“Навбаҳор” – “Нефтчи” учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарди.
"Ўйин ҳақида гап кетганида рақибнинг дастлабки ва бутун баҳс давомидаги ягона бурчак тўпидан кейин ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Ўша вазиятда футболчиларимиз бир муддатга диққат эътиборни йўқотиб, охиригача ўйнай олишмади. Бу эса ҳисобни очилишига сабабчи бўлди. “Водий дерби”сига жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. “Нефтчи”нинг ҳар бир чизиқда намойиш этадиган ўйинини махсус тайёрланган видеоролик орқали жамоамиз аъзолари билан биргаликда кўриб чиққандик. Бугун ҳужумда совуққонлик билан ҳаракат қилиш етишмади. Бундан ташқари бироз омадимиз ҳам чопмади. Рақиб дарвозаси олдидан бир нечта хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Йигитларга дастлабки 15 дақиқада тезкор гол уришга интилишлари кераклигини айтиб ўтгандим. Футболчиларимиз майдонда Навоийда “Қизилқум”га қарши кечган баҳсдаги каби тўп суришгани учун уларга раҳмат айтаман. Ирода намойиш этиб, дурангни таъминлашни уддасидан чиқишди. Учрашув якунланишига 5-6 дақиқа қолганида ғалабани илиб кетиш мақсадида тўпни олдинга тепиб, гол уришгани учун ўйинимиз бироз ўхшамади. Қолган вақт давомида эса асосан тўпни бир-бирларига аниқ ошириш орқали ўйин кўрсатишганди. Ҳужумдаги ҳаракатларимизда бироз оқсоқлик кузатилмоқда. Айнан шу сабабли дуранг билан чекланишга мажбур бўлдик. Машғулотларда бу каби хато ва камчиликларни бартараф этиш устида иш олиб борамиз. Ортда қолган учта турда Саидов, Ғофуров ва Комилов каби ҳужум чизиғида тўп сурмайдиган футболчилар гол уришди. Шу сабабли ҳужумчиларимиздан гол талаб қиламан. Бугун Йованович пенальтидан гол урган бўлсада уни ўйиндан гол уришини истайман. Ўз навбатида ҳимояда ҳам камчиликлар мавжуд. Мақсадимиз ҳар бир учрашувда ўз дарвозамиз дахлсизлигини таъминлашдан иборат. Лекин, ортда қолган учта ўйинда тўртта гол ўтказиб юбордик. Учта турда гол уришга эришган бўлсакда, ҳужумчиларимизни ҳам гол муаллифлари бўлишини хоҳлайман. Йовановични 2016 йилги чемпионатда намойиш этган ўйинлари учун жамоага таклиф этгандик. Ҳужумчимиз 3-турда дастлабки голини уришга эришди. Янада жиддий тарзда ишлаб натижаларимизни яхшилашга эътибор қаратамиз. Ҳар бир ўйин биз учун жуда муҳим. Таркибга шу сабабли тажрибали футболчиларни жалб этганмиз. Навбатдаги турдаги рақибимиз учта турда юз фоизлик натижани қайд этишга эришди. Қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар “Динамо”га қарши ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳаттоки, дуранг натижа ҳам бизни қониқтирмайди. Чунки ортга энди йўл йўқ. Рўзимбой Аҳмедов бетоб бўлганлиги сабабли машғулотларда қатнаша олмади. Айни пайтда тўлиқ соғайиб улгурмаганлиги сабабли, бугун уни қайдномага киритилмади. Ҳужумчимизни йўқлиги ҳам бугун билинди" - деди Мўминжонов.