Испания спорт трибунали (TAD) бугун шошилинч равишда кенгаш ўтказишни режалаштирмоқда.
У Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланади, деб хабар бермоқда AS.
Гап шундаки, «Барселона» клуби Испания чемпионатининг 33-тури доирасида "Реал"га қарши ўйинда Неймарнинг хизматидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолиш мақсадида, жума куни кечки пайт Испания спорт трибуналига (TAD) шикоят киритган эди.
TAD кеча кундузи ўзининг навбатдаги йиғилишини ўтказгани боис, бу йиғилишда Неймар иши кўриб чиқилмади. Одатда TAD турли ишларни кўриб чиқиш учун ҳафтада 1 марта йиғилади. TAD Неймарнинг ишини кўриб чиққунга қадар "Барселона" футболчининг дисквалификацияси тўхтатиб турилишига умид қилганди.
Агар спорт трибунали 22 апрель, шанба куни фавқулодда йиғилиш ўтказмаса, Неймарнинг дисквалификацияси вақтинчалик тўхтатилади ҳамда футболчи якшанба куни бўладиган ўйинда иштирок этиши мумкин эди. Аммо ташкилот аъзолари шу бугуноқ кенгаш ўтказмоқчи, натижада Неймарнинг дисквалификацияси ўз кучида қолдирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Неймар 3та ўйиндан дисквалификация туфайли «Реал Сосьедад»га қарши ўйинни (2:3) ўтказиб юборганди. Бразилиялик футболчи "Малага"га қарши ўйинда (0:2) майдондан четлатилганидан кейин, ҳакамга қарата истеҳзо билан қарсак чалгани учун шу тариқа жазоланди.