Кириш Регистрация

Испания чемпиони ким бўлади?

Баҳо:
+ | -

Ла Лиганинг ушбу мавсуми тугашига 12 тур қолганида етакчи уч жамоаларнинг орасидаги фарқ 4 очкони ташкил этмоқда. Мавсумнинг якуний қисмида «Барселона», “Реал Мадрид” ёки “Севилья” жамоаларидан қайси бирида имконият юқори? Goal нашри бу клубларнинг имкониятларини сарҳисоб қилди.

Европанинг кучли бешлик чемпионатларида чемпионлик учун кураш қизғин палласига кириб келмоқда. Испания Ла Лигасида ҳар доимгидек «Реал» ва «Барселона» жамоалари соврин учун асосий даъвогарлар сафида. Бу икки жамоани ҳозирда бир очко ажратиб турибди. «Қироллик клуби»да бир заҳира ўйин борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу фарқ нари борса икки очкога ўзгариши мумкин. Пойтахт жамоаси ва каталонияликлар соврин учун бир-бирини қувиб бораркан, 2014 ва 2015 йилги мавсумларда бўлгани каби, яна бир учинчи жамоа уларни таъқиб қилиб келмоқда. Ўша мавсумларда «Атлетико Мадрид» рақобатчи бўлган бўлса, бу мавсумда «Севилья» икки гранд жамоани тенгма-тенг қувиб келмоқда. Етакчидан 4 очко ортда қолаётган Хорхе Сампаоли шогирдлари ҳам Ла Лига чемпионлиги учун ажойиб имкониятларга эга. Уч мавсум олдин «Атлетико Мадрид» бу вазифани уддалай олган бўлса, “Севилья” ҳам ўз омадини синаб кўриши керак.

“Барселона”. Чемпионатдаги ўрни : 1

Тақвим: ушбу ҳафтада мўъжиза кўрсатиб, “ПСЖ”ни Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборган “Барселона” ҳозирча Ла Лигада етакчилик қилмоқда. Бироқ, “Реал Мадрид”да бир заҳира ўйинга эгалигини ҳисобга оладиган бўлсак, Луис Энрике жамоаси пешқадамликни бой бериши мумкин. Фақатгина “Барселона” энг яқин икки таъқибчиси билан иккинчи даврада ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олиш имкониятига эга. Бундан ташқари, “Барселона”ни “Вилярреал”га қарши осон бўлмаган баҳс ҳам кутиб турибди. Иккинчи даврадаги “Эл cласиcо” эса “Сантяго Бернабеу”да бўлишини ҳисобга олсак, каталонияликларни анча қалтис тақвим кутиб турибди.

Жамоанинг ҳозирги ҳолати: “Барселона”нинг ҳозирги спорт формаси таҳцинга сазовор даражада. Жамоа Ла Лигада 7-турдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Бироқ, бу уларнинг энг ҳайратланарли жиҳати эмас. Энг ҳайратланарли жиҳати Луис Энрике шогирдларининг сўнгги ўйинларда кўрсатаётган юқори спорт формасидир. Месси ва унинг шериклари сўнгги уч ўйинда (барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда) 17 бора рақиб дарвозабонларини ранжитган. “ПСЖ”га қарши баҳсда қудратли кучини қайта топиб олган МСН жамоасига рухий далда бериши ва мавсумнинг якуний қисмида шерикларини чемпионлик сари етаклай олиши мумкин.

“Реал Мадрид”. Чемпионатдаги ўрни : 2

Тақвим: чемпионликка даъвогар уч жамоа орасида айнан «Реал Мадрид» ажойиб тақвимга эга дейишимиз мумкин. Бир тарафдан, «Қироллик клуби» «Селта»га қарши заҳира ўйинга эга. Бошқа тарафдан эса, Зидан шогирдларини қийин учрашувлар кутиб тургани йўқ. Агарда «Сан Мамес»га қилинадиган сафар ўйинини ҳисобга олмасак. Амалдаги Европа чемпионлари азалий рақибини 33-тур доирасида айнан ўз уйида қабул қилади. «Атлетико Мадрид»га қарши ўйин ҳам «Сантяго Бернабеу»да бўлади. Апрел ойи охирида бўладиган ушбу баҳслардан Зидан жамоаси ғолиб сифатида чиққудек бўлса, соврин улардан бошқага кетиб қолмаслиги аниқроқ.

Жамоанинг ҳозирги ҳолати: “Реал Мадрид” ҳозирда мавсумдаги энг яхши даврини бошдан кечирмоқда дея олмаймиз. Ла Лиганинг сўнгги 4 учрашувидан атиги иккитасида ғалаба қозонди. Бундан ташқари, барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда, сўнгги беш ўйинда Зидан шогирдлари ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олмаяпти. Шунга қарамай, яқиндагина Неаполга сафар қилган Роналду ва унинг шериклари йирик учрашувларда ўзларини йўқотиб қўймайди. Жамоа айнан қийин пайтда босимни енга олиш қобилиятига эга ва бу уларга соврин сари дадил олға боришда жудаям асқотади.

“Севилья”. Чемпионатдаги ўрни : 3

Тақвим: «Севилья» «Реал Мадрид»га қарши баҳс олиб бормайди. Бироқ, Сампаоли шогирдларини “Барселона” ва “Атлетико”га қарши қийин баҳслар кутиб турибди. Бу икки учрашув айнан сафарда бўлишини ҳисобга олсак, дарҳақиқат “Севилья” анча тер тўкишига тўғри келади. Европа Чемпионлар Лигасидаги иштирокини ҳам давом эттираётган “Севилья” Ла Лигада анча меҳнат қилишлари талаб этилади. “Севилья”нинг энг катта ютуқларидан бири эса, Ла Лиганинг сўнгги 4 учрашувидан учтасини ўз уйида ўтказади. Ҳозирги пайтдаги мақсад эса катта талофотларсиз мавсумнинг якуний босқичига етиб бориш.

Жамоанинг ҳозирги ҳолати: Бир ҳафта олдин ҳам “Севилья” анча барқарор ўйин намойиш этаётган ва чемпионатдаги пешқадам рақибларини тенгма-тенг қувиб бораётган эди. Насри ва унинг шерикларининг беш учрашувдан иборат ғалабали церийасини кутилмаганда “Алавес” тўхтатиб қўйди. Ҳозир, Сампаоли шогирдлари ўзларини ўнглаб олишлари учун айни муддаодир. Ўзлари учун тарихий мавсумга айланишини ҳис қилиб турган “Севилья” чемпионлик учун ўзида янги куч топа олармикин? Буни эса албатта, вақт кўрсатади.

Манба: muhokama.com
Киритилди: 21:36, 11.03.2017.
Ўқилди: 14250 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.