Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Сардор Азмун - Бердиевнинг тутинган ўғли

Баҳо:
+ | -

ЖЧ-2018 саралаши 3-босқичида Ўзбекистон термаси билан бир гуруҳдан жой эгаллаган Эрон жамоаси ҳақида кўп гаплашганмиз. Форсларнинг қандай кучга эга эканликлари-ю, таркибдаги футболчилари тўғрисида тегишлича тасаввурга эгамиз. Шунга қарамай, жорий йил июнида ўз майдонида ҳам-юртларимизга қарши тўп сурадиган ушбу термага тааллуқли ҳар қандай маълумот бизни қизиқтираверади. Шуни инобатга олган ҳолда эронликларнинг бугунги кундаги энг ёрқин юлдузларидан бири, ўзининг ажойиб ўйинлари ва чиройли голлари туфайли жаҳон оммаси эътиборини ўзига тортаётган Сардор Азмун билан яқинроқ танишиш мақсадида Россиянинг «Ростов» клуби ҳужумчисининг яшил майдон ва унинг ташқарисидаги ҳаёт тарзига назар ташлаймиз.

Волейболчи бўлиши мумкин эди

Сардор Азмунни футбол мактабидан ҳайдашганида (сабаби ҳамон аниқланмаган), кейинчалик нима қилиш борасида кўп иккиланмади. Шунчаки, отасига қадрли бўлган маскан - волейбол секциясига борди. Ўша кезлари унинг ёши 13да эди. Орадан бир йил ўтиб, Сардор Эрон ўсмирлар термаси сафига кирди. Ҳа, Азмунлар оиласининг барча аъзолари волейболга бевосита алоқадор. Отаси Эронда юқори савияли ўйинчи ҳисобланган: терма жамоада 8 йил, Осиёнинг энг яхши волейболчисига аталган соврин. Онаси эса узоқ вақт мураббий сифатида фаолият юритган, опаси терма жамоада ўйнаган, турмушга чиқиши туфайли спортдан кетган.

Сардорнинг қарори бутун оилани хурсанд қилганди, аммо бу қувонч узоққа чўзилмади - волейбол йиғинлари арафасида йигитчани футболга қайтаришди. Гомбеде-Кавус шаҳрида янги жамоа очилгач, академия бош мураббийи шу пайтгача ўзи кузатиб юрган барча иқтидорли ёшларни таркибга жалб этди. Азмунни бу чорлов қизиқтириб қўйган, аммо вазиятни ота-онасига қандай тушунтиришни билмасди: балки, волейболни жонидан ортиқ кўрувчи яқинлари кутилмаган ўзгаришга қарши чиқишар?! Волейбол термаси савиясига мос тушгани ҳолда футболда номаълум даражада тўп суриш - келажакни шубҳа остига қўйсада, оиласи Сардорнинг танловини қўллаб-қувватлади. «Отам мени волейбол билан шуғулланишга асло мажбурламаган, - деганди Азмун. - У ҳаётда ўз йўлимни танлаш, жамиятда ўзимни қандай тутишим кераклигини ўргатган. Мисол учун, ҳеч қачон чилим чекмаганман ва атрофдагиларнинг барча футболчиларни ушбу иллатга дахлдор сифатида кўрсатишларини тушунмайман. Соғлиғини бу тахлит хавф остига қўйишга қарши бўлган йигитларнинг кўпини танийман». Ҳозирда Азмун йилига икки-уч марта волейбол ўйнаб туради, шунда ҳам роҳатланиш мақсадида. Имкон туғилса, қадрдон шаҳри жамоаси сафида шуғулланади. Ота-онаси Азмуннинг ортидан Россияга кўчиб келишган - эронлик футболчи уларнинг бошқа ишламасликларини хоҳлади. «Отам шаҳримиздаги «Гондбад» жамоаси мураббийи эди. Аммо бир сафар унга нисбатан ҳурматсизлик қилишгач,  фаолиятини якунлашини сўрадим. Эндиликда топган пулимни ота-онамга топширяпман».

Бердиев - футбол майдонидаги ота

Азмун ҳам худди Бердиев сингари этник туркманлар вакили. Ҳужумчи туғилиб-ўсган Гулистон провинциясини Туркманистон чегарасидан машинада тўрт соатлик йўл ажратиб туради. «У ерда ҳамма икки хил тил - форсий ва туркманчада гаплашишади. Шу боис Қурбон Бекиевич билан туркман тилида суҳбатлашамиз, - деганди Азмун «Рубин»га кўчиб ўтганида. - Майдондалигимда туркманчада кўрсатма беради. Рақиблар эса буни тушунишмайди». Бердиев Азмун учун нафақат севимли мураббий, балки руҳий кўмакчи, ҳақиқий устозга айланган. Буни ҳаттоки, Халил Азмун ҳам тан олади: «Оилада мен отаман. Футбол майдонида эса унинг отаси - Қурбон Бердиев». Ушбу мутахассис «Рубин»да ҳам, «Ростов»да ҳам Сардор билан индивидуал тарзда шуғулланарди. Суҳбатлар кўп ёрдам берарди: «У ҳаммасини очиқ-ойдин гапирарди: «Бугун машғулотларда ёмон қатнашдинг, бўшашма. «Бавария»га гол урганинг осмонга учганинг ва ерга бошқа қайтиб тушмаслигингни билдирмайди», - маҳоратли ҳужумчи бу гаплари билан ҳам устозини қанчалик ҳурмат қилишини исботлагандек бўлди.

- Азмун - яқин шогирдларимдан бири ва бу унинг туркман эканлигидан эмас, - дейди Бердиевнинг ўзи. - Сардорга бошқаларга нисбатан қаттиққўлроқ муносабатда бўламан. Шунга ҳаққим бор. Отаси ҳар қандай чорани қўллашимга изн берган. Азмуннинг Эронда миллионлаб мухлислари бор. Табиийки, турли хаёлларга берилиши мумкин. Ушбу ҳолатга эътибор қаратмаслиги учун мунтазам равишда жиддий суҳбатлашишга тўғри келади.

Йилқичиликка қизиқади

Аксарият туркманлар сингари Азмун ҳам тулпорларни севади. Гулистон провинциясида анъанавий йилқичилик ва от чоптириш одат тусини олган. Сардор «Рубин»­га ўтганида чопқир тулпорини соғинганини айтганди. Ҳозирда Азмуннинг тўққизта оти бор - улар мусобақаларда қатнашиб, одатда, совринли ўринларни қўлга киритишади. «Ростов» «Бавария»ни мағлуб этганида (3:2), Сардорга иккита тулпор совға қилиш истагида бўлганлар ҳам топилди. Азмун ўшанда «Ростов»нинг биринчи голи муаллифига айланганди. «Эронда умумий отхоналаримиз бор ва юртимга қайтганимда кўп вақтимни ўша ерда ўтказаман. Тонгги соат 6да келиб, оқшомгача, баъзан тонггача қолиб кетаман, - деганди Азмун ўз интервьюсида. - Тулпорларимдан бирининг лақаби - Риомон. Зотдор отларга аждодининг номига қараб исм берилади. Жониворимнинг отаси Риодансер деб аталган, онасининг лақабини эса билмайман».

 Эронда жуда машҳур

Азмун - Россия премьер-лигасининг «Инстаграм»даги энг машҳур футболчиси. Унинг саҳифасига бир ярим миллион киши аъзо бўлган. «Эронда футбол ва футболчиларни жуда яхши кўришади, Россияда бунақасини ҳали кўрмадим, - деганди Азмун «Р-Спорт»га берган интервьюсида. - Стадионга 100 мингга яқин мухлис келади, шовқин-сурон туфайли шерикларимнинг овози эшитилмайди». Сардор «Рубин» сафида илк голини урганида Гомбеде-Кавус аҳолиси бу воқеани байрамдек нишонлашди. Азмун ўз юртига содиқлик рамзи сифатида имкон қадар 69-рақамни танлашга интилади - унинг шаҳридаги барча автомобилларда худди шу рақам бор.

Топ-клубга ўтиш эҳтимоли

Азмунни яхшиси, «Эрон Мессиси» деб атамаган маъқул. Бундай мурожаат унга ёқмайди: «Мен Лионель каби ўйнамайман, рақибларни дриблинг ёрдамида алдаб ўтмайман. Бизни ўхшатишларини ҳеч тушунмайман». Ўз навбатида, Эронда Сардорнинг топ-клубга ўтиши ҳақидаги янгиликлар тез-тез чоп этилади. Жумладан, Varzeshi газетаси Азмуннинг «Арсенал» футболкасидаги суратини чоп этди. Кўп ўтмай матбуотда шундай гап-сўзлар пайдо бўлди: «Менда «Арсенал», «Ювентус» ва «Милан»­дан таклиф бор. Ҳаттоки, «Барселона» ҳам қизиқмоқда». Кейинроқ Сардор гап нимадалигини тушунмаётганини билдирди: «Бу жуда қизиқ. Ҳамиша «Барселона», «Ювентус» ёки «Арсенал»дан таклиф тушмаётгани ҳақида гапирганман. Албатта, Европа клубига ўтиш - ажойиб. Аммо айтайлик, «Ливерпуль» сафига қўшилиб, бошланғич таркибга киролмасам, бу нарса бутун фаолиятимга салбий таъсир ўтказарди. Шундай экан, «Ростов»да тўп сураётганимдан мамнунман, ҳаётдан завқ олиб яшаяпман». Лекин барибир, ушбу ҳолат узоққа чўзилмайдигандек туюлмоқда. Азмуннинг Россияда узоқ ушланиб қолмаслиги тобора ойдинлашмоқда.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Туғилган санаси: 1995 йил 1 январь (22 ёш)

Туғилган жойи: Гомбеде-Кавус, Эрон

Бўйи: 186 см.

Вазни: 79 кг.

Амплуаси: ҳужумчи

Клуби: «Ростов» (Россия)

Рақами: 20

2012-2016 йилларда «Рубин» (Қозон) сафида 27та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урган. 2015 йилдан ҳозирга қадар «Ростов»нинг 51та учрашувида тўп суриб, рақиблар дарвозасини 17 марта ишғол қилди. 2013 йилдан буён Эрон миллий термаси сафида 22та ўйин ўтказиб, 16та тўп киритган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:36, 24.03.2017.
Ўқилди: 6402 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.