Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов Конфедерациялар кубогида иштирок этиши мумкин бўлган 30 нафар футболчи рўйхатини эълон қилди. Шундан сўнг Футболчилар уйида матбуот анжумани ўтказилди.
— Кенгайтирилган таркибдагилардан қайсилари Австриядаги йиғинга боришади?
— 26 нафари. Уч дарвозабон ва 23 ўйинчи. Ҳозирча шундай. Лекин йиғин арафасида вазият ўзгариб кетиши мумкин.
— Конфедерациялар кубогида исталган пайт жароҳат олганларнинг ўрнини босадиган захира футболчилар бўладими?
— Худо кўрсатмасин, алмаштирадиган бўлсак ҳам буни мусобақанинг биринчи ўйинига қадар амалга оширамиз. 23 кишидан иборат якуний таркиб 7 июнгача эълон қилинади. Турнир давомида футболчи алмаштиришнинг иложи йўқ.
— Камболов рўйхатга ҳимоячи сифатида кирган. Уни айнан шу чизиқ вакили сифатида кўряпсизми?
— Кимгадир бу кутилмаган бўлиши мумкин. Лекин вазият ўзгарди. Березуцкийларнинг турнирда ёрдам беролмасликлари ойдинлашгач, вариантларни ўрганиб чиқдик. Камболов «Локомотив»га қарши ўйинда марказий ҳимояга ўтказилди. Ўша учрашувда унга эътибор қаратдим, сўнгра статистикасини ўрганиб чиқдим. «Бордо», «Ливерпуль», «Сьон» билан бўлган ўйинларини кузатдим. Европа Лигасида ҳам ҳимоячи сифатида ўйнади. Кўриниб турибдики, Руслан бу чизиқда яхши тўп сурмоқда. Ўз навбатида, бундай турнирларда дарвозабондан ташқари барча футболчилар универсал бўлишлари керак. Камболов марказий ҳимоя ва таянч ярим ҳимоясида ўйнай олади. Терма жамоа учун бу фойдали бўлиши мумкин.
— Сизнингча, Фернандес ҳимояда фойдалироқми ёки ҳужумга яқин чизиқдами?
— Иккисида ҳам бир хил савиядаги ўйин намойиш қила олади, Фернандесни текширишимизга ҳожат йўқ.
— Сўнгги пайтларда жароҳатлар гирдобида қолган Загоев ҳам рўйхатдан жой олган. Унинг соғлиғидан хавотирда эмасмисиз?
— Футбол - тўқнашувларга бой ўйин. Загоев шикастланганига 19 кун бўлди. Унинг жароҳатдан фориғ бўлиши учун кўпи билан 21 кун талаб этилади. У лат еган сана билан Конфедерациялар кубогидаги ўйинимиз белгиланган сана орасида 52 кун бор. Аланнинг даражасини яхши биламиз, тажрибали эканлиги учун ҳам рўйхатдан жой олган.
— Дзюбанинг ҳам соғлиғи билан боғлиқ муаммолар юзага келганди. Артёмнинг рўйхатдалиги барча муаммолар ортда қолганидан далолатми?
— Шифокорларимиз «Зенит»даги ҳамкасблари билан доимо алоқадалар. Дзюба барча учрашувларда майдонга тушмоқда ва сўнгги пайтларда тақиқларсиз ишламоқда. 22-санада Москвада бўлади.
— Нойштедтернинг ўйинларини шахсан кузатдингизми, у билан суҳбатлашдингизми?
— Гаплашмадик. Аммо у терма ўйинидан сўнг тўртта баҳсда майдонга тушди. Битта кубокда ва учта чемпионатда. Туркияда мавсум 22 майда тугайди. У ерга бормадим. Хайриятки, ҳозирги вақтда барчасини видеоёзувлар орқали кўриш имконияти бор.
— Тарасовнинг ҳолатидан қониқиш ҳосил қиляпсизми? ЦСКАга қарши учрашувдан сўнг у танқид остида қолганди.
— Ўша баҳсдан сўнг сизлар уни танқид қилдинглар, аммо олдинги ўйинларда мақтамадинглар. ЦСКА билан баҳс олсак, Тарасов бир бўлимда бошқалар 90 дақиқада бажарадиган ишни уддалади, жуда фаол тўп сурди. Фақат шунчаки, кераксиз жойда пайдо бўлиб қолди, холос.
— Терма жамоани қабул қилиб олганингиздан буён Смолов ҳали ўйнамади. Унинг ҳолатини қандай баҳолайсиз?
— Фёдор иккита йиғинимизда қатнашди. Биринчисида ўз голларини урди. Иккинчисида эса, фақат назарий машғулотлар билан чекланди. Ҳужумчининг вазифаси гол уриш, бу ишни у доим уддаламоқда. Демак, хавотирга ўрин йўқ. Биз учун энг муҳими - унинг жисмоний ҳолати.
— Самедов «Спартак»ка ўтганидан сўнг захирада кўп ўтирмоқда. Унинг терма жамоадаги имкониятлари қандай?
— «Спартак»даги ҳолати бизга унчалик қизиқмас. Самедов терма жамоа ўйинларида мунтазам равишда ўзини кўрсатиб келган. Умуман олганда, клубида ҳам учта гол урди. Шундан иккитаси жамоага ғалаба келтирди.
Россия термасининг кенгайтрилган таркиби
Дарвозабонлар: Игорь Акинфеев (ЦСКА), Александр Беленов («Уфа»), Маринато Гилерме («Локомотив»), Андрей Лунёв («Зенит»);
Ҳимоячилар: Виктор Васин (ЦСКА), Георгий Жикия («Спартак»), Руслан Камболов («Рубин»), Фёдор Кудряшов («Ростов»), Илья Кутепов («Спартак»), Роман Нойштедтер («Фенербахче», Туркия), Андрей Семёнов («Терек»), Роман Шишкин («Краснодар»);
Ярим ҳимоячилар: Юрий Газинский («Краснодар»), Денис Глушаков («Спартак»), Александр Головин (ЦСКА), Алан Загоев (ЦСКА), Александр Ерохин («Ростов»), Юрий Жирков («Зенит»), Роман Зобнин («Спартак»), Дмитрий Комбаров («Спартак»), Алексей Миранчук («Локомотив»), Александр Самедов («Спартак»), Игорь Смольников («Зенит»), Дмитрий Тарасов («Локомотив»), Марио Фернандес (ЦСКА);
Ҳужумчилар: Александр Бухаров («Ростов»), Артём Дзюба («Зенит»), Максим Канунников («Рубин»), Дмитрий Полоз («Ростов»), Фёдор Смолов («Краснодар»).