Басклар ўйин бошиданоқ мадридликлар дарвозаси томон катта босим уюштиришди. Ҳаттоки, Зидан шогирдлари дастлабки 10 дақиқа давомида майдон марказидан ўта олишмади. Баҳснинг 15-дақиқасида бильбаоликлар ҳисобни очишга жуда яқин келишди. Жаримадан етказилган узатмани Гарсия бош билан дарвоза олдига ташлаб берди. Ерай Альварес 5-6 метрдан дарвоза томон аниқ зарба бера олмади. Тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
Орадан бир дақиқа ўтиб Бензема Роналдуни жуда қулай вазиятга чиқарди. Унинг зарбасини мезбонлар посбони қайтаришга муваффақ бўлди.
Баҳснинг 25-дақиқасига келиб ҳисоб очилди. Каземиро майдон марказидан берган узатмаси натижасида Роналду чап қанотдан олдинга ўтди ва нариги томондан жарима майдончасига кираётган Бенземага пес берди. Карим бирга бир вазиятдан самарали фойдаланди.
Ушбу гол мезбонларнинг шаштини анча пасайтириб қўйди ва танаффусга "Реал" кичик ҳисобдаги устунликда йўл олди.
Басклар иккинчи бўлимни яна катта ташаббус билан бошлашди. Ўйиннинг 63-дақиқасида Иньяки Уильямс 10 метрлардан дарвоза томон берган зарбани Кейлор Навас қайтаришга муваффақ бўлди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, мезбонлар ўз мақсадларига эришишди. Ўнг қанотдан етказилган узатмани Рауль Гарсия бош билан Адурис ташлаб берди. Ҳужумчи 3-4 метрдан бош билан дарвозани ишғол қилди.
"Мадрид" ҳисобда яна олдинга чиқиб олиши учун 3 дақиқа кифоя қилди. Бу сафар ҳам Зидан шогирдлари "стандарт" ёрдамга келди. Фақат қутқарувчи вазифасини Каземиро бажарди. Бурчакдан етказилган узатма натижасида тўп Роналдунинг бошидан дарвозабон майдончаси ичида очилган Каземирога келиб тушди. Бразилиялик ярим ҳимоячи деярли бўш дарвозани ишғол қилди.
Орадан кўп ўтмасдан "Реал" 100 фоизли имкониятдан фойдалана олмади! Дастлаб Бензема чап томондан дарвозабон майдончсига ёриб кириб, Роналдуга пас берди. Ҳимоячи бир амаллаб тўпни қайтарди. Марсело эса жуда яқин масофадан тўпни юқорига тепиб юборди.
Ҳисобни тенглаштириш учун Уильямсда яхши имконият юзага келди. Унинг ўнг томондан жарима майдончаси кириб, ўткир бурчак остида берган зарбасини Навас қайтариб қолди.
Шу тариқа, "Реал" муҳим ғалабани қўлга киритди ва пешқадамлик мавқеини сақлаб қоладиган бўлди.
Испания Ла лигаси, 28-тур, 20:15
"АТЛЕТИК БИЛЬБАО" - "РЕАЛ МАДРИД" - 1:2 (0:1)
Голлар: 0:1 – 25 Бензема, 1:1 – 65 Адурис, 1:2 – 68 Каземиро.
Атлетик – Аррисабалага, Иньиго Лекуэ (Муниаин, 59), Лапорт, Йерай Альварес, Де Маркос, Рауль Гарсия (Сусаета, 86), Итурраспе, Иньяки Уильямс, Беньят (Микель Рико, 79), Баленсиага, Адурис.
Реал Мадрид – Навас, Начо, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич (Васкес, 62), Каземиро, Кроос, Бэйл, Роналду (Иско, 79), Бензема (Мората, 85).
Огоҳлантиришлар: Адурис (28), Карвахаль (28), Каземиро (31), Кроос (71), Навас (90).