Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Жижи ва унинг «тўда»си ёки дунёнинг ёш иқтидорлари

Баҳо:
+ | -

Аллақачон машҳурликка эришган италиялик ёш, иқтидорли голкипер Жанлуижи Доннарумма яқиндагина балоғат ёшига етди. Яъни «Милан» дарвозасини ишонч билан ҳимоя қилаётган йигит 18 баҳорни қарши олди. Soccer.ru портали шу баҳона унинг жаҳон футболидаги энг истеъдодли тенгдошларига зимдан назар ташлаб, ўзига хос рамзий терма жамоа шакллантирди.

Дарвозабон. Жанлуижи ДОННАРУММА (Италия) - «Милан»

Тахминий баҳоси: 20 миллион евро

Европадаги кучли 5та миллий чемпионатда бугунги қаҳрамонимиздан ташқари, яна бир нафаргина 18 ёшли посбон мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда - Альбан Ляфон («Тулуза»). Албатта, Альбаннинг келажагига ҳам катта умид билан қаралмоқда, аммо айни пайт Доннарумманинг савияси анча баланд, барибир. Негаки, Жижо «Милан»дек машҳур клуб шарафини муносиб ҳимоя қиляпти, қолаверса, у машҳур адаши - Буффон билан яқин дўст ҳисобланади.

Ўнг қанот ҳимоячиси. Феликс ПАССЛАК (Германия) - «Боруссия» Д.

Тахминий баҳоси: 3 миллион евро

Рур ҳавзасида туғилиб-улғайган болакай 14 ёшида тақдирини Дортмунд «Боруссия»си билан боғлади. У ўтган йили жамоанинг асосий таркиби машғулотларига қўшилди. Пасслак мунтазам равишда Германиянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларига чақирилгани ва шу аснода етарли даражада халқаро тажриба тўплагани учунми, клуб ўйинига тезда киришиб кетди. Алоҳида таъкидлаш керак, Феликс 2015 йили Фриц Вальтер номидаги медалга муносиб кўрилганди. Яъни Германия футбол иттифоқи томонидан ҳар йили мамлакатнинг энг иқтидорли ёш футболчисига бериладиган соврин лауреатига айланганди.

Марказий ҳимоячи. Дайотчанкуль (Дайо) УПАМЕКАНО (Франция) - «РБ Лейпциг»

Тахминий баҳоси: 5 миллион евро

Германиянинг transfermarkt.de сайти маълумотларига кўра, Дайонинг трансфер нархи айни пайт тахминан 5 миллион еврога тенг. Лекин факт шуки, январь ойида «Ред Булл» номли клублардан бири ёш ҳимоячи учун иккинчисига 10 миллион тўлади: Упамекано Зальцбургдан Лейпцигга кўчиб ўтди. Албатта, йигитчанинг янги жамоада ўз  ўрнини топишига маълум вақт кетиши тайин. «РБ Лейпциг»нинг Упамекано учун 10 «лимон» бергани бежиз эмас - у марказий ҳимоячиларга хос фазилатлар ва устунликлари билан тенгдошлари орасида яққол ажралиб туради.

Марказий ҳимоячи. Маланг САРР (Франция) - «Ницца»

Тахминий баҳоси: 3,5 миллион евро

Дайонинг  тенгдошлари орасида ажралиб туриши айни ҳақиқат, аммо унга муносиб рақобат тақдим этишга қодир йигит ҳам йўқ эмас. Гап Упамеканонинг ватандоши, айни пайт «Ницца» таркибида Франция чемпионлиги учун курашаётган Маланг Сарр ҳақида кетяпти. Эътиборлиси, клуб устози Люсьен Фавр ёш йигитчани қўрқмай муҳим ўйинларда ўта масъулиятли позицияда майдонга тушир-япти. Маланг эса табиийки, унинг ишончини оқлашга астойдил интилмоқда.

Чап қанот ҳимоячиси. Луис ОЛИВЕРА (Аргентина) - «Ривер Плейт»

Тахминий баҳоси: 1,5 миллион евро

Шубҳасиз, океан ортида, хусусан, Жанубий Америкада иқтидорли ёш футболчилар сафи анча кенг. Дейлик, аргентиналик тезкор ҳимоячи Луис Оливеранинг ўйинлари шу даражада чиройли чиқмоқдаки, уни тез орада Европанинг бирор-бир топ-клубида кўрсак, ажабмас.

Марказий ярим ҳимоячи. Томас ДЭВИС (Англия) - «Эвертон»

Тахминий баҳоси: 1,5 миллион евро

«Ирислар» тарбияланувчиси АПЛ­даги дебютини ўтган йилнинг май ойида нишонлаганди. Зеро, Англия чемпионатининг сўнгги турларида ҳар доим ёшларга алоҳида имконият берилади. Мана, Том қисқа вақтда асосий таркибга муқим ўрнашиб, секин-аста умумий муҳитга мослашиб бормоқда. Айтганча, Дэвис Англиянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида сардорлик даражасигача кўтарилган ва «Эвертон» раҳбарлари ундан «Янги Жеррард» етишиб чиқишига умид боғлашяпти. Битта фарқ шундаки, Том айни пайт Мерсисайднинг «қизил» эмас, «кўк» тарафида.

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси. Кристиан ПУЛИШИЧ (АҚШ) - «Боруссия» Д.

Тахминий баҳоси: 12 миллион евро

Очиғини айтганда, АҚШдан жаҳон даражасидаги футболчи унчалик кўп етишиб чиқавермайди. Чунончи, америкаликларда миллионлар ўйинига муҳаббат жуда кучли эмас. Шу боисми, Пулишичнинг жорий мавсум кўрсатаётган «кароматлари»га алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳими, Кристиан ўзига қулай туюлган клубни танлади. Зеро, «Боруссия» ва унинг устози Томас Тухель ёшларга имкон бериши билан танилган. Бундеслигадаги голлар ва ЧЛдаги самарали тўп оширишлар - Пулишичнинг иқтидоридан нишона. Тўғри, у ҳозирча барқарор эмас. Яъни қайсидир ўйинда ажойиб ҳаракатланса, кейингисида бутунлай «йўқолиб» қоляпти. Аммо вақт ўтиши билан беқарорлик ўрнини барқарорлик эгалласа, ажабмас. Хуллас, Пулишич кейинги бир-икки йилдаёқ мазкур муаммодан қутулса керак.

Чап қанот ярим ҳимоячиси. Йосип БРЕКАЛО (Хорватия) - «Штутгарт»

Тахминий баҳоси: 3 миллион евро

Брекало ўсмирлар ўртасидаги Европа ва жаҳон чемпионатларида ёрқин нур сочгач, у ҳақда илк илиқ фикрлар янграганди. Шундан сўнг Германиянинг «Вольф-сбург» клуби «Динамо» (Загреб)га 6 миллион евро тўлаб, йигитчани ўз сафига қўшиб олди. Бироқ Йосип бир уринишда «бўрилар» асосий таркибига киролмади ва ижара келишуви асосида иккинчи бундеслига иштирокчиси «Штутгарт»га юборилди. Бундан фожиа ясамаслик керак, зеро, баъзида худди шундай ижара сафарлари бўлажак юлдузларга кенг йўл очиб беради.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи. Эсекьель БАРКО (Аргентина) - «Индепендьенте»

Тахминий баҳоси: 2,5 миллион евро

Аргентиналик ярим ҳимоячи яна бир ойдан кейингина 18 ёшга тўлади. Лекин истисно тариқасида у ҳам рамзий жамоага киритилди. Барко ҳали ўспирин бўлишига қарамай, «Индепендьенте» таркибига ўрнашиб, секин-аста чўққи сари интилмоқда. Эсекьел ҳали боладек туюлса-да, бутун бошли жамоа тизгинини қўлларида маҳкам тутиб турибди. Тушунарлики, бу унча-мунча тажрибали футболчи қўлидан ҳам келмайди.

Иккинчи ҳужумчи. Килиан МБАППЕ (Франция) - «Монако»

Тахминий баҳоси: 10 миллион евро

Мбаппе ҳозирги вақтда маҳорат сирларини кимсан Радамель Фалькаодан ўзлаштиряпти ва йигитчанинг саъй-ҳаракатлари чакки чиқмаяпти. Дейлик, у Лига 1да «хет-трик»ка эришди, ЧЛ «плей-офф» раундида «Манчестер Сити» дарвозасини ишғол қилди. Қизиғи шундаки, манчестерликлар ўтган ёз Килиан учун 40 миллион евро таклиф қилиб ҳам, уни «шаҳарлик»ка айлантиролмагандилар. Бугун эса йигитчага харидорлар сафи анча кенгайди - «Ювентус», «ПСЖ», «Арсенал»... Ким билади, «Сити»нинг сахий ҳомийлари ва соҳиблари ёзда суммани 80 миллионга кўтаришар, балки...

Марказий ҳужумчи. Александер ИСАК (Швеция) - «Боруссия» Д.

Тахминий баҳоси: 6 миллион евро

«Янги Ибрагимович» сифатида таърифланаётган ёш ҳужумчи Швеция чемпионатида  АИК учун шунчалик кўп гол урдики, натижада унинг олдида қишда Мадриднинг «Реал» клубига ўтиш варианти юзага келди. Бироқ Исак соғ-лом фикр юритиб, ёш иқтидорнинг ривожланиши учун «Реал»дан кўра, «Боруссия» яхшироқ эканлигини тушунди ва Дормундга йўл олди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Томас Тухель жамоаси Александер учун 8,6 миллион евро сарфлади ва энди бу сумма бир неча баравар ортишига умид қилмоқда.

Рўйхатдан ташқари. Мартин ЭДЕГОР (Норвегия) - «Реал»

Агар қайсидир ёш исътедод муддатидан олдин келган «енгил» машҳурлик оқибати нима билан тугашини билишни истаса, Эдегор тарихини яхшилаб ўрганиб чиқиши керак! Ахир бир неча йил олдин ҳаттоки, дазмоллар ҳам норвегиялик вундеркинд ҳақида маълумот бераверарди. Бу шов-шувнинг якунида Мартин Мадридга кўчиб ўтди ва юлдузлар даврасида шуғулландию, аммо савия бобида уларга ҳали-вери етолмаслигини ошкор қилиб қўйди. Йигитча шундан сўнг бир муддат «Кастилья»да тўп сурди ва «Херенвен» (Голландия)га юборилди - ижара. Эҳтимол, вақти келиб, Мартин ҳамма кутган даражага ҳам етар? Аммо у йўқотилган вақтни энди қайта тополмаса керак, ҳар ҳолда...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:44, 24.03.2017.
Ўқилди: 10588 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.