«Ювентус» Европанинг гранд клубларидан бири ҳисобланади.
А Серияда ёки Италия Кубоги доирасида бирорта жамоа “кекса синьора”га тенг кела олмайди. Бу мавсумда эса туринликлар Скудеттони кетма-кет 6 марта ютган жамоага айланиши тобора ойдинлашиб бормоқда.
“Бянконери”лар миллий биринчиликда бутунлай дахлсиз бўлиб келишмоқда. А Серияни қозониш бу жамоа учун одатий ҳолга айланиб бўлди. Ўз ҳукмронлигини давомийлигини сақлашда эса клуб раҳбариятининг ажойиб трансферлари ҳам сабаб бўлмоқда. Ушбу мавсум бошида Миралим Пянич (“Рома”) ва Гонсало Игуаин (“Наполи”)ларнинг трансфери бунинг яққол исботидир. Янги қўшилган футболчилар жамоанинг ўйинини сезиларли тарзда кучайтиришди.
“Ювентус” нафақат “истеъмолчи” вазифасида фаол, балки юлдузларни етиштиришда ҳам яхши намуна бўла олади. Сўнгги олти мавсумда Пол Погба, Артуро Видал, Алваро Мораталар ўртача савияда қўшилиб, жамоа сафини юлдуз мақомида тарк этишди. Янги юлдуз Пауло Дибала эса бир қанча гранд жамоаларнинг диққат марказида турибди.
Жамоа таркибини Погба ва Видал сингари бир қанча етакчи аъзолари тарк этганига қарамай, жамоа ўз олдига юқори марраларни қўйган. Бироқ, Леонардо Бонуччи сақлаб қолинди. Пауло Дибала ҳам яқиндагина янги шартнома имзолади. Бонуччининг клубда сақлаб қолиниши энг муҳими бўлди. Айнан у туринликлар ҳимоя чизиғининг муҳим бўлаги ҳисобланади.
Европанинг жуда оз жамоаларида 30 ёшдан ошган футболчилар фаолият суради. “Ювентус”да эса Лилиан Тюрамдан Пирлогача, Эврадан тортиб Алвешгача бўлган бир қанча футболчиларни санай оламиз. Бонуччининг шериклари Келлини ва Барзалйилар ҳам 30 ёшдан ошган. Деярли 40 ёшли дарвозабон Буффон эса тирик афсонага айланиб улгурди.
«Ювентус» ҳимояси Чемпионлар Лигасида 2 гол ўтказган ҳолда бутун даврларнинг энг мустаҳкам ҳимоясига айланган. Ҳимоя чизиғи билан биргаликда жамоа ҳужумни ҳам кучайтиришди. Игуаининг 90 миллион еврога олиб келиниши клубнинг мақсадларидан дарак беради.
Ўтган ҳафтада «Монако» дарвозасига айнан унинг киритган дубли жамоасининг финалга чиқиши учун ажойиб имконият яратиб берди. Аргентиналик футболчи 10 учрашувда 5 гол киритиб Чемпионлар Лигасидаги статистикасини яхшилаб олди. Бугун эса Игуаин ушбу кўрсаткичини янада яхшилаб олиши мумкин. Туринликлар 21 йилдан бери юта олмай келаётган соврин учун муҳим қадамни ташлади.