Фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Миша Ге 2018 йилги қишқи Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритди.
Миша ўтган хафтада Финляндиянинг Хельсинки шаҳри мезбонлик қилган фигурали учиш бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этди. Қисқа дастурда 16, эркин дастурда 10-ўринни эгаллаган ҳамюртимиз, икки йўналиш натижасига кўра жаҳон чемпионатини 12 –ўринда якунланди.
Ушбу натижаси эвазига Миша Ге Олимпия ўйинларининг лицензиясига эга бўлди. Жаҳон чемпионатида эркаклар ўртасидаги баҳсларда кутилганидек япониялик Юдзуру Ханю олтин медалга сазовор бўлди. Икки карра жаҳон чемпиони испаниялик Хавьер Фернандес эса 2013 йилдан бери илк бор медалсиз қолди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, фигурали учиш бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор барча медалларни осиёлик спортчилар қўлга киритишди. Япониялик Шома Уно кумуш, хитойлик Боян Цзинь эса бронза медали билан тақдирланди.
Куни кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига Халқаро қишки спорт турлари Иттифоқидан Миша Генинг Олимпия ўйинларига расман йўлланмани қўлга киритганлигини тасдиқловчи хужжат етиб келди. Ўз навбатида Миллий олимпия қўмитаси фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Миша Гени Олимпия ўйинларининг лицензияси билан муборакбод этади ва унга дунёнинг энг йирик спорт фестивалида омад ва зафарлар тилаб қолади.
Маълумот учун, XXIII қишки Олимпия ўйинлари 2018 йилнинг 9-25 февраль кунлари Корея Республикасининг Пьёнгчан шаҳрида бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 90 та мамлакатидан 2 500 дан зиёд спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. Мусобақада спортнинг 7та тури бўйича 98 та медаллар жамланмаси ўйналади.