Испания чемпионатининг 33-туридан ўрин олган «Реал» - «Барселона» (2:3) ўйинида Месси сўнгги дақиқада гол уриб, жамоасига ғалаба келтирганди.
Кейин «Реал»нинг фанатлар трибунасида ўтирган бир қанча мухлислар унинг голини хурсандчилик билан нишонлашди. Бу эса мадридлик мухлисларнинг эътирозига сабаб бўлди.
Шундан сўнг, «Реал» бу можарони ўрганиб чиқиб, айбдорларни топишга муваффақ бўлди.
Аниқланишича, ўйиндан олдин «Реал»нинг 1500га яқин мухлиси ўз абонементларини «Барселона» фанатларига сотган. Натижада меҳмон жамоа мухлисларининг анча-мунчаси «Реал» футболкаларини кийиб, маҳаллий мухлислар ўтирадиган трибунага кирган. Месси гол урганида эса улар шод-хуррамлик билан нишонлашган.
Айни пайтда, «Реал» бу қоидабузарликка йўл қўйган 635 нафар мухлиснинг шахсини аниқлади. Барча маълумотлар клубнинг тартиб-интизом қўмитасига жўнатилди. Энди улар абонементлардан айрилиши ва фанатлар уюшмаси сафидан чиқарилиши мумкин.