Бугун соат 20:00 да Таиланд терма жамоасига қарши ўйин бўлиб ўтади. Бу терма жамоамиз учун яқинда ўтказиладиган Эронга қарши жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги ўйин олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Шу боисдан бир қатор саволлар туғилади, хўш, терма жамоамиз мазкур ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилиши керакми ёки тактикаларни синовдан ўтказиши керакми? Бу ўйиндан кўзланган асосий мақсад нима?
Авваламбор таъкидлаш керакки, рақиб сифатида Таиланднинг танланиши бироз ҳафсаламизни пир қилди. Йўқ, рақибни камситмоқчи эмасмиз, шунчаки биз Эронга қарши ўйинга тайёргарлик кўриш учун рақиб танлашимиз керак эди. Рақибнинг даражаси эса Эронники билан тенг бўлиши керак эди камида. Майли, муҳими, шу ўртоқлик учрашуви ҳартугул бекор қилинмади ва бугун Таиландни синовдан ўтказамиз ёки синовдан ўтамиз.
Бу ўйиндан кўзланган мақсад терма жамоамизнинг айни дамда қандай жисмоний ҳолатда эканлигини аниқлаш. Демак, Самвел Бабаян учун бугун стадион тажриба майдончасига айланиши лозим. Футболчилар қандай қилиб бўлмасин гол уришга эмас, чиройли ҳаракат қилишга, кутилмаган тактикаларни ўйлаб топишга, совуққон ўйнашга, янги-янги услубларни кашф қилишга ҳаракат қилишлари лозим. Чунки бугунги ғалаба бизга ҳеч нарса бермайди агар у яна ўша эски услуб асосида қўлга киритилса. Эҳтимол, терма жамоалар рейтингига таъсир қилар, аммо бу рейтинг нисбий ва кераксиз тушунча эканлигини аллақачон англабетганмиз. Демак, Самвел Бабаян мазкур ўйинда Эронга қарши кутилмаган ва аниқ тактикаларни, ноодатий услубларни синаб кўриши керак.
Энг асосий масала эса, табиийки, маҳаллий футболчилар ва легионерларимиз ўртасидаги боғлиқни таъминлаш, уларнинг бир-бирини тушуниб олишларига замин яратиш. Бунинг учун фақат машғулотларнинг ўзиетарли бўлмайди, Таиландга қарши ўйин эса маҳаллий футболчиларимиз ва легионерларимизнинг ўзаро тил топишиб кетишларида муҳим омил бўлиши лозим, токи Эронга қарши матчда Темурхўжа Абдухолиқов ярим ҳимоячилар унга қачон ва қайси пайтда тўп узатишларини билиб олсин, ярим ҳимоячиларимиз эса ҳужумчиларимиз билан қандай ҳаракат қилишни олдиндан режалаштирсин ва ана шу режаларни Таиландга қарши ўйинда синаб кўрсин. Бизга бугунги ўйинда одатдагидек эски тактика асосида қўлга киритилган ғалаба керак эмас. Биз Таиландга қарши матчда мураббийлар штаби шу пайтгача қандай меҳнат қилганини, қандай ўзгаришлар қилганини кўришни истаймиз. Биз Таиландга қарши ўйинда футболчиларимиз мураббийлар штабидан қандай янгиликларни ўрганганини кўришни истаймиз. Биз Таиландга қарши ўйинда терма жамоамизнинг Эронга қарши ўйинга қанчалик тайёр ёки тайёр эмаслигини кўришни, ғалабадан умид қилсак бўладими, йўқми, деган саволга жавоб олишни хоҳлаймиз. Умид қиламизки, жавоб ижобий бўлади.