Футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигасининг 11-туридан ўрин олган «Бухоро» — «Навбаҳор» ўйинида майдондан четлатилган Ойбек Қиличев, 25 май куни оила қурди. Бу ҳақда «Навбаҳор» клуби матбуот хизмати хабар берди.
«Бухоро»га қарши 3:3 ҳисобида якунига етган ўйиннинг 83-дақиқасида бош ҳакам бир йўла икки футболчи — Эргаш Исмоилов ҳамда Ойбек Қиличевни майдондан четлатганди. Кейинроқ вазиятни ўрганиб чиққан ПФЛ «Навбаҳор» футболчиси Ойбек Қиличевни икки ўйинга дисквалификация қилди ҳамда моддий жаримага тортди. Бунда моддий жариманинг миқдори кўрсатилмади. Ойбек Қиличев рақибининг юзига ургани учун майдондан четлатилди, деб ёзганди ПФЛ матбуот хизмати. Шундан келиб чиқиб, ташкилот жабрланувчи Эргаш Исмоиловни қўшимча жазолаб ўтиргани йўқ.
Шу тариқа 18 май куни қизил олган Ойбек Қиличев 27 май куни бўлиб ўтадиган «Бунёдкор»га қарши 12-тур ва 31 май куни бўлиб ўтадиган «Нефтчи»га қарши Ўзбекистон кубогининг жавоб ўйинида майдонга тушмайдиган бўлди. 25 май куни эса футболчининг ўзи оила қурди. Бунда Ойбек Қиличев қизил карточкани қасддан тилаб олганмиди ёки бу вазият тақазосими — ойдинлик киритилмаган.
«Бухоро»га қарши беллашувни бошқариб борган андижонлик ҳакам Темур Тўхтасинов «Навбаҳор» дарвозасига 3 та пенальти тайин қилгани, танаффус вақтида эса ҳар икки клуб бош мураббийларини майдондан четлатгани инобатга олинса, Қиличев асабийлашган бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлган тақдирда ҳам, ёш куёв камида бир ҳафта давомида футболдан четда бўлиш имкониятини қўлга киритди. Шу билан Қиличев 14 июнь куни бўлиб ўтадиган Олий лига 13-турида майдонга тушиш имкониятига эга.