Олий лига 6-тури одатдагидек ўтди, ҳисоб. Мусобақа жадвали пешқадами яна ўзгарди, дуранглар кузатилди ва ...«Пахтакор» яна мағлубиятга учради. Боз устига, такрор йирик ҳисобда ва яна Қашқадарё томонда. Дейлик, 2 йилча олдин «шерлар»нинг воҳа сафаридан кетма-кет икки бора 0:3 кўринишидаги омадсизлик билан қайтишлари ақлга сиғармиди?
Ҳа, «Пахтакор»нинг муваффақиятсизликларига кўникиб улгурдик. Авваллари бу жамоанинг ҳар бир мағлубияти «сенсация» ёхуд кутилмаган натижа сифатида баҳоланарди. Аммо эндиликда бундай «қоқилиш»лар оддий ҳолга айланиб қолди. Мисол учун, «Пахтакор» жорий мавсум биринчи марта мағлубиятга учрамаяпти. Умуман, Қашқадарёдан ҳам биринчи марта ўз тўрига «илинган» голлар шодаси билан қайтмаяпти...
ДУРАНГ СЕРОБ
Аслида тур баҳслари анча сокин бошланди. Мусобақа пешқадами бўлиб турган «Қўқон-1912» сафарда «Машъал»га қарши майдонга тушди ва ортга ғалаба билан қайтиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ Нўъмон Ҳасанов шогирдлари якунда 1 очко олишди. Яъни сўнгги дақиқаларда қўйиб юборилган гол натижасида дуранг билан чекланишди. Қўқонликлар 5та тур якуни бўйича 1-ўринни эгаллаб туришганини инобатга олсак, бундай сценарий ва якуний натижа жамоа мухлисларида бироз алам уйғотгандир.
Аммо унутмаслик керак, сафардаги дуранг фақат чемпионликни кўзлаётган жамоани қониқтирмаслиги мумкин. «Қўқон-1912» олдига қўйилган вазифа эса буткул бошқа. Шундай экан, жамоа вакиллари ва унинг мухлислари Муборакдаги ўйин туфайли унча куюнмасалар ҳам бўлаверади. Ахир қўқонликлар ҳамон кучли учликда бормоқдалар.
Турнир жадвалининг яна бир етакчиси - «Навбаҳор» ҳам сафарда ўйнади. Ўхшаш томони, наманганликлар ҳам ортга 1 очко олиб қайтишди. Лекин фарқли жиҳати ҳам бор: Бекободда жамоалар гол ура олишмади. Бекободга хос машҳур шамол бу борада на «Металлург» ва «Навбаҳор»га ёрдам берди. Тўғри, жамоалар вакиллари кучли шамол таъсирида кўнгилдагидек комбинациялар уюштиролмагандирлар.
Аммо биттагина аниқ ва бинойидек зарба шамол воситасида янада суръат олиб, тўп дарвоза тўрига бориб тушиши ҳеч гап эмасди. Хулоса шуки, ҳимоячилар нафақат рақиблар ҳужумлари, балки шамолга ҳам қарши туришни уддалашди. Чунончи, табиат ҳодисаси бутун вақт тўхтагани йўқ ва жамоаларнинг бир бўлимдан шамол йўналишига қарши ҳаракатланишларига тўғри келди. Яна бир эътиборли факт шуки, «Навбаҳор» кетма-кет 4та ўйиндан буён гол қўйиб юбормаяпти. Шу тариқа жамоанинг очколари сони 11тага етди, аммо турнир жадвалида 4-ўринга тушди.
«Қизилқум» эса «Сўғдиёна»га қарши кечган ўйинда катта қийинчилик билан мағлубиятдан қутулиб қолди. Жиззахликлар сафарда ўйнашганига қарамай, дадиллик кўрсатиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Мезбонлар эса фақат Илҳом Юнусовнинг пенальтидан урган голи эвазига мувозанатни тиклаб, 1 очкони ўз томонларига ва яна бирини ҳавога «учиришди».
«ДИНАМО»ЧА ҒАЛАБА
Турнинг марказий баҳси - «Локомотив» - «Насаф» шарҳини алоҳида бердик (олдинги саҳифага қаранг). Шуни такрор таъкидлаш керак, учрашув тўлиғича Марат Бикмаев бенефисига айланди. У аввалига ҳисобни очиб, «Насаф» шаштини бироз пасайтирди ва иккинчи бўлим бошида яна битта голи орқали 3 очко тақдирини амалда ҳал қилди. Якунда Шароф Муҳиддинов томонидан урилган ягона жавоб голи қаршилик мухлислар учун ожиз тасалли бўлди, холос.
«Обод» ва «Олмалиқ» ўртасидагиўйинда Рауф Инилеев бошчилигидаги мезбонлар нисбатан яхши ўйнашди, аммо ғалаба Виктор Кумиков жамоасига насиб этди. Ягона гол муаллифи - беларуслик Владислав Косминин.
Бу «Олмалиқ» учун қаторасига қўлга киритилган иккинчи ғалаба бўлди. Ҳа, Кумиков ғоялари самара бера бошлаган кўринади. Тўғри, мураббийнинг ўзи шогирдлари рақибдан яхши ўйнашмаганини тан олди, Инилеев эса гол урилган вазиятда дарвозабонга нисбатан қўполлик қайд этилганидан нолиди.
Мавсумнинг бош кашфиёти «Динамо» орадаги 2та мағлубиятдан сўнг ўз ҳисобини яна 3 очко билан тўлдирди. Самарқандликлар бу сафар ўз майдонларида «Бухоро»ни ишончли тарзда енгишди - 3:1. Ҳа, энди «Динамо»нинг стартдаги натижаларини тасодифга йўйиш учун асос йўқ. Жамоа сўнгги 2та турда имкониятни бой бергач, шов-шув бироз босилган ва дебютант етакчилар қаторида узоқ қололмайдигандек туюлганди. Мана, 6-тур «Динамо» учун барчасини олдинги ҳолатига қайтарди. Яъни Олег Тюлькин жамоаси 3 очко олиш эвазига турнир жадвалининг 2-қаторига кўтарилди. Демак, олий лигада «Динамо» белгисидаги «интрига» давом этади.
«ПАХТАКОР»ЧА МАҒЛУБИЯТ
Биласиз, олий лигада Қашқадарё вилоятидан 3та клуб бор - «Насаф», «Машъал» ва «Шўртан». Қарангки, «Пахтакор» жорий мавсум улардан иккиси олдида бир хил ҳолатда бош эгишга улгурди. Муборак сафарида 3та жавобсиз гол қабул қилишган «шерлар» Ғузорда ҳам шу куйга тушишди - яна 0:3. Воҳанинг энг кучли клуби - «Насаф»га қарши баҳс ҳали олдинда эканлигини инобатга олсак, бу кетишда «Пахтакор»нинг жанубий вилоятдаги мағлубиятлари анъана тусига кириб қолади, шекилли.
Тўғри, «шерлар»нинг «Машъал» ва «Шўртан»га қарши ўтказган ўйинлари бир-биридан бироз фарқланади. Чунончи, Муборакдаги учрашувдан фарқли ўлароқ, Ғузорда бемалол голларга бой дуранг қайд этилиши мумкин эди. Бироқ Равшан Ҳайдаров бошқарувига ўтган жамоа вакиллари вазиятлар қадрига етишмади ва «улоқ» якунда қарши ҳужумлардан самара чиқара олган «Шўртан» мулкига айланди.
«Бунёдкор»га нима бўляпти?
Тур доирасидаги сўнгги ўйинда инқироз ҳолатидаги икки клуб ўзаро тўқнаш келди. Яъни чемпионатда ҳали ғалаба қозонмаган «Нефтчи» ҳам ички арена, ҳам халқаро майдонда ўзини сира тиклолмаётган «Бунёдкор»ни қабул қилди. Фарғонада ҳисобни «қалдирғочлар» очишди ва якунда ижобий натижани расмийлаштиришди -2:1. Хуллас, «Нефтчи»нинг аҳволи янада оғирлашди. Афтидан, жамоа бошқарувида ўзгариш бўлади, чоғи. Ҳарқалай, бош мураббий Андрей Фёдоров ўйиндан сўнг ишдан кетишга тайёрлигини билдирди.
Тур Қаҳрамони ва тур иқтибосларини ўқиш учун давомига ўтинг