Лина Черязова - 1968 йилнинг 1 ноябрида Тошкентда туғилган. Фристайл бўйича жаҳон чемпиони, икки карра жаҳон кубоги ғолиби, Лиллехаммер олимпиадаси чемпиони. "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи", "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвонлари билан такдирланган. Лина 7 ёшидан гимнастика, 12 ёшидан бошлаб 18 ёшигача акробатика билан шуғулланган. Акробатика бўйича Ўзбекистон чемпиони.
Лина ўн саккиз ёшга тўлгач, спортнинг қишки тури - чанғи учиш - фристайлда ўз имкониятларини юзага чикаришга бел боғлади У қия трамплиндан чанғида катта тезликда тушиш, сўнг қайрилмадан парвоз этиб, 15-20 метр баландликда айланиш, ҳавода ҳар хил машқларни бажариш, қорга оҳиста қўниш бехатар эмаслигини тушунгани ҳолда шу машаққатли йўлни танлади.
Орадан саккиз йил ўтгач, қуёшли Ўзбекистон вакили бўлган бу қиз 26 ёшида дунёни лол қолдириб, қишки олимпия ўйинлари чемпиони бўлишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди, албатта.
1990 йили Европа чемпионатида бронза медалини қўлга киритиши унинг ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. 1993 йили у жаҳон чемпиони ҳамда жаҳон кубоги соҳиби бўлди.
Лина Черязова 1994 йили жароҳатланган бўлишига қарамай Лиллехаммер Олимпиадасида қатнашди ва ҳавода уч марта айланадиган мураккаб дастурни бажариб, мислсиз ғалабага эришди! Унинг бу муваффақияти мустақил Ўзбекистон спортчиларининг олимпиадада қўлга киритган биринчи олтин медали сифатида тарихимиздан муносиб ўрин олди.
Лина Черязова 1996 йили Харбиндаги Осиё ўйинларида, 1998 йили Нагано олимпиадасида иштирок этди. Қуёшли юрт қизининг жумлаи жаҳонда қор маликаси деб тан олиниши, оғир руҳий ва жисмоний жароҳатларни писанд этмай, шундай нуфузли мусобақаларда қатнашиши ва ғолибликка даъвогарлик қилишининг ўзи тенгсиз мўъжиза, инсон матонати ҳақидаги достондир.