«Локомотив» ҳамда «Истиқлол» (1:1) клублари ўртасида кечган ОЧЛ 4-тур баҳсидан сўнг «темирйўлчилар» ҳимоячиси Бобур Йўлдошевдан интервью олдик. Эътиборлиси, меҳмонлар у майдондан чиқиб кетганидан сўнг дарвозамизни ишғол қилишганди.
- Бобур, бугунги учрашувнинг аҳамияти «Локомотив» учун жуда юқори эди. Лекин жамоангиз кутилган натижани қайд эта олмади. Бунинг сабабларини қандай изоҳлайсиз?
- Ўйин аҳамиятининг юқори эканлигини барчамиз юракдан ҳис қилиб тургандик. Баҳс қийин кечишини билардик. Лекин ҳар доим ҳам ўйлаган нарсангиз амалга ошавермас экан. Қолаверса, рақиб жуда кучли эди. Иккинчи бўлимда натижани ушлаб қолишга интилдик. Бу эса бизга панд берди.
- Холис айтганда, бугунги натижа ўйинга мос бўлдими?
- Йўқ, ғалаба қозонишимиз керак эди. Айтиб ўтганимдек, натижани сақлаб қолиш пайида бўлдик. Мабодо эртароқ гол ўтказиб юборганимизда, ишончим комил, рақиб дарвозасини яна ишғол қилардик. Шундай бўлса ҳам сўнгги дақиқада ғалаба тўпини киритишга жуда яқин келгандик. Афсуски, имкониятдан фойдалана олмадик. Майли, бу - футбол. Олдиндан қандай натижа бўлишини ҳеч ким билмайди.
- Тўғрику-я, лекин биринчи бўлим ўрталаридан кейин ташаббусни деярли рақибга бериб қўйдинглар. Бунга жуда ҳам эрта эмасмиди?
- Ҳа, тўғри. Лекин учрашув аввалида яратилган вазиятлардан унумли фойдаланганимизда, ўйин умуман бошқача ҳисоб билан якунланарди. Бизга очко кўпроқ керак бўлгани учун таваккал қила олмасдик.
- Баҳс олдидан мураббийлар қандай кўрсатма беришганди?
- Албатта, ҳужумкор футбол намойиш этишимиз сўралганди. Ижобий натижага эришиш учун рақиб дарвозасини ишғол қилишимиз керак эди. Гол урдик, лекин сўнгги дақиқаларда ўз дарвозамиздан ҳам тўп олиб чиқишга мажбур бўлдик. Бу эса жуда аламли эди.
- Иккинчи бўлимдаги босимдан кейин рақиб барибир, қайсидир эпизоддан фойдаланиши аниққа ўхшаб қолганди. Бундай вазиятда энг яхши ҳимоя - ҳужум, дейишади...
- Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Мураббийлар иккинчи бўлимда қарши ҳужумга кўпроқ эътибор қаратишимизни сўрашганди. Аммо олдинги чизиқдаги ишларимиз юришмади.
- «Истиқлол» гуруҳдаги энг кучли жамоами?
- Менимча, квартетимизда кучсиз клубнинг ўзи йўқ. Ҳаммада гуруҳдан чиқиш учун имконият бор. Кураш сўнгги дақиқаларгача давом этади. Бир нарсани ишонч билан айта оламан, «Истиқлол»ни бемалол мағлуб этсак бўларди. Афсуски, юзага келтирилган қулай вазиятлардан фойдалана олмадик. Қолаверса, омад ҳам етишмади. Майли, шундай бўлиши керак экан.
- Очиғи, ўтказиб юборилган голда кимнидир айблаш қийин. Ҳимоячиларимиз ўйиндан ташқари ҳолат бўлди, деб ўйлашди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?
- Эътибор берган бўлсангиз, қанот ҳаками ўша вазиятда аввал байроқчасини кўтарди, кейин эса бирданига туширди. Ушбу ҳолат футболчиларни иккилантириб қўйди. Нима ҳам дердик, бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Хатони тўғрилаш учун олдинда ўйинлар бор. Вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга астойдил ҳаракат қиламиз. Ишлашда давом этамиз. Шахсий фикрим, ҳамма футболчилар жонларини бериб ўйнашди. Ҳеч ким ўйинга юзаки ёндашгани йўқ.
- «Шўртан»дан қабул қилинган мағлубият футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказмадими?