Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Интервью: Икер Касильяс: «Реал» ҳамиша қалбимда

Баҳо:
+ | -

«Реал»нинг асосий юлдузларидан бири бўлган Икер Касильяс айни пайтда «Порту» шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг Мадриддан кетиши «Қироллик клуби»нинг кўплаб мухлисларини шок ҳолатига тушириб қўйганди. Яқинда Marca нашри дарвозабон билан суҳбат уюштирди. Қуйида ана шу интервьюни ўқишингиз мумкин.

- «Реал Мадрид» Икер Касильяс учун қандай аҳамият касб этади?

- Бу клубдан ҳамиша миннатдорман. Чунки айнан шу жамоа туфайли болаликдаги орзум ушалди. Мен билан ишлаган, ўйнаган барча мураббийлар, ходимлар ва футболчилардан миннатдорман. «Реал» базаси уйимдек бўлиб қолганди.

- «Сантьяго Бернабеу»да Кейлор Навасга нисбатан ҳуштакбозликлар бўляпти. Бунга муносабатингиз қандай?

- Нима дейишим мумкин? Бу менга ёқмайди. Бундай ҳолатга шахсан тушмаганман. Лекин жамоадошларимга нисбатан ҳуштакбозлик қилишларини кўрганман. Буни унутиш учун кучли бўлиш керак. «Реал» талабчан клуб. Бир неча йил олдин жамоада пасайиш кузатилганди. Ўша даврларни ҳам ўтказдик. Умуман олганда, «Бернабеу»да ҳуштакбозлик қилиш қандайдир одатга айланиб қолди.

Бунга ҳеч тушуна олмайман. Кейлор ҳақида гапирадиган бўлсам, уни ўтган мавсумда энг яхши дарвозабонлар учлигига киритмаганларидан ҳайрон қолдим. У  Европанинг энг муҳим клублар турнирида ғолиб чиққанди.

Аммо УЕФА ҳам, ФИФА ҳам унинг хизматларини қадр­ламади. Уни энг кучли дарвозабон демоқчи эмасман. Лекин ҳеч бўлмаганда иккинчи ёки учинчи бўлиши керак эди. Ёки Облакни олайлик. Бу икки дарвозабон Чемпионлар Лигасида ажойиб ўйинлар ўтказишганди.

- «Реал»нинг асосий дарвозабони бўлиш учун техника муҳимми ёки руҳий хотиржамлик?

- Руҳий хотиржамлик. Албатта, «Реал»да кўп йиллар ўйнаш учун яхши формада бўлиш ҳам талаб этилади. Бу эса осон эмас. Лекин энг муҳими сизнинг руҳий ҳолатингиздир. Ҳар қандай вазиятда танқидни қабул қилишни билишингиз керак.

- Бир пайтлари айрим мухлислар сизга нисбатан ҳуштакбозлик қилишганди. Бунинг нима учунлигини тушунганмисиз?

- Вақт ўтиши билан буни тушуниб борасиз. Лекин ҳаммаси ортда қолди ва буни муҳокама қилмоқчи эмасман. Ўшанда мухлисларга нисбатан қилган қилиғим учун узр сўраганман. Агар яна шундай ҳолат бўлса, қайтиб ундай қилмаслигим аниқ.

- Мадриддаги даврингизни эслаганда, нимадан афсусланасиз?

- Яна ўша давр қайтса, яна шундай такрорлаган бўлардим. Вазият ёмонлигида ҳам цирк уюштирмай, клуб туфайли жим турганман.

- Сўнгги бор «Реал» Ла лигани ютганида дарвозада сиз, клуб бош­қарувида Жозе Моуриньо эди...

- Ҳам мавсум жуда оғир кечганди. Аввалига суперкубокни «Барселона»га бой бериб қўйдик. Чемпионат бошланганда дастлаб «Леванте»га ютқаздик. Кейин «Расинг» билан дуранг ўйнадик.

Натижада «Барса»дан беш очко ортда қолиб кетгандик. Аммо уларни нафақат ортда қолдирдик, балки янги йилга қадар беш очкога олдинлаб кетдик. Кейинчалик фарқ 10-11 очкогача ортди. «Барса» деярли етиб олганди. Бироқ «Камп Ноу»даги ғалаба биз учун муҳим бўлди. Ўша ажойиб мавсумнинг энг омадсиз лаҳзаси «Бавария» билан пенальтилар серияси бўлди.

- «Реал» охирги саккизта чемпионатнинг атиги биттасида ғалаба қозонди. Бунга қандай изоҳ берасиз?

- Чунки қолган клублар яхши ўйнашди. Умуман олганда бунинг сабаблари кўп. Бошқа жамоалар ЕЧЛда ғолиб чиқишганида, «Нима учун «Реал» Чемпионлар Лигасида ғалаба қозона олмайди?», дейишарди. Энди жамоа бу мусобақада ғалаба қозонмоқда. Мухлислар эса, «Нимага «Реал» Ла лигада ғолиб чиқмайди?»га ўтиб олишди.

- Нима учун Испанияда терма жамоадан кўра клубларга кўпроқ мухлислик қилишади?

- Ҳозир шундай бўлиб қолган. Олдинлари иккисига ҳам тенг мухлислик қилишган. Айни пайтга келиб одамлар айвонларига мамлакат байроғини илиб қўядиган бўлишди. Ўртада маълум вақт терма жамоага мухлислик қилиш суръати пасайиб кетганди. Бироқ жаҳон ва Европа чемпионатларидаги ғалабалардан сўнг барчаси ўзгарди.

- Фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг «Реал» сизга хайрлашув учрашувини ташкил қилиб беришини истармидингиз?

- Нимага истамас эканман? «Реал» ҳамиша қалбимда. Аммо ҳозир хайр­лашишга бироз шошилмай тураман. Бу билан маросимни истамайман, демоқчи эмасман. Шунчаки, ҳали вақт бор. Сўнгги йилларда уларнинг менга бўлган муносабатлари ўзгарган.

Авваллари эса фақат олқишлашарди. Ҳамиша ёнимда бўлганларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Бугунги кунда «Реал» фахрийлари учун учрашувлар ташкил қилиб бериляпти. Умид қиламанки, бир неча йилдан сўнг яна «Бернабеу»да майдонга тушаман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:42, 12.04.2017.
Ўқилди: 5981 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.