2013 йилги мавсумни Ғузорнинг «Шўртан» футбол клубида ўтказган сербиялик Урош Милославлевичнинг ФИФАга ёзган аризаси ечими 10 кун ичида ҳал этилиши керак.
11 майга қадар «Шўртан» ўз гарданидаги қарзни тўлаб бермаса, 2018 йилги мавсумни Биринчи лигада ўтказади. Бунда гап 13 минг АҚШ доллари устида кетмоқда.
«Футбол экспресс» нашри «Шўртан» бош мураббийи Ихтиёр Каримов билан алоқага чиқиб, вазиятни билишга ҳаракат қилган.
«ФИФА қарори бизни карахт аҳволга солиб қўйди. Ташкилот биздан 10 кун ичида қарздорликни тўлашни талаб қилди. Қандай қилиб бўлмасин пулни тўлаб, жамоани Олий лигада олиб қолмоқчимиз.
Аслида ФИФА 2013 йил футболчи олдидаги қарздорликни тўлаб бериш борасида қарор чиқарганди. Оқибатда «Шўртан» ўтган йил 46 минг доллар қарз тўлади. Бироқ ўз вақтида тўланмаган қарз йиллар давомида устама ҳисобидан фоиз «туғаверган». Энди яна 13 минг доллар қарз пайдо бўлган. Футболчининг агенти бу пулларни тўлаб беришимизни талаб қилмоқда»» - деди Ихтиёр Каримов, «Шўртан» бош мураббийи.
ФИФА қарорига кўра, ПФЛ 2016 йилнинг 4 сентябрь куни «Шўртан»дан 3 очко олиб ташлаб, клубни жиддий огоҳлантирганди.
Сербиялик Урош Милосавлевич 2011 йилги мавсум биринчи ярмида «Шўртан» шарафини ҳимоя қилган. Футболчи ўша йил ёзда Ўзбекистоннинг бошқа бир клуби — «Бунёдкор» аъзосига айланган. Ҳозирда 33 ёшда бўлган Урош Милосавлевич футболчилик фаолиятини якунлаган ва футбол агенти сифатида фаолият олиб боради.