Goal нашри якунига етган Германия Бундеслигаси рамзий терма жамоасини тузиб чиқди. Таркибнинг кўпчилиги албатта, Мюнхеннинг “Бавария”си аъзоларидан иборат.
2016/17 йилги мавсумнинг рамзий терма жамоаси қуйидагича:
Дарвозабон:
Оливер Бауман, (“Ҳоффенҳайм”)
Бу мавсумда Бундеслигадаги 100-ўйинини ҳам нишонлаган “Ҳоффенҳайм” посбони жамоасининг 4-ўринда якунлашига муносиб ҳиссасини қўшди. Бауман Бундеслига ўйинларида 113 сейвни амалга оширди ва бу борада энг яхши кўрсаткичга эга.
Ҳимоячилар:
Сеад Колашинац (“Шалке 04”)
Якунига етган мавсумда 3 гол ва 5 голли узатмани амалга оширган Колашинац билан ҳозирда “Манчестер Сити”, “Арсенал” ва “Милан” жамоалари қизиқишмоқда. Чап қанот ҳимоячиси мавсумни юқори савияда ўтказа олди.
Никлас Зюле (“Ҳоффенҳайм”)
Жамоаси билан биргаликда Бундеслига кашфиётига айланган марказий ҳимоячи келаси мавсумдан “Бавария”да Матс Ҳуммелсга рақобатчилик қилади. 2016/17-йилги мавсумни қай тарзда ўтказганини шундан билиб олсак бўлади.
Матс Ҳуммелс (“Бавария”)
Ўзининг ишончли ўйини билан марказий ҳимоядаги шериги Жером Боатенгнинг йўқлигини сездирмади. Ҳуммелс ҳали ҳам юқори савиядаги ўйинини намойиш этишда давом этмоқда.
Филип Лам (“Бавария”)
33 ёшли ҳимоячи рақиб жарима майдончасида жамоадошларига 884 марта тўп етказиб берди. Бундеслигадаги ҳимоячилар Ламдан ўрнак олса арзийди. Бироқ, Лам катта футбол билан хайрлашди. Бу бутун Германия футболи учун ҳам катта йўқотиш десак бўлади.
Ярим ҳимоячилар:
Наби Кейта (“Лейпциг”)
Бундеслигада катта шов-шувларга сабаб бўлган “Лейпциг” жамоаси бундай натижаларга албатта ўзининг таянч ярим ҳимоячиси Наби Кейта ҳисобига эришди. Деку ва Яя Туреларнинг ўйинидан завқ оладиган Кейта улар каби майдон марказида серқирра ўйинларини намойиш этди.
Тиаго Алкантара (“Бавария”)
Гвардиоаланинг кетганидан сўнг ўзини қайта ўнглаб олган Тиаго мавсум якунига кўра 6 гол урган бўлсада, 3110 маротаба жамоадошларига тўп узатган. Бундай кўрсаткичга Бундеслигадаги бирорта футболчи яқинлаша олмаган.
Эмил Форсберг (“Лейпциг”)
8 гол ва 18 голли узатмани амалга оширган “Лейпциг” аъзоси Европада энг яхши плеймейкерга айланди. Мавсумни муваффақиятли ўтказган футболчини рамзий термага киритмаслик нотўгъри бўлади.
Арьен Роббен (“Бавария”)
Роббен ҳали ҳамон “Бавария”да юқори савияда тўп суришда давом этмоқда. Бу мавсумда 12 гол ва 7 голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган 33 ёшли Роббен жамоасининг гъалабаларига муносиб ҳиссасини қўшди.
Усмон Дембеле (“Боруссия”)
Ушбу мавсумда “Боруссия Дортмунд”да бир қатор иқтидорли ёшлар тўп суришди. Пулишич, Юлиан Вайгл, Эмре Мўр ва Усмон Дембеле. Усмон Дембеле эса улар ичида энг ёрқин ўйинларини намойиш эта олди. Европанинг гранд жамоалари уни ёзги трансфер мавсумидаёқ қўшиб олишса ажаб эмас.
Ҳужумчи:
Роберт Левандовски (“Бавария”)
Ушбу мавсумда 30 гол ва 4 голли узатма оширган полшалик футболчинг “Бавария” либосида урган голлари сони 100 дан ошиб кетди. Ҳужумчи Бундеслиганинг баъзи жамоаларидан ҳам кўпроқ гол ура олган.