Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Не кунларга қолдинг, «Милан»?

Баҳо:
+ | -

Апрелнинг сўнгги 10 кунлигида Италиянинг энг номдор жамоаларидан бири - «Милан» ниҳоят, тарихий ўзгаришга юз бурди. Яъни клуб Сильвио Берлосконидан хитойлик тадбиркорлар жуфтлиги - Хан Ли ва Ли Йонхонг ихтиёрига ўтди. Хўш, мазкур кескин бурилиш қандай натижаларга олиб келиши мумкин? «Милан» аввалги шон-шуҳратини тиклай оладими? Табиийки, жамоанинг кўпсонли мухлислари фақат ижобий натижаларга умид боғламоқдалар. Шунинг баробарида хитойлик хўжайинларга ишончсизлик билан қараётганлар ҳам бор, албатта.

15 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги «Милан дербиси» (2:2) азалий рақибларнинг ашаддий мухлислари фаолликларидан ташқари, Хитой иероглифларида битилган янги афишалар билан ҳам эътиборни тортди: «Нанкин савдо империясими ёки Гуанжунь провинциясидан келган тадбиркор?» Ҳа, Хитой сармоялари - барча фалокатлардан фориғ этувчи қудратли манба! Мана, «Интер» ҳам айнан хитойликлар ёрдами билан аввалги нуфузини тиклаш ҳаракатини бошлади ва ёзги трансферлар учун 150 млн. еврони тахт қилиб қўйди. «Нерадзурралар» ҳозирда Антонио Конте ёки Диего Симеоне даражасидаги мураббийни таклиф этишни режалаштирмоқдалар. Қарангки, «Милан» худди қўшниси танлаган йўлдан боришга қарор қилди. Хуллас, «россонерлар»ни хитойлик бизнесменлар ихтиёрига топшириш масаласидаги келишув ниҳоят, расмийлаштирилди ва Сильвио Берлускони қадрдон жамоаси билан охирги марта хайрлашди...

Ваъдалар - уммон. «Милан» хариди билан боғлиқ тегишли ҳужжатлар имзолангач, Ли Йонхонг анъанавий нутқида «ишонч», «буюк тарих», «қайтиш» ва «жаҳон футболи чўққиси» каби жарангдор иборалардан аямай фойдаланди. Ўз навбатида, янги соҳиблар олдига амалга оширилиши зарур саналган долзарб вазифалар кўндаланг қўйилди: Жанлуижи Доннаруммани таркибда олиб қолиш, Винченцо Монтеллага янги шартнома таклиф этиш, Италия футболининг нозик жиҳатларини мукаммал ўрганган ҳолда, трансферлар мавсумини фаол ва самарали ўтказиш... Бу борада «Интер»даги хитойликларнинг футболчиларни кейинчалик харид қилиш шарти билан ижара асосида таклиф қилишаётгани диққатга сазовор. Айтишларича, Хан Ли - Йонхонг дуэти ҳам «Милан»нинг ёзги трансферлари учун 150 млн. евро ажратар экан. Клуб афсонаси - Паоло Мальдинини директорлар кенгашига таклиф этиш режаси ҳам бор. Лекин хитойлик соҳиблар ваъдаларига дарров ишониш ярамайди. Италияда тарқалган гап-сўзларга кўра, Ли Йонхонг клубни шахсий сармояси эмас, қарз ҳисобига сотиб олган. Қизиғи, у шу қарзни айнан футбол бизнесидан олинажак даромад билан ёпиш ниятида!

Савол: бу жаноблар аслида ким? La Gazzetta dello Sport ва Reuters мухбирлари деярли бир вақтда «Милан»нинг янги соҳиблари шахсини аниқлашга бел боғладилар. Улар шу мақсадда Чансиндаги Халқаро савдо марказига йўл олишди. Боиси, Sino Europe Sports компанияси ва унинг 7та фирмаси (жумладан, «Милан» харидига алоқадор филиал) айнан шу шаҳарда жойлашган. Бироқ европалик меҳмонлар компания офисида бирор ходим ёки хизматчига дуч келмадилар. «Фирма ҳақида эшитганман. Лекин ишлаш учун келган бирор кишини учратганимча йўқ»,-деди сирли компания офиси жойлашган биринчи қаватдаги маҳкамада фаолият юритадиган аналитик Лю Цун. Одатда бундай компанияларга ўхшаш аксарият холдинг гуруҳлари Чен Хуашанга бориб тақалади. Бироқ «Милан»га оид ҳужжатларнинг ҳеч қайси бирида бу шахснинг номи йўқ. Келишув жараёнида хитойликлардан фақат икки киши қатнашди. Аввалига «сўзамол калла» тахаллуси билан танилган Хан Ли Миланга етиб борган ва Сильвио Берлускони билан барча масалаларни муҳокама қилганди. Келишувнинг моддий жиҳатлари эса Ли Йонхонг зиммасида: у ўзига хос брокер вазифасини адо этмоқда, бизнесининг маълум қисми рафиқаси номига расмийлаштирилган, ўзи Fininvest компаниясини бошқаради, фосфат саноатида улуши бор. Шунингдек, газли ичимликлар учун қадоқлаш воситалари ишлаб чиқарадиган корхона ва Гуанжоудаги бизнес марказининг 28 фоиз акцияси ҳам унинг тасарруфида. Вақтида Хитой матбуоти Йонхонг ўз сармояларини ўтган асрнинг 90-йилларида фирибгарлик орқали қўлга киритгани ҳақида бонг урганди. Бироқ кейинчалик журналистлар бизнесмендан узр сўрашга мажбур бўлишган.

Аслида «Милан»ни харид қилиш илинжида юрганлар сафи анча кенг эди. Лекин Хитой ҳукумати хориждаги бизнес-лойиҳаларга сармоя киритадиган тадбиркорларни «элак»дан ўтказгач, талабгорлардан фақат Хан ва Йонхонг қолишди. Улар келишувни амалга ошириш учун Люксембургда Pocconeri Sport Investment Lux компаниясига асос солдилар ва ўз сармояларини Европага шу фирма орқали олиб кирдилар. Клуб маълумотларига асосан, жараёнда «давлат томонидан назорат қилинадиган ташкилотлар» ҳам йўқ эмас. Аммо уларнинг номи сир тутилмоқда. Бу ҳолат қандайдир хавотир уйғотади, албатта. Қизиқ, харид учун олган қарзини «Милан» бизнес-лойиҳаси воситасида узишни мўлжаллаётган Йонхонг «Футболономика» билан танишиб чиққанмикан? Дейлик, у майдонда тўп суриш эвазига даромад олиш мумкин эмаслигидан хабардормикан? Бу соҳадаги дастлабки омадсизликдаёқ «Милан»дан имкони борича тезроқ қутулишни хоҳлаб қолмасмикан? Шўрлик, «Парма»нинг бошига қандай кунлар тушганини наҳотки, эшитмаган бўлса? Агар бизнесмен чиндан ҳам, буларни билмаса, «Милан» бир кунлик ўйинчоққа айланиши ҳеч гап эмас.

Умуман, осиёликлар томонидан еврофутболга киритилаётган сармояни миналаштирилган майдонга қиёслаш мумкин: фақат иложсиз вазиятга тушиб қолганларгина бошқа вариант йўқлиги боис, бундай келишувларга кўнадилар. Албатта, қаерлардадир зиммаларидаги вазифаларни рисоладагидек адо этиб, ўзлари каби ҳамкорларининг манфаатдор бўлишларини таъминлаётган осиёликлар ҳам бор. Масалан, Чехия терма жамоасига ҳомийлик қилаётган ва «Славия» клубини юксакликка олиб чиқаётган тадбиркорларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Бироқ улар маҳаллий клубларга хитойлик футболчиларни тиқиштириш ниятидалар. Аммо омадсиз чиққан ҳамкорлик алоқалари кўп, барибир. Дейлик, аниқ молиявий мадад йўқлиги туфайли «Интер»нинг келажаги туман остида турибди, хитойлик Ван Хюй атиги бир йил ичида «Адо Ден Хааг»ни адойи-тамом қилди, «Блэкберн» эса Ҳиндистоннинг Venky~s компанияси раҳнамолигида  чемпионшип «ботқоғи»га ботиб қолди. Индонезиялик Эрик Тоҳир даврида «Интер»нинг ҳолати ҳозиргидан ҳам аянчлироқ эди.

Хусусан, «Валенсия» билан юзага келган ҳолат «Милан» учун сабоқ бўлиши керак. Худди Италия гранди каби шонли ўтмиш, қониқарсиз ҳолат ва бетайин келажакка эга бу жамоа энди айнан Осиё сармояси эвазига қаддини тиклашга уринмоқда. Жамоанинг сингапурлик соҳиби Питер Лим барча лавозимларга ўз яқинларини тайинлади. Унинг ягона тўғри қарори - бу бош мураббий лавозимини Хуан Антонио Пиццига ишониб топширган эди. Бироқ Лим кўп ўтмай, футбол бизнеси наҳанги - Жорже Мендеш учун нўноқ «мижоз»га айланиб қолди. Яъни у «сингапурлик Алексей Федоричев» қиёфасига кирди. Қаранг, Мендеш аввалига «Динамо»нинг собиқ дарвозабони Нунуни «Валенсия» бош мураббийи лавозимини эгаллашини таъминлади, кейин эса таркибга португалиялик мижозларини тиқиштиришга киришди. Хуллас, Мендеш сингапурлик бизнесмен билан танишув ортидан чўнтагини қаппайтирди, «кўршапалаклар» эса инқироз тўри тутқунига айланишди. «Милан»да эса Мино Райоланинг таъсири кучли. Бу футбол агенти Иньясио Абате ва Жакомо Бонавентура каби юзлаб ўйинчилар билан ишлайди ва жамоаларда ўзига хос мини-колония ташкил этишдан сира хижолат тортмайди. Боз устига, «Милан»да шундай гуруҳ шаклланиб улгурган. Райоланинг бўлажак трансферлар мавсумида дейлик, Блез Матюиди ва Омар ал Каддури каби мижозларини «Ми- лан»га жойлаш учун бор маҳоратини ишга солиши, шубҳасиз.

Яна ўша савол... «Ўша хитойликлар аслида ким? Мазкур келишув - анъана ва тарихга нисбатан хоинлик. Менга қолса, Берлусконига 5 евро заколат бериб, Италиядан харидор топишни маслаҳат берардим...»,-дейди «Милан»нинг собиқ президенти Жузеппе Фарина. «Милан»ни қандай одамлар харид қилишганини Хитойда ҳеч ким билмайди»  - буниси айни пайт айнан Чин юрти терма жамоасини бошқараётган италиялик мураббий Марчелло Липпининг гаплари. Хитой сармояларининг хавотирли жиҳати шундаки, унга ҳеч қандай кафолат йўқ. Шунга қарамай, Ли Йонгхонг - Хан Ли жуфтлигининг оташин нутқи гулдурос қарсаклар билан қабул қилинди. Лекин сармоя ортида нима яширингани маълум эмас - молиявий барқарорлик ва наҳанглар билан муносиб рақобат қилиш истагими ёки шунчаки, ўткинчи эрмак? Юзага келган вазиятда Сильвио Берлусконининг ҳам айби бор: у барча хатти-ҳаракатлари асносида «Милан»дан тезроқ фориғ бўлишни истади, чоғи...

Тўғри, Хитой капиталининг клубга таъсирини ҳис этиш учун бироз сабар қилиш талаб этилади. Айни пайт битта ижобий жиҳат шубҳадан холи - эндиликда Чин юртида «россонерлар» нуфузи янада ортади. Италияда эса ҳозирча сўнгги дербида намойиш этилган иероглиф-афишалардан бошқа ҳеч нарса сезилмади...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:02, 27.04.2017.
Ўқилди: 7614 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.