1968 йилда пайдо бўлгани айтилган «Сурхон» футбол клуби ўзининг янги логотипини тақдим этди. Бир ой илгари бу борада танлов эълон қилинган бўлиб, клуб раҳбарияти чизилган ишлар орасидан ўзи учун энг маъқулини танлаб олди.
Янги логотип Тошкент кимё технология институтининг II босқич талабаси Азамат Умаров томонидан ишланган. «Сурхон» футбол клуби шундоқ ҳам кўриниб турган манзара ҳақида узун ҳикоя қилган. Айтилишича, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг бош тарихий обидаси — Имом Ал-Ҳаким Ат-Термизий логотипда акс этган.
Логотип муаллифи ўзининг Twitter саҳифасида қолган ишларини ҳам тақдим этиб, унинг тагига «Сурхонга таклиф қилган логоларим. Энг туфтасини ўзлари танлашди-я», деб изоҳ қолдирган. «Сурхон» футбол клуби раҳбарияти нима сабабдан энг туфта логотипни афзал билгани очиқланмаган.
Кейинроқ Азамат Умаров «Мен буни бошқачароқ чизгандим. Лекин ўзбошимчалик билан ўзгартиришган. Яна уялмай, Азамат Умаров деб ёзиб қўйишди», дея тушунтириш берган. Чизилган логотип учун соврин берилдими деган саволга эса «Билмасам… Шу исмимни ёзишмаса шуни ўзи соврин эди…», дея жавоб берган.