«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши мамлакатда ишлаётган хорижлик мураббий ва футболчиларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Биласиз, британияликлар 2016 йилнинг ёзида махсус референдум орқали Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз беришди. Brexit номини олган ЕИдан чиқиш жараёни тахминан 2 йилга чўзилади.
«Назаримда, инглизлар Brexit нималарга олиб келиши мумкинлигини тушуниб етишмаяпти. Воқеалар қандай тус олишини 2 йил давомида билиб оламиз. Агар Буюк Британия хорижликлар хизматига эҳтиёж сезмаса, у ҳолда кетамиз.
Мамлакатга ортиқча инсонлар керак эмас экан, бошқа илож йўқ. Англияда мени ҳайратлантирган нарса шуки, одамлар овоз бериш ва муаммоларни ҳал қилиш ҳуқуқига эгалар. Бу демократия демакдир»,-деди Гвардиола.