Футбол миллионлар ўйини, миллионлар ўйинининг ривожи учун эса миллионлар керак. Энг оммабоп спорт тури ҳисобланган футбол ривожига албатта улкан молиявий имкониятга эга шахсларнинг қизиқиши муҳим аҳамият касб этади. Буни жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибди. Ўзбек футболи, миллий биринчилик ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ҳали мамлакатимиз клублари Осиё миқёсида грандлар даражасига кўтарилишганича йўқ. Бу борада “Бунёдкор” томонидан маълум даражада ишлар амалга оширилди. “Пахтакор” Осиёда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилди. “Насаф” ички имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда сезиларли натижалар қайд этишга интилди. Лекин буларнинг бари ўзбек футболини Осиёда бренд даражасига олиб чиқиш учун етарли бўлмаяпти.
Олий лигадаги курашлар ҳам маҳаллий доирада қолиб кетмоқда. Миллий чемпионатнинг савияси албатта Ўзбекистон миллий терма жамоасининг натижаларида ўз аксини топади. Қачонки, клубларимиз ҳар жиҳатдан кучайиб, малакали футболчиларни етиштириб берувчи базага айланмас экан жаҳон чемпионати ҳақидаги орзуларимиз орзулигича қолиши табиий. Шу жиҳатдан олиб қараганда Олий лига клубларини кучайтириш, уларни Осиёнинг кучли клубларига айлантириш орқали футбол фабрикалари ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Бунинг учун нима қилиш лозим, деган савол туғилади. Бунинг жавоби эса оддий: йирик ишбилармон ва тадбикорларни клубларга жалб этиш натижасида бунга эришиш мумкин. Шу кунгача хориждаги фаолияти орқали миллиардлаб доллар маблағ жамғаришга эришган ватандошларимизнинг ўзбек футболи ривожига ҳисс қўшиш учун жалб этила олинса, жуда катта сакрашга эришилади. Ўзбекистон олий лигаси Осиёда биринчи ўринга чиқиб олади. Хатто улкан молиявий имкониятларга эга бўлган Хитой суперлигасини ҳам тезда ортда қолдириш мумкин. Чунки ўзбек футболи салоҳияти, сайқалга муҳтож иқтидорларнинг кўплиги жиҳатидан Осиё мамлакатларидан анчагина катта имкониятларга эга. Бундан ташқари бизнинг футболимиз Европа футболига яқинроқ ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларидаги каби футбол бизга 30 , нари борса 40 йил аввал кириб келмаган. Ўзбек футболи яқинда ўзининг 105 йиллик юбилейини нишонлайди.
Япония ва Кореяда футболга 1990 йиллардан бошлаб эътибор қаратила бошланди. Араб давлатлари эса 2000 йиллардан эътиборан спортнинг бу турига алоҳида урғу бера бошладилар. Хитойда эса 2015 йилдан буён футбол “бум”и бошланди. Хўш шундай экан, нега биз ўзбек футболи “бум”ини бошлай олмаймиз!
Хориждаги ўзбек миллиардерлари Ўзбекистонда ўз бизнеслари йўлга қўйишни бошлашяпти. Шундай экан уларнинг молиявий имкониятларини бироз футболга буришнинг ўзи бизга бу имкониятни бера олади.
Футболга бефарқ бўлмаган, Англиянинг “Арсенал” ва “Эвертон” клублари акцияларига эгалик қилувчи, 12,5 миллиард долларлик молиявий империянинг эгаси наманганлик Алишер Усмоновнинг “Навбаҳор”га жалб этилиши, Наманган футболини янги чўққиларни забт этишига чорлаши тайин. Бу ҳақда биз vodiymedia.uzда бир қатор мақолалар бердик. Ва бу материаллар катта қизиқиш билан ўқилди. Ўз вақтида ўйингоҳга 60 минглаб мухлис йиға олган “Навбаҳор”нинг бу йил намойиш этаётган ўйинлари ҳам мухлисларни хурсанд этмоқда. Тасаввур қилинг, “Навбаҳор”га Жозе Моуриньо мураббийлик қилса, унга маҳаллий мутахассислар Анвар Солиев ва Хайрулло Каримовлар ёрдам беришса, жамоага Одил Аҳмедов қайтарилса, майдонда Жаҳонгир Меҳмонов ва Илҳом Бойдедаевлар билан бирга бир қатор дунё миқёсида маҳоратли футболчилар тўп сурса. Бу албатта ўсиб келаётган ёшлар ўйинини шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Худди шундай эҳтимолда Қорақалпоғистоннинг бош жамоаси – Нукуснинг “Орол”ини яна қайта тирилтириш мумкин. Ўзбек футболига Бердах Оллониёзов ва Неъматулла Қуттибоев каби маҳоратли футболчиларни етказиб берган клуб бир неча йиллардан бери Олий лига тугул биринчи лигада ҳам қониқарли ўйин намойиш эта олмаяпти. Бундай пайтда Қорақалпоғистонда 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга оширишга киришаётган бухоролик Искандар Маҳмудовнинг жамоага молиявий кўмак кўрсатиши “Орол”нинг аввалги нуфузини тиклашига замин ҳозирлайди.
Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлаш тараддудига тушган қозоғистонлик ўзбек миллиардери Фаттоҳ Шодиев ҳам футболга бегона эмас. Бир вақтнинг ўзида Бельгия фуқароси ҳисобланган Шодиев ўз пайтида қозоқ футболи ривожига катта ҳисса қўшган ва қўшиб келмоқда. Унинг сайъ-ҳаракатлари ва аралашуви билан Бельгиянинг “Генк” жамоаси бир қатор қозоқ клублари билан ҳамкорликни ўрнатганди. Бунинг натижасида бир неча қозоқ футболчилари ўз маҳоратлари Европада синашга муваффақ бўлишган ва малакаларини оширишган. Шундай экан нега 3,7 миллард долларлик молиявий маблағга эга бўлган Жиззах вилоятининг фарзанди маҳаллий “Сўғдиёна” клубига ёрдам бермасин! Даврон Файзиев ва Жасур Ҳасанов каби футболчиларни ўзбек футболига берган Жиззах футбол мактаби Шодиевнинг молиявий кўмагида янги юлдузларни кашф этиши, кучли клуб сифатида шаклланишга етарлича имкониятлари мавжуд.
Фарғонанинг “Нефтчи” клубининг бу йилги чемпионатда қайд этаётган натижалари мухлисларни хафа қилаётгани табиий. Чунки илк чемпионатнинг дастлабки тўрт йилида чемпионлик шоҳсупасидан пастга тушмаган клуб, атиги икки очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бормоқда. Бу эса клубда қандайдир муаммолар борлигидан далолат бермоқда. Бу жамоага ҳам ёрдам бериши мумкин бўлган хорижлик ўзбек миллиардери бор. У ҳам бўлса, Фаттоҳ Шодиевнинг бизнес ҳамкори, Фарғонада таваллуд топган Алижон Ибрагимовдир. Молиявий имкониятлари 2016 йил якунлари бўйича Форбс томонидан 1,8 миллиард доллар дея баҳоланган “Евразия банк”ининг хўжайини Қозоғистоннинг энг йирик тадбиркорларидан ҳисобланади.
Самарқандда футбол жонланаётгани яққол кўриниб турибди. Айни пайтда Тошкентнинг “Локомотив” клуби билан мусобақа жадвалида қўшпешқадам бўлиб турган “Динамо” учун ҳам эҳтимолий ҳомий мавжудлиги самарқандликларни хурсанд этиши табиий. Узоқ йиллардан бери Украинада фаолият кўрсатиб, нефть магнати даражасига кўтарилган Аъзам Асланов ҳақида ҳам юртдошларимиз жуда яхши билишади. Бунга унинг 2011 йил ўғли Амоннинг тўйи учун 15 миллион доллар сарфлагани ва тўйда 1,8 миллион доллар ҳақ эвазига Женифер Лопеснинг “жон кечиб” хизмат қилгани ҳақида хабар ва видеолар сабаб бўлгани тайин. Шундай экан самарқандлик йирик тадбиркорнинг “Динамо”га кўмак кўрсатиши бу клуб ишларини янада олға босишига туртки бўлиши тайин.
Бухоролик Искандар Маҳмудовнинг “Орол”га “бериб юборганимиз” учун “Бухоро” клуби ишқибозлари биздан ранжишмасин. Чунки, Маҳмудовсиз ҳам Бухоро футболига кўмак бериш эҳтимоли юқори бўлган дунё миқёсидаги миллиардерлар талай топилади. Бундайлар сирасига исроиллик йирик тадбиркор Леви Леваевни қўшиш мумкин. Бундан ташқари молиявий қудрати миллард доллардан ошиқ бўлган яна ўнлаб бизнесменлар бухоро фарзанди ҳисобланишади. Шундай экан агар бу ишга бухороликлар “бел боғлаб” киришишса, жамоа юртимиздаги энг қудратли клублардан бирига айланди.
Яна бир амалга ошиши эҳтимоли жуда юқори бўлган лойиҳа бу – “Газпром” компанияси билан юртимизнинг бирор клубини, мисол учун “Насаф”, “Машъал” ёки “Шўртан”нинг спорт ҳамкорлигини йўлга қўйишдир. Айни пайтда “Газпром” ўзи фаолият олиб бораётган мамлакатларда спортга, айниқса футбол ривожига катта маблағ сарф этмоқда. Бир томондан бу спорт ривожини рағбатлантирса иккинчи тарафдан унинг ўша юртдаги имиджини яратишда, реклама қилишда муҳим аҳамият касб этаётир. Айни пайтда “Газпром”нинг улкан молиявий кўмаги эвазига Санкт-Петербургнинг “Зенит” (Россия), Гельзенкирхеннинг “Шальке-04” (Германия), Белграднинг “Црвена Звезда” (Сербия), Софиянинг ЦСКА (Болгария) жамоалари мувақиятларга эришиб келишмоқда.
“Локомотив”, “Олмалиқ”, “Металлург”, “Андижон”нинг йирик донорлари бор. Ўзбекистон темирйўллари, АГМК, Бекобод металлургия комбинати, “GM-Uzbekistan” - улар бемалол бу клубларнинг таъмин эта оладилар. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Обод”нинг эса ўз хўжайинлари бор. Уларга пойтахтнинг иқтисодий қуввати гранд клуб бўлишлари учун етарли бўлади.
Ўзбекистон терма жамоасига ўртамиёна эмас, етакчилик қобилиятига эга бўлган ҳақиқий юлдузлар - Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Бахтиёр Ашурматов, Муҳтор Қурбоновларни етказиб берган Қўқон футболини эса қўқонлик маҳаллий бадавлат тадбиркорлар бемалол тасарруф эта оладилар.
Хуллас, Алишер Усмонов Наманганнинг «Навбаҳор», Искандар Маҳмудов Нукуснинг “Орол”, Фаттоҳ Шодиев Жиззахнинг “Сўғдиёна”, Алижон Ибрагимов Фарғонанинг “Нефтчи”, Аъзам Асланов Самарқанднинг “Динамо” клублари хўжайинига айланса ва қолган жамоалар юқоридаги режа асосида фаолият кўрсатсалар Ўзбекистон Олий лигаси Осиёда биринчи ўринга кўтарилади!
Анвар ИКРАМОВ