Кириш Регистрация

Бундеслигадаги илк аёл ҳакам ҳақида нималарни биламиз

Баҳо:
+ | -

Келаси мавсум бундеслига ўйинларини аёл ҳакам ҳам бошқаради. Ҳа, Германия бош лигаси тарихида ўйинларни бош-қариб борадиган реферилар рўйхатига илк марта нозик жинс вакили ҳам киритилди. Хўш, у ким?

Қизиқсангиз, марҳамат, Bombardir.ru сайти маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги мақола билан танишиб чиқинг. У Бибиана Штайнхауснинг шиддат билан ривожланган фаолияти, машҳур Ховард Уэбб билан муносабати каби турли мавзуларни қамраб олган.

Отаси таклифи ва собиқ рефери ёрдами билан

Бибиана бундан 38 йил олдин катта бўлмаган Бад-Лаутерберг шаҳрида туғилган. Унинг отаси вақтида футбол ҳаками сифатида ишлаган. Демакки, қизча айнан оила муҳити таъсирида миллионлар ўйинига меҳр берган. Бибиана ёшлигида ҳаттоки, маҳаллий жамоада ҳимоячи ролини бажарган. Бироқ ўша вақт ҳакамлик қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрган эмасди. Кейинчалик отаси унга бирор ўйинни бошқариб кўришини тавсия этади. Натижада 16 ёшли Бибиана фаолиятида кескин бурилиш кузатилади. Қизча шундан 2 йил ўтгач, Дуйсбургда ташкиллаштирилган ҳакамлар семинарида Ойген Штригель билан танишади. Германиялик ушбу собиқ рефери айни пайт ҳакамлар корпусида ишламоқда. Хуллас, Штайнхауснинг профессионал рефери мақомини олишида айнан Штригель катта ёрдам беради. Яъни ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Бибиана бошқарган ўйинларни диққат билан кузатади ва унга тегишли йўл-йўриқ, маслаҳатлар бериб туради.

Профессионал лигалар даражасига чиқиш йўли

Штайнхаус аввалига бир неча йил ҳаваскорлар лигасидаги ўйинларни бошқариш билан чекланди. Унга асосан қизлар ўртасидаги учрашувларни топширардилар. Кейинчалик тажрибаси бироз ошгач, аёллар ўртасидаги Германия кубоги финалида ишлади. Бибиана 28 ёшга тўлгач, тарихий воқеа сабабчисига айланди - у иккинчи бундеслига доирасидаги ўйинни бошқариб борган биринчи аёл бўлди. Муҳими, иши матбуот томонидан юқори баҳога лойиқ кўрилди. Айтганча, Бибиананинг эркаклар футболидаги дебютида ке-йинчалик элитада ёғду сочган «Падерборн» келаси мавсум ЧЛда иштирок этадиган «Хоффенхайм»ни қабул қилганди. Орадан яна бир йил ўтиб, Штайнхаус бригадаси Германия кубоги баҳсларида кўриниш бера бошлади - бу ҳам немис футболи учун муҳим воқелик эди.

Халқаро миқёсда тан олиниш

Бибиана Штайнхаус ҳакамлик бобидаги маҳоратини Германия ташқарисида ҳам мумаммосиз кўрсата олди. Яъни қизлар ўртасидаги Европа ва жаҳон чемпионатлари каби турли халқаро мусобақаларда сифатли иши билан яққол ажралиб турди. Олимпиада-2012да аёллар футболи финалини бошқариб боргани эса ҳозирча энг эътиборли натижаларидан бири бўлиб турибди.

Асосий касб бўйича - полициячи

Бибиана Штайнхаус Ганновер полициясида хизмат қилади ва айтишича, бу борадаги тажрибаси ҳакамлик фаолиятида жуда қўл келмоқда. «Ҳа, агар полицияда ишлаб, маълум кўникма ҳосил қилмаганимда, футбол рефериси вазифаларини уддалолмасмидим, балки? Чунончи, икки функциянинг умумий жиҳатлари, ўхшаш томонлари кўп. Мисол учун, полициячи вазифаси ҳам, рефериники ҳам атрофидагиларнинг муайян қоидаларга амал қилишларини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, ҳар икки ишда тезкор қарор қабул қилиш талаб этилади,-дейди Штайнхаус бу борада.

Кутилмаган ҳолатлар ҳам бор

2010 йили интернет тармоғида битта видеоролик «роса айланди» - унда «Герта» ҳимоячиси Петер Нимайернинг Штайнхаусга тегиниб кетгани акс этганди. Футбол тўқнашувларга бой ва баъзан ҳакамлар ҳам қайсидир ўйинчига урилиб кетишлари мумкин. Хуллас, Бибиана ва Петер ўртасидаги тўқнашув табиий жараён маҳсули эди. Ўшанда футболчи ҳаттоки, аёлга қараган ҳам эмас. Яна 3 йилдан кейин энди «Ингольштадт» ҳимоячиси Андре Миятович ҳам аёл ҳакамга урилиб кетди. «Ҳа, Бибиана дарвозамиз томон пенальти белгилагач, кичик тўқнашув рўй берди. Йўқ, бу мутлақо тасодиф, унга тегиниш ҳаттоки, хаёлимга ҳам келган эмасди»,-дея қасам ичди учрашувдан сўнг футболчи. Умуман, ҳар икки ҳолатда ортиқча гап-сўз бўлгани йўқ - одатий ўйин ҳолати. Тўғри, кейинги кутилмаган воқелик можарога айланиб кетиши ҳеч гап эмасди. Хосеп Гвардиола даврида «Бавария» ўйинларидан бирида Штайнхаус захира ҳаками сифатида ишлади. Сўнгги дақиқалар ўтиб бораётган паллада испан мутахассиси ундан тўхталишлар учун кўпроқ вақт қўшиб беришини илтимос қилди ва рад жавобини олгач, киноя-ли тарзда қўл узатди. Кейин эса Бибианани ўзига тортмоқчи ҳам бўлди, рефери эса чаққонлик қилиб, бир неча қадам нари сурилди. Хуллас, Гвардиоалани ҳакамга таъсир ўтказишга уринганликда айблаб, унга нисбатан дисквалификация жазосини қўллашлари ҳам ҳеч гап эмасди.

Камситиш ҳаракати оқибати

Эртами-кеч аёл ҳакамни камситиш ҳолати юзага келиши тахмин қилинганди. Тўғри, Германияда бундай кўнгилсизликлар ҳақида узоқ вақт ҳеч гап чиққани йўқ. Бироқ Штайнхаус 2015 йили иккинчи бундеслига доирасидаги ўйинда Дюссельдорфнинг «Фортуна» жамоаси вакили Керем Демирбайни икки бора огоҳлантириб, майдондан четлатгач, футболчи ўзини тутиб туролмади: «Аёл ҳакамга эркаклар футболида бало борми? У ўйинни бошқариб боришга нолойиқ». Натижада Демирбайнинг ўзи балога учради - уни ҳар томонлама жазолашди. Яъни тилига эрк берган футболчига 10 минг евро миқдорида жарима солишдан ташқари, уни 5 ой муддатга дисквалификация қилишди. Энг «олий» жазо сифатида эса унинг олдига ...аёллар жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамлик қилиш мажбуриятини қўйишди.

Ховард Уэбб қарори

- У ўйинларни қандай бошқаряпти, буни сира тушунмайман, ахир уйда ҳаттоки, ўз фарзандларини изга сололмайди-ку,-дея ўз ҳайратини яширмади Кэй хоним эри Ховард Уэббни жаҳон чемпионати-2010 финалига тайинлашганини эшитиб. Боз устига, у ўз ҳайратини Британия телеканалларидан бирининг тўғридан-тўғри узатилган кўрсатувида баён этганди. Аёлнинг эҳтиётсизлигими ёки қўпол ҳазили Уэббнинг оиладан кетишига олиб келди. Тўғрироғи, у яна 6 йилдан сўнг Кэй ва 3 нафар фарзандини ташлаб, Бибиана ёнига ошиқди. Хуллас, Ховард икки соҳада ҳам ҳамкасби саналган аёл билан яшашга қарор қилди.

Бундеслига рўйхатига тушиш ва муносабат

Бибиана Штайнхауснинг ўзи келаси мавсум бундеслига учрашувларини бошқариши хусусидаги янгиликни катта ҳаяжон билан қабул қилгани тайин: «Бу ҳаётий орзум эди ва мана, рўёбга чиқмоқда. Ўйлайманки, ҳаммасига ҳаракатларим эвазига эришдим. Ҳозир нималарни ҳис қилаётганимни таърифлаб беришга ожизман. Эртак мисоли - ҳайрат, қувонч, ишонч, иштиёқ, енгил тортиш, қўйингки, ҳаммаси бирда...». Четдагилар ҳам жим туришмаяпти. Мисол учун, «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Илкай Гюндоган «Твиттер»даги саҳифасида қуйидаги ёзувни қолдирди: «Мамлакат футболида янги саҳифани очиш учун катта жасорат талаб этилади. Фрау Штайнхаусга чексиз ҳурматимни изҳор этаман. Негадир ҳамма аёл ҳакамнинг бу вазифа уддасидан чиқолмаслигидан чўчимоқда. Йўқ, хавотир ортиқча. Ахир эркак ҳакамнинг тайинланишидан сўнг ҳам шубҳа бўлади-ку, барибир».

Яхши намуна

Украинада бир йилки,    премьер-лига ўйинларида Екатерина Монзуль ҳам ҳакамлик қилмоқда. Айтганча, у 2015 йил якунларига кўра, халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) томонидан энг яхши аёл ҳакам сифатида эътироф этилганди. «Аёл ҳакамнинг майдонда тартиб ўрнатиши қайсидир маънода осонроқ ҳам. Чунки эркаклар унинг олдида камроқ сўкинадилар, тубанликка бормайдилар»,-деганди Монзуль. Умуман, Украинада унинг иши юзасидан жиддий эътирозлар янграган эмас. Аксинча, ҳаттоки, Мирча Луческу ҳам Екатеринага хос профессионалликни юксак баҳолаганди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:43, 01.06.2017.
Ўқилди: 4527 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.