"Барселона" клуби Испания чемпионатининг 35-тури доирасида осон бўлмаган ўйинни ўтказди. «Корнелья эл-Прат» стадионида бўлиб ўтган Каталония дербисида "Эспаньол" "кўк-анорранглилар"га жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди.
Мезбонлар бу ишни биринчи бўлим давомида яхши уддалашди. "Эспаньол" ҳаттоки 5-дақиқадаёқ ҳисобни очиши керак эди. Кайседонинг узатмасидан кейин Хурадо жарима майдончасига ёриб кирди ва бирга-бир вазиятда аниқ зарба бера олмади. Тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлим бошида эса ўша Хурадо жуда қўпол хатога йўл қўйди. У майдон марказидан Диего Лопес томон узатма берди. Луис Суарес тўпни эгаллаб олиб, бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қилди.
"Барселона" футболчилари иккинчи 45 дақиқаликни биринчисига нисбатан яхшироқ ўтказишди, аммо рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни кўплаб яратишмади. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида меҳмонлар позицион ҳужум орқали иккинчи голни уришди. Неймардан узатма қабул қилган Месси олдинга юрди ва жарима майдончасининг чап томонида очилган Ракитичга узатма берди. Иван кучли бўлмаган зарба билан Диего Лопесни доғда қолдирди.
"Барса"нинг учинчи голида "Эспаньол" ҳимоячисининг ҳиссаси юқори бўлди. Месси рақиб дарвозабон майдончасига узатма берган пайтда ҳимоячини тепиб юборишда муваффақиятсиз ҳаракат қилди. Уругвайлик футболчи тўпни эгаллади ва дарвозани ишғол қилди.
Ушбу ғалабадан кейин "Барселона" ўз очколарини 81тага етказди ва 1-ўринга кўтарилиб олди. Чемпионат тугашига эса 3та тур қолмоқда.
Испания Ла лигаси, 35-тур
"ЭСПАНЬОЛ" - "БАРСЕЛОНА" 0:3 (0:0)
29 апрель, 23.45, «Корнелья эл-Прат»
Голлар: 0:1 – 50 Суарес, 0:2 – 76 Ракитич, 0:3 – 87 Суарес.
Эспаньол – Лопес, Лопес, Рейес, Кариколь, Хурадо, Санчес, Хави Фуэго (Марк Рока, 79), Лопес Сильва, Пьятти (Перес, 66), Морено, Кайседо (Баптистао, 61).
Барселона – тер Штеген, Умтити, Пике, Альба, Серджи Роберто, Ракитич, Бускетс, Андре Гомеш (Маскерано, 78), Неймар, Месси, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Морено (14), Кариколь (58), Хави Фуэго (68).