Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳи 5-тури доирасида Ўзбекистоннинг Uzbek Tigers жамоаси 1 апрель куни Тошкентда Қозоғистоннинг Astana Arlans боксчиларига қарши жанг қилиб, 4:1 ҳисобида зафар қучди.
«C» гуруҳидаги сингари «А» гуруҳида ҳам 5-тур учрашувлари якунланди. Мавсум кашфиётларидан бири Colombia Heroicos ўтказилган барча жангларда ғалаба қозониб, 15 очко билан гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. Ўтган мавсум чемпиони – Cuba Domadores 13 очко билан иккинчи ўринни банд қилиб турибди. Учинчи ўринда бораётган Caciques Venezuela ҳисобида 4 очко, тўртинчи ўриндаги Argentina Condors’да эса 1 очко мавжуд.
Демак, «C» гуруҳида Uzbek Tigers сўнгги турда Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасига қарши баҳс натижасидан қатъи назар плей-офф йўлланмасини нақд қилиб бўлди. Чунки «А» гуруҳида 3-ўринда бораётган Венесуэла жамоасида сўнгги тур олдидан 4 очко бор. Caciques Venezuela 6-турда ғалаба қозониб, 7 очкога эга бўлса ҳам Uzbek Tigers камида 9 очко билан Венесуэла жамоасидан яхшироқ натижа қайд этиб турибди.