда Робертонинг мен томон яқинлашаётгани эътиборимни торт­ди. Ушбу ҳаракати билан у футбол ва жамоасига нақадар содиқлигини кўрсатди. Ҳамкасбимга ҳеч қандай даъвом йўқ, зеро бу футболнинг бир қисми, холос. Шунга қарамай, Манчини мендан узр сўради, у шунчаки, жамоасини яхши кўради ва ҳаммасини ўз фойдасига ҳал қилишни истайди», - деди Мойес ўйиндан сўнг берган интервьюсида.

Григорчук - Рамос

Шунга ўхшаш воқеалар Украина чемпионатида ҳам кузатилган. Ўшанда «Черноморец» ва «Днепр» чиндан ҳам ўта кучли клублар ҳисобланишар ва еврокубокларда мамлакат номини муносиб ҳимоя қилишарди. Одессаликлар бош мураббийи Роман Григорчук «Днепр»нинг ҳисобга олинмаган голидан кейин кутилмаганда Хуанде Рамосга ташланди, аммо кейинроқ ҳамкасбига қарши даъвоси бўлмаганини таъкидлади: «Рамос масаласига келсак, унга ҳеч қандай саволим йўқ. Шунчаки, биринчи навбатда «фейр-плей»га риоя этиш лозимлигини айтдим, холос. Агар айбдор бўлсам, узр сўрашга тайёрман. Рамосга ҳурматим жуда баланд».

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:58, 06.03.2017.
Ўқилди: 8956 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.