Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 7-турида Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Қатар футболчиларига қарши баҳс юритади.
Мазкур ўйин 28 март, сешанба куни Тошкент шаҳридаги 34 минг мухлисга мўлжалланган “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Беллашув соат 18:00 да бошланади.
Ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши 12 та беллашувда иштирок этиб, 7 марта ғалаба қозонган. 3 ўйинда қатарликлар зафар қучган ва 2 тасида томонлар муроса кўчасини танлаган. Қатар терма жамоаси Тошкентда 4 марта меҳмон бўлиб, барчасида имкониятни бой берган.
Жамоалар ўртасидаги сўнгги 5 учрашув натижаси:
06.09.2016
Қатар – Ўзбекистон 0:1 | ЖЧ–2018 саралаши
06.10.2014
Қатар – Ўзбекистон 3:0 | Ўртоқлик учрашуви
18.06.2013
Ўзбекистон – Қатар 5:1 | ЖЧ–2014 саралаши
16.10.2012
Қатар – Ўзбекистон 0:1 | ЖЧ–2014 саралаши
07.01.2011
Қатар – Ўзбекистон 0:2 | Осиё Кубоги–2011 саралаши
ФИФА рейтингидаги ўрни
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда 561 очко билан ФИФА рейтингида 63-поғонадан жой эгаллаб турибди. Осиё мамлакатлари орасида миллий терма жамоа Эрон, Жанубий Корея, Япония, Австралия ва Саудия Арабистонидан кейин олтинчи ўринда жойлашган.
Қатар терма жамоаси 415 очко билан жаҳон рейтингида 84-поғонада бормоқда. Осиё мамлакатлари орасида эса Қатар юқоридаги мамлакатлар ва БААдан кейин 8-ўринда бормоқда.
Йўқотишлар
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов жароҳати туфайли, Ислом Тўхтахўжаев эса сариқ карточкалари тўпланиб қолгани учун Қатарга қарши ўйинни қўйиб юборади.
Қатар сафида Буалем Хухи Эрон билан баҳсда огоҳлантириш олганди ва шу сабабли битта ўйинга дисквалификация қилинди.
Учрашув расмийлари
Учрашув бош ҳаками этиб ироқлик Муҳаммад Қосим Саррай тайинланди. Қанотларда унинг ҳамюртлари Муҳаммад Муайяд Али ва Вотҳиқ Обаид ал-Суайди ишлайди.
Тўртинчи ҳакам вазифасини ҳам ироқлик Зоид Тамер Муҳаммад бажаради. Ҳакамлар назоратчиси – Ёқуб Муҳаммад Родзали (Малайзия). Учрашув комиссари этиб ҳиндистонлик Принц Руфус тайинланди.
Гуруҳдаги вазият
ЖЧ–2018 турнирига Осиё минтақасидан саралаш босқичи “А” гуруҳи 6-туридан кейин Эрон терма жамоаси 14 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 6-турда мағлубиятга учраган Жанубий Корея 10 очко билан 2-ўринни сақлаб қолди. Сафарда Сурияга имкониятни бой берган Ўзбекистон терма жамоаси ҳам 9 очко билан учинчи ўринда қолди. Кейинги ўринлардан мос равишда Сурия (8 очко), Хитой (5 очко) ва Қатар (4 очко) терма жамоалари жой эгаллаган.
Бугун, 28 март куни “А” гуруҳида, шунингдек, Эрон терма жамоаси ўз майдонида Хитойни қабул қилди. Сурия термаси эса Жанубий Корея меҳмони бўлди.
ЖЧ–2018 саралаши
“А” гуруҳи, 7-тур
Жанубий Корея – Сурия (16:00 )
Эрон – Хитой (17:00)
Ўзбекистон – Қатар (18:00)
Изоҳ: Юқоридаги соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган.