Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Санжар Турсунов: "Бабаян тўғри тактика танласа, термамиз ғалаба билан қайтади"

Баҳо:
+1 | -

Қатар юлдузлар лигасининг якунланган мавсумида ҳамюртимиз Санжар Турсунов тўп сураётган «Ҳарайтият» жамоаси 7-ўринни эгаллади. Шундан сўнг ушбу мамлакатда тўп сураётган легионерларимиз Тошкентга қайтиб келишди. Улар икки ойлик таътилни юртимизда ўтказишади. Фурсатдан фойдаланиб, биз Санжар Турсуновдан интервью олдик. Ярим ҳимоячини мамлакатимиздаги болалар футбол клубига мастер-класс, яъни маҳорат сабоқларини ўтаётган пайтда учратдик.

- Санжар, ёш футболчилар билан машғулот ўтказиш асносида ўзингизнинг болалик йилларингиз эсга тушгандир?

- Албатта. Беихтиёр тўп тепишни бошлаган илк давримни эсладим. У пайтлари бугунгидек чим ёки юмшоқ сунъий қопламали стадионлар бўлмаган. Футбол сир-асрорларини резина майдонда ўрганганмиз. Бу томондан ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан.

- Шароитлар ҳам бошқача...

- Ҳа, ер билан осмончалик фарқ бор. Ота-оналар фарзандлари учун барча шароитларни муҳайё қилиб беришган. Бундай шароитларда ўйнагандан кейин болалар албатта, кун келиб уларнинг орзусини рўёбга чиқаришлари шарт.

- Энди асосий саволларга ўтсак ҳам бўлади. Қатар чемпионатидан олган умумий таассуротлар қандай бўлди?

- Ҳаммаси яхши. Чунки биз клуб раҳбарияти томонидан жамоа олдига қўйилган вазифани бажардик. Мақсадимиз кучлилар сафидаги ўрнимизни сақлаб қолиш эди. Чемпионатнинг сўнгги тур учрашувларини кўтаринки кайфиятда ўтказиб, зиммамиздаги вазифани адо этдик. Турнир жадвали экваторидан жой эгаллаган ҳолда чемпионатни тугатдик ва яхши кайфиятда таътилга чиқдик.

- Сиз аввал ҳам Қатар юлдузлар лигасида ўйнагансиз. Агар таққослайдиган бўлсак, чемпионатда нима ўзгарган?

- Биринчи галда рақобат ошганлигини кўриш мумкин. Чемпионлик учун 4та жамоа кураш олиб борди. Мавсум якунланишига битта тур қолганда «Лаҳвия» ғолибликни қўлга киритди. Бунга бир томондан «Ал-Садд»нинг ўзи ҳам беихтиёр кўмаклашди: ўз майдонида дуранг ўйнади. Албатта, мана шундай кутилмаган натижаларнинг аввалги йилларга қараганда кўпроқ қайд этилгани ҳам чемпионатнинг қизиқарли ўтишини таъминлади. Ўйлашимча, Қатар чемпионатининг савияси йилдан-йилга ошиб боряпти.

- Тўғрику-я, лекин мавсум ўрталарига борганда чемпионлик учун асосан «Лаҳвия» ва «Ал-Садд»нинг кураш олиб бориши кўзга ташланди. Шундай ҳолат сақланиб қолса, бу кейинги мавсумларда Қатар чемпионати савиясига салбий таъсир ўтказмасмикан?

- Биринчи даврада «Ал-Жаиш» ва «Ал-Райян» клублари чемпионлик пойгасида «Лаҳвия» ҳамда «Ал-Садд»га кучли рақобатни юзага келтиришганди. Лекин иккинчи даврадан бошлаб бу икки жамоа ўйинида пасайиш кўзга ташланди. Мазкур клублар керагидан ортиқча очколарни бой беришди. Бунинг натижасида иккинчи давра ўрталарига келиб чемпионлик масаласи «Лаҳвия» ва «Ал-Садд» ўртасида ҳал бўлиши деярли ойдинлашиб қолди. Лекин юқорида айтганимдек, чемпионатда кутилмаган натижалар кўп кузатилди. Бу эса қолган жамоаларда ҳам ўсиш кўзга ташланаётганини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қатар чемпионатининг савияси тушмаяпти.

- Бироз кутилмаганда «Ал-Жаиш» ва «Лаҳвия» жамоалари бирлаштирилди. Ваҳоланки, бу икки клуб чемпионлик учун курашганди. Умуман, ушбу янгилик Қатар футбол жамоатчилиги томонидан қандай қабул қилинди?

- Очиғи, мазкур хабар кўпчиликни ҳайрон қолдирди, айримлар бунга ишонмади, умуман эътибор бермаганлар ҳам учради. Лекин бу маълумот якунда ҳақиқат бўлиб чиқди. Чемпионлик учун курашган иккита жамоанинг бирлаштирилиши - Қатар чемпионати учун катта йўқотиш. Савияга салбий таъсир қилиши мумкин. Аммо бошқа тарафдан қолган жамоаларда имконият пайдо бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин, бу янгиликнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томони бор.

- Қатарда чемпион ва кубок соҳибига футбол федерацияси томонидан мукофот пули ажратилганми? Бундан хабарингиз борми?

- Билишимча, чемпион жамоа ва Амир кубогини қўлга киритган клубга мукофот пули бор. Фақат унинг аниқ суммасини билмайман. Табиийки, бир неча миллион долларни ташкил қилади. Қўшимча тариқасида, мавсум якунларига кўра, Қатар юлдузлар лигасини 3та жамоа тарк этганини таъкидламоқчиман.

- «Ҳарайтият»да мавсум якунлари муҳокама қилиндими? Жамоанинг иштироки қандай баҳоланди?

- Ҳа, ушбу масала юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда клуб раҳбарлари иштирок этиб, якунига етган мавсумдан тўлалигича кўнгиллари тўлганлигини айтишди. Футболчилар ва мураббийлар штабига миннатдорчилик билдирилди. Янги мавсумда имкон қадар кўрсаткичимизни яхшилашимиз кераклиги айтилди.

- Шахсан ўзингиз «Ҳарайтият»нинг иштироки ҳақида нима дея оласиз? Имконият даражасида ўйнадингларми ёки натижа кутганинглардан яхшироқ бўлдими?

- Ўйлашимча, 7-ўрин жамоамиз учун яхши натижа. Мен келган пайтимда клуб аутсайдерлар қаторидан жой олганди. Иккинчи давра ўйинларини юқори кайфиятда ўтказиш асносида чемпионатни ўзимиз кутгандан ҳам юқорироқ ўринда тугатдик. Шу сабабли ҳам жамоам ва шахсан ўзим учун чемпионат яхши ўтди, деб ҳисоблаш мумкин. Келаси мавсум натижаларимизни янада яхшилашга интиламиз. Бунинг учун жамоада ички потенциал етарли.

- Бош мураббий жамоада қоладиган бўлдими?

- Ҳа, клуб раҳбарияти у билан шартномани узайтирди. Таътилдан қайтганимиздан сўнг шу мутахассис қўл остида янги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз.

- Клуб билан амалда яна бир йиллик шартномангиз бор эди. Бу имкониятдан фойдаланасизми? Айтмоқчиманки, янги мавсумда ҳам «Ҳарайтият» шарафини ҳимоя қиласизми?

- Ҳа, жамоада қолишим аниқ бўлди. Жамоа раҳбарлари ва мураббийлар мен кўрсатган ўйиндан тўлалигича қониқиш ҳосил қилишди.

- Жамоада ўзингизнинг севимли позициянгизда ўйнаяпсизми ёки вазият ёхуд мураббий талаби билан майдондаги вазифангиз ўзгариб турибдими?

- Асосан ўз позициямда ўйнаяпман. Мураббий ярим ҳимоя чизиғида эркин ҳаракат қилишим учун имконият берган. Албатта, футболчи мураббий уни қайси позицияда кўрса, ўша жойда ўйнаши керак, деб ўйлайман. Биз профессионалмиз ва табиийки, ҳар қандай ҳолатга тайёр турмоғимиз лозим.

- Таътил қанча муддатга берилди?

- Футболчиларга 10 июлгача дам берилди. Шу куни клуб ихтиёрига етиб боришимиз керак. Ҳозир тайёргарликнинг аниқ қаерда ўтказилиши номаълум. Катта эҳтимол билан Европа мамлакатларининг бирида ўқув-машғулот йиғини ташкил этилса керак. У ерда ўртоқлик учрашувлари ўтказиш имконияти кўпроқ бўлади. Қолаверса, иқлими ҳам Қатарга қараганда анча салқин. Мураббийлар янги мавсумга шу омиллардан келиб чиқиб тайёргарлик режасини тузишса керак.

- Таътилни қаерда ўтказишни режалаштиряпсиз?

- Имкон қадар оила аъзоларим, яқинларим даврасида қолмоқчиман. Ўзбекистон - жаннатмакон ўлка. Ўзимизда ҳам Европадан қолишмайдиган жойлар кўп.

- Мана бир неча кундан бери юртимиздасиз. Чемпионатимиз доирасидаги бирорта ўйинни стадиондан томоша қилдингизми?

- Тошкентга келганимга ҳали кўп вақт бўлмади. Маълум муддат Дубайда ҳордиқ чиқардим. Шу боис, ҳали чемпионатимиз ўйинларини бевосита стадиондан томоша қилиш имконияти юзага келмади. Телевизор орқали ва интернетдаги хабарларни ўқиб, тур ўйинларида қайд этилаётган натижалардан бохабар бўлиб боряпман.

- Умуман, чемпионатимиз ҳақида фикрингиз қандай?

- Бу борада тайинли фикр билдира олмайман, деб қўрқаман. Сабаби, тур ўйинларини кузатиб боришнинг имкони умуман йўқ. Қатарда Ўзбекистон чемпионати трансляция қилинмайди. Шу сабабли, фақат интернет тармоғи орқали ўйинларда қайд этилган натижаларни билиш билан чекланаман. Ҳа, турнир жадвалига қараб, кутилмаган натижалар кўп кузатилаётганини кўриш мумкин. Совринли ўринлар учун курашаётган жамоаларнинг кўпайгани яхши. Лекин бу кутилмаганлик мавсум охиригача сақланиб қоладими, деган саволга ҳозирча ҳеч ким жавоб бера олмайди.

- Сизни терма жамоада кўриш истагида эдик. Лекин... Шундай бўлсада, Эронда кечадиган ўйиндан нималар кутяпсиз? Теҳрондан ижобий натижа билан қайтишнинг иложи бормикан?

- Шахсан мен фақат ғалаба кутяпман. Бошқа натижа бизнинг фойдамизга ишламайди. Гуруҳда чигал вазият юзага келган. Очко йўқотишга асло ҳаққимиз йўқ. Ўз ўрнида эронликлар ҳам очко йўқотмаслик ҳақида ўйлашади. Улар бўлажак ўйинда ғалаба қозониб, муддатидан олдин ЖЧ-2018 финал босқич йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилишади. Боз устига, форслар ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнашади. «Озоди» стадионида юзага келадиган муҳитни алоҳида тасвирлаб бериш шарт эмас. Арена ўз бағрига 100 000 атрофида томошабинни сиғдира олади, саралаш баҳсларида деярли мухлислар билан тўляпти. Лекин бундан хавотирга тушмаслик керак. Ҳозирги таркибдан ўрин олган аксарият футболчиларимиз бундан аввалги саралаш босқичидаги учрашувда ҳам «Озоди»да ўйнашган. Нафақат ўйнашган, балки ғалаба билан қайтишган. Футболчиларимизнинг бу сафар ҳам мазкур вазифани шараф билан уддалашларидан умидвормиз. Статистикага эътибор қаратсак, эронликлар саралашда ҳали гол ўтказиб юбормаган ягона жамоа бўлиб туришибди. Бу уларнинг ҳимояда мустаҳкам ўйин намойиш этишларидан дарак бермоқда. Агар ўйинга тўғри тактика танлаб, футболчилар астойдил ҳаракат қилишса, Теҳрондан ғалаба билан қайтишади. Биз телевизор қаршисида футболчиларни ғойибона бўлсада қўллаб-қувватлаб турамиз.

- Санжар Турсунов қайси клубларга мухлислик қилади ва нима учун?

- Ҳеч бирига алоҳида ишқибозлик қилмайман. Шунчаки, чиройли футбол тарафдориман. Телевизорда шундай ўйинни кўриб қолсам, қайси жамоалар ўйнаётганига аҳамият бермаган ҳолда учрашувни томоша қиламан. Қайсидир бир клубнинг ўйинини кутадиган одатим йўқ.

- Кумир сифатида қарайдиган футболчингиз борми?

- Одил Аҳмедов менинг кумирим ҳисобланади. Ёшлигимдан шу футболчининг ўйинларига ҳавас билан қараганман. Буни ўзига ҳам бир неча бор айтганман (кулади).

- Қайси таомни хуш кўриб истеъмол қиласиз ва ўзингиз ҳам пазандамисиз?

- Тўғрисини айтсам, ҳамма ўзбек миллий таомларини яхши кўраман. Кўпам овқат танламайман. Бахтимга рафиқам пазанда. Оилам Қатарда мен билан бирга. Шу боис, егулик масаласида муаммога дуч келмайман. Уйимизда деярли ҳар куни миллий таомларимиз тайёрланади.

- Қатар терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги иштироки мамлакатда қандай қабул қилиняпти?

- Терма жамоанинг гуруҳдаги рақиблар билан таққослаганда кучсизроқ эканлиги ойдинлашиб қолди. Биз ҳар иккала ўйинда Қатарни мағлуб этдик. Қолган учрашувларда гуруҳдаги асосий рақибларимиздан очко тортиб олишса яхши бўларди (кулади). Табиийки, мамлакатда футбол мухлислари ва мутасаддилари жамоа иштирокини яхши қарши олишмади. Беш йилдан сўнг Қатар мундиалга мезбонлик қилади. Ушбу мамлакат термаси мусобақада тўғридан-тўғри иштирок этади. Мураббийлар олдига ўша чемпионатга жамоани кучли, рақобатбардош тарзда тайёрлаб бориш вазифаси қўйилган.

- Мураббийлик ҳақида ҳам ўйлай бошладингизми? Аксарият машҳур мураббийлар футболчилик фаолиятларидаёқ устозларининг ишини кузатиб, ён дафтарчаларига ёзиб юришади. Сизда ҳам шундай ҳолат кўзга ташланяптими?

- Мураббий бўламан ёки бўлмайман, дея олмайман. Чунки бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмадим. Ушбу масалага фаолиятим якунланиши арафасида тўхталсам тўғри бўлса керак. Асосийси, ўзим билган нарсаларни ёш футболчиларга ўргатарман. Билмадим, ҳозирча болалар мураббийи бўлишга мойиллик кўпроқдек кўриняпти.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 23:56, 11.06.2017.
Ўқилди: 8720 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.