“Футбол дўстлик учун” халқаро лойиҳасининг ўзбекистонлик иштирокчиси ФИФА рефереси Равшан Эрматов билан учрашди. Учрашув давомида ёш дарвозабон – Илёс Аҳмедов “Футбол дўстлик учун” лойиҳаси ҳақида Равшан Эрматовга маълумот бериб ўтди. Ўз ўрнида халқаро майдонда катта тажрибага эга Равшан Эрматов эса болаларга бундай турнирлардаги иштирок мобайнида нималарга эътибор бериш ҳақида ўз билганларини суҳбатдошига етказди.
Эслатиб ўтамиз, “Футбол дўстлик учун” лойиҳаси бу ФИФАнинг болалар футболига бағишланган кенг кўламли лойиҳаси бўлиб, бу йилдан бошлаб унда Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳам ўз вакиллари билан иштирок этади. Лойиҳада бу йил иштирокчи мамлакатлар сони 64 та етганини қўшимча қилиш керак. Халқаро ташкилий қўмита томонидан ўтказилган қуръа Ўзбекистон номидан лойиҳанинг футбол мусобақасида ёш дарвозабон иштирок этишини аниқлаб бергач Ўзбекистон Футбол Федерацияси саралаш ишларини олиб борди. Якунда саралашдан муваффақият билан ўтган 12 ёшли дарвозабон Илёс Аҳмедов лойиҳа иштирокчисига айланди.
Равшан Эрматов билан учрашув сўнггида ёш футболчи тажрибали ҳакамнинг қўлига “дўстлик билакузуги”ни тақиб қўйди. Бу эса Равшан Эрматовни ҳам ўзига хос “дўстлик элчисига” айлантирди дейиш мумкин. Қайд этиш керак, Илёс Аҳмедов ва юртимизнинг таниқли инсонлари ўртасидаги учрашувлар давом этади.