МТРКнинг «Спорт» телеканали ЖЧ—2018 саралаш босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олган жамоалар иштирокидаги ўйинларни ҳам жонли намойиш қилади.
13 июнь, сешанба кунги телеканал дастурларидан Эрон — Ўзбекистон ўйини такрори ҳам жой олган. Ўзбекистон термаси қандай қилиб мағлуб бўлди деган саволга жавоб топишни истовчилар 13:10 дан бошлаб бериладиган трансляцияни кўриши мумкин.
16:55 дан бошлаб «Спорт» саралашнинг «B» гуруҳига юзланади ва Таиланд — БАА учрашувини жонли намойиш қилади. 6 июнь куни Тошкентда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган таиландлик футболчилар, янги бош мураббийга эга бўлган Амирлик термасига қарши ўйинда биринчи ғалабаси учун курашиб кўради.
18:40 дан бошлаб Сурия ҳамда Хитой термаларининг ўйинига ўтилади. Малайзиядаги учрашув ўзбекистонлик футбол мухлислари учун аҳамиятли. Боиси Сурия ҳам, Хитой ҳам плей-оффга йўлланма берувчи 3-ўрин учун кураш олиб бормоқда.
Ва ниҳоят 23:55 дан бошлаб Қатар — Жанубий Корея ўйини старт олади. Ўзбекистон Теҳронда мағлуб бўлгани инобатга олинса, бугун ўзбекистонликлар Қатарга мухлислик қилиши катта эҳтимол. Рамазон ойи, шунингдек, ёзнинг жазирама куни инобатга олиниб, учрашув анчагина кеч бошланади.