Бугун Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг навбатдаги тартиб-интизом қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда мамлакат чемпионати ва кубоги, ёшлар биринчилигидан ўрин олган учрашувларда қизил карточка олган футболчи ва мураббийлар масаласи кўриб чиқилди.
Бу ТИҚ қарори "Навбаҳор" учун аҳамиятга эга эди. Бухорода ўтган учрашувда жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов захира ўриндиғидан четлатилган бўлса Ойбек Қиличев қизил карточка олганди. Қолаверса, кеча Фарғонада ўтказилган кубок баҳсида Алишер Саматов ҳам қизил карточкага лойиқ топилганди.
Бундан бироз вақт олдин якунланган тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида жамоа аъзоларини қанча ўйинга дисквалификация қилинганликлари маълум бўлди.
Олий лига
11-турдан ўрин олган “Бухоро” – “Навбаҳор” учрашуви танаффус пайтида тажовузкор хатти-ҳаракати учун захира ўриндиғидан четлатилган “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Илҳом Мўминжонов битта ўйинга дисквалификация қилинди ва жаримага тортилди. Бундан ташқари “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев ҳам битта ўйинга дисквалификация қилиниб, жаримага тортилган.
“Бухоро” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувда рақибини юзига урганлиги учун майдондан четлатилган “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Ойбек Қиличев иккита ўйинга дисквалификация қилиниб, жаримага тортилди.
Ўзбекистон кубоги
Мамлакат кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги дастлабки учрашувда тажовузкор ҳаракати учун майдондан четлатилган “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Алишер Саматов иккита ўйинга дисквалификация қилинди.