Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Зиданнинг Роналдуси

Баҳо:
+ | -

Зайниддин Зидан «Реал» бош мураббийлигига келгач жамоа етакчиси Криштиану Роналду билан боғлиқ сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Майдонда у марказий ҳимоячига айланган бўлса, майдонда ташқарида ўз жисмоний ҳолатини назорат қилишни ўрганди. Бу ўзгаришларга яқинроқдан назар ташлаб кўрамиз.

Криштиану Роналду ўйинида пасайиш борми? Албатта, мухлисларни узоқ вақт давомида ғайриоддий дриблинги ва 30 метрдан урилган голларига ўргатиб қўйган португалиялик футболчи бундай ёрқин ролдан воз кечгани аниқ. Бу мухлисларни бироз хафа қилиши табиий. Лекин бу унинг даври тугаяпти дегани эмас, аксинча… Зеро Зайниддин Зидан унга шундай ўзгариш йўлини кўрсатдики, бу орқали Роналдунинг самарадорлиги аввалгидек қолмоқда.

Марказий ҳужумчи

Ушбу мавсумда барча мусобақаларда 45 ўйинда 40 та гол урган португалиялик юлдуз бу борада ўз одатига содиқ қолмоқда. Лекин Роналду ҳали рақибларини бу мавсумдагидек кам алдамаган (1 ўйинда ўртача 0,9 дриблинг) ва кам зарба бермаган (1 ўйинга ўртача 5,6 зарба) эди. Бундай ноодатий статистикага унинг дарвозабонлар билан бирга-бир вазиятлари ва жарима амйдончаси ичидаги зарбалари кўпайишини ҳам қўшиш мумкин.

Бу ўзгаришларнинг барчаси «Реал» бошқарувига Зидан келгач содир бўлмоқда: айнан франциялик мутахассис қўли остида Карим Бенземага «алдамчи тўққизлик» вазифаси юклатилгач, Криштиану Роналдунинг ҳам жамоадаги роли ўзгарди. У францийалик жамоадоши ҳаракатлари натижасида очилган бўшлиқлардан фойдаланиб жарима майдончаси ичида кўпроқ пайдо бўлиб вазиятларни якунлай бошлади.

Роналду ушбу мавсумда жами 3 марта жарима майдончаси ташқарисидан гол урди, улардан фақат биттаси жарима зарбасидан («Атлетико»га қарши ўйинда). Бу борада ҳам у «Реал»га келганидан буён энг паст натижа кузатилган. Ронладунинг ушбу мавсумдаги голларининг аксарияти пеналти нуқтаси атрофидан берилган зарбалар натижасида киритилган – ўтган мавсумлардан унинг аксарият голлари жарима майдончасининг четроқ қисмларидан киритилар эди.

Зиданнинг ушбу мавсумда «Реал»ни кўпинча икки ҳужумчи билан ўйнатиши Роналдуга қанотдан узатилган тўпларни қабул қилиш ва пеналти нуқатаси атрофидан зарба йўллаш имконини берди. Ўз навбатида Роналду жарима майдончаси ичида хоҳ биринчи зарбаларда, хоҳ қайтган тўпларни тепишда бўлсин, ўта аниқлик билан ҳаракат қилди.

Жисмоний ҳолатнинг яхшироқ назорати

«Бу балки мен ўзимни жисмоний жиҳатдан энг яхши ҳис қилаётган давримдир. Аввалги мавсумларнинг охирида мен бироз чарчаган ҳолатда бўлардим, чунки жуда кўп ўйнардим. Бу сафар шу назорат туфайли вазият бироқ бошқача. Бу Зизу томонидан амалга оширилган жуда ақлли назорат», – деди Роналду Европа Чемпионлар Лигаси финали олдидан ташкиллаштирилган интервюда.

Бу португалиялик футболчининг мавсум давомида жамоани бошқариш борасида Зидан шаънига айтилган илк мақтови эмас. Аслида Роналду авваллари бу масалага ҳозиргидек ёндашмас эди. Кўпинча тўртинчи ҳакам таблода унинг майдонни тарк этишини англатувчи рақамни кўрсатгач, очиқчасига жаҳлини намойиш этарди. Бироқ энди 32 ёшда бўлган футболчи бу масалада ҳам ўзгарган.

Агар у Тоттидек узоқ ўйнашни истаса, ҳар мавсумда 50 тадан ўйин ўтказиш билан бунга эришиб бўлмайди. «Аввалги йиллардаги зўриқишлар туфайли у мавсум охирини юқори ҳолатда ўтказишимиз учун дам олиши кераклигини билади. Бу футболчилар билан гаплашилиши керак бўлган мавзу», – деган эди буни яхши тушунган Зидан. Ҳозир франциялик мутахассис меҳнатларининг самарасини фақат эътироф этиш мумкин.

Одатда мавсум охирида мушакларида зўриқиш пайдо бўлиб келган Роналду бу сафар «Реал» либосидаги энг яхши май ойларидан бирини ўтказди: у барча мусобақалардаги охирги 5 ўйинида саккизта гол урди. Ажойиб формага кирган Роналду энди бундан «Ювентус»га қарши бўлиб ўтадиган Европа Чемпионлар Лигаси финалида фойдаланиши керак.

Манба: muhokama.com
Киритилди: 11:26, 02.06.2017.
Ўқилди: 18328 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.