«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ўз маблағи ҳисобидан Суриянинг урушда вайрон бўлган шаҳарларидан бирида болалар учун мактаб қурдирди.
Бу ҳақда у ўзининг фейсбук саҳифасида хабар қилди.
«Лео Месси фонди ЮНИСЕФга Сурияда 20та синф хонасини барпо қилишга ёрдам берди ва шу орқали 1600 болакайнинг таълим олиш шароитини яхшилади» – деб ёзди Месси.
Мессининг ёрдами билан синф хоналари барча зарур жиҳозлар билан таъминланган, уларга ўқув муҳитини яхшилаш мақсадида қуёш батареялари ўрнатилган. Бундай мактабларга таълим оладиган ўқувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи уруш натижасида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган оилаларда яшайди. Олти йилдан буён давом этаётган Суриядаги уруш сабаб, мамлакатдаги шифохоналар, мактаблар ва уйлар вайрон қилинган.
Аввалроқ, Месси яна бир хайрли ишга қўл уриб, Мисрда гепатит С хасталигига қарши курашиш тадбирида иштирок этган эди.